Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (140-дарс). Ислом инсондан чин инсон бўлишни талаб қилади

17:59 / 09.06.2021 3309 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا أَمَرَهُمْ أَمَرَهُمْ مِنَ الْأَعْمَالِ بِمَا يُطِيقُونَ قَالُوا: إِنَّا لَسْنَا كَهَيْئَتِكَ يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ اللهَ قَدْ غَفَرَ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ. فَيَغْضَبُ حَتَّى يُعْرَفَ الْغَضَبُ فِي وَجْهِهِ ثُمَّ يَقُولُ: إِنَّ أَتْقَاكُمْ وَأَعْلَمَكُمْ بِاللهِ أَنَا. رَوَاهُمَا الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди. Шунда у зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва:

«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар».

Икки ҳадисни Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ҳам Ислом дини осон дин эканлиги, унда одамларнинг тоқатидан ташқари таклифлар бўлмаслиги баён этилмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тоқатларидан ташқари амални қилишга амр қилмас эдилар. Саҳобаи киромлар кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқи билан ёнар эдилар. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни хоҳлаб турган даражаларидаги амалларга буюрмас эдилар. Саҳобаларнинг кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқлари устун келиб, баъзи хаёлларига келган гапни Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишга журъат қилардилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дейишди.

Яъни, сиз гуноҳи йўқ зотсиз, лекин шундай бўлса ҳам ибодатни кўп қиласиз, биз сизга ўхшаган гуноҳи кечирилган одамлардан эмасмиз, гуноҳларимиз кўп. Шунинг учун бизга изн беринг, кўпроқ ибодат қилайлик, демоқчи бўлдилар. Бундан саҳобаи киромларнинг тоат-ибодатни кўп қилишга рағбатлари кучли эканлиги кўриниб турибди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн бўлмаганлиги учун кўп ибодат қила олмай юрганлари ҳам билиниб турибди. Сиртдан қараганда, бу ҳар қанча мақтаса арзугулик рағбат. Пайғамбаримиз шундай қилдиларми? Йўқ! Ундай қилмадилар. Бундай пайтларда:

«У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта ҳалимликларини, Аллоҳ учун бўлмаса, ҳеч қачон ғазабланмасликларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғазабланишлари амр қилинган нарсага бўйсунмай, унга турли таклифлар киритиш яхши эмаслигидан дарак беради.

Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг кўпроқ ибодат қилиш рағбатидан ғазабландилар? Чунки улар Аллоҳ ва Унинг Расули амр қилган ишларни оз санаб, ўзларига зиёда қилмоқчи бўлдилар. Бу эса доимо хатога бошлайди. Аллоҳ таоло бандаларига нима муносиб эканлигини Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло бандаларига қанча миқдорда ибодат муносиб эканлигини ҳам яхши билади. Шунинг учун инсоннинг тоқатига яраша амалларга буюради. Агар инсон умрини бутунлай намоз ўқиб, рўза тутиб ёки шунга ўхшаган амалларни қилиб ўтказиши керак бўлганида, уни фаришталарга ўхшатиб емайдиган, ичмайдиган, уйланмайдиган қилиб яратар эди.

Шунингдек, еб-ичиб, жинсий шаҳват билан машғул бўлиб, ҳайвонлик даражасида юравериши керак бўлганида, унга ақл бермас, Пайғамбарлар юбормас, китоблар туширмас ва шариатлар жорий қилмас эди.

Аллоҳ таоло инсоннинг чин инсон бўлишини хоҳлайди. Унинг фаришта бўлишини ҳам, ҳайвон бўлишини ҳам хоҳламайди. Аллоҳ инсонга ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларидан берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсий шаҳватга эҳтиёжлар ҳайвонлик сифатларидир. Руҳонийлик, ақл, тоат, ибодатга лаёқат кабилар фаришталарнинг сифатларидир. Фаришталик сифатлари ҳайвонлик сифатларидан устун бўлиб, шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир. Ҳайвонлик сифатлари фаришталик сифатларидан устун бўлиб, еб-ичиш ва дунё ташвишидан бошқани билмаган инсон ҳайвондан ёмондир.

Ислом инсоннинг ҳайвонлик даражасига тушишига рози эмас. Шунингдек, унинг фаришталик даражасига кўтарилишига ҳам рози эмас. Ислом инсондан чин инсон бўлишни талаб қилади, холос. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амрини бажармаганлардан қанчалик ғазаблансалар, Аллоҳнинг амрига зиёда қилишни хоҳлаганлардан ҳам шунчалик ғазабланар эдилар. Ушбу ҳадисда зиёда ибодат қилишга изн сўраган саҳобаи киромлардан ғазабланишлари ҳам шундан. У зот уларга:

«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар.

Яъни, «Бирортангиз менчалик тақводор бўла олмайсиз, менчалик Аллоҳни таний олмайсиз. Нега энди мен қилмаган ибодатларни қилмоқчи бўласиз?!» дер эдилар.

Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида келган ибодатдан ортиқча ибодат қилиш нотўғри ҳисобланади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримизнинг ҳеч қачон, ҳеч кимни тоқатидан ташқари амалга буюрмаганликлари.

2. Бировни тоқатидан ташқари амалга буюриб бўлмаслиги.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдингию кейинги гуноҳлари Аллоҳ томонидан мағфират қилинганлиги. Албатта, гуноҳ сўзи у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам учун шартли равишда ишлатилади. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга ишлатиладиган гуноҳлардан маъсум, яъни, сақлангандирлар.

Уламоларимиз у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишлатиладиган «гуноҳ» сўзини «баъзи вақтларда баъзи амалларининг камоли ниҳоясига етмай қолиши», деб таъвил қиладилар.

4. Яхши амаллар кишининг даражасини кўтариши. Шунинг учун саҳобалар зиёда амал қилишга изн сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса зиёда амал даражани кўтармайди, демадилар, балки, шариатда кўрсатилганидан зиёда қилишга қарши бўлдилар.

5. Нафл ибодатларни ўртача ҳолда олиб боришнинг яхшилиги.

6. Маълум даражага эришган одам шу даража билан кифояланиб қолмай, яна нафл ибодатларда бардавом бўлиши лозимлиги.

7. Шариатга хилоф нарсани кўрганда ғазаб қилишнинг жоизлиги.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг тақводор шахс эканликлари.

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳни энг яхши билувчи шахс эканликлари.

10. Кези келганда ўз фазли тўғрисида бошқаларга хабар бериш жоизлиги.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Албатта, бугунги кунимизда зиёда ибодат қилишга иштиёқмандларнинг йўқлиги, бу ҳадисга эҳтиёж тушмайди, дегани эмас. Бу ҳадисни «Ислом – қийинчилик дини», деб иғво қилаётган душманларга қарши ишлатамиз. Исломнинг таклифлари қийинмикан, деб чўчиб турганларни Исломга тарғиб қилиш учун ишлатамиз. Баъзи бир ўзининг бузуқ табиатига берилиб, шариатда йўқ нарсаларни қилиб, ўзини овора қилиб, ўзгаларни Исломдан чўчитаётганларни йўлга солишда ишлатамиз. Бу ҳадисга эҳтиёжимиз жуда кўп.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур давоми...

6011 16:07 / 08.01.2020
Бу дунёда баданларининг таҳорат суви етган жойларидан таралиб турган ажойиб нур қиёматда уларнинг охират саодатига эришганликлари рамзи бўлар экан. Бу нур давоми...

3980 19:00 / 22.06.2022
.Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди,. Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат давоми...

4316 14:01 / 05.08.2020
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, давоми...

3918 13:30 / 20.01.2021