Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (23-дарс). Ҳадисларни яхши тушуниш учун зарур омиллар (давоми)

10:30 / 07.03.2019 5995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билишнинг зарурлиги. 

Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг юқори чўққисида бўлганлиги учун мазкур нарсалар ҳам керагича у зотнинг нутқларига кирган. Бу араб тилида мажоз дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутоҳҳараларига:

«Менинг ортимдан энг тез етадиганингиз – қўли узунингиз», деганлар. Яцни бу – қўли узунингиз мендан кейин биринчи вафот этиб, у дунёда менга энг тез қўшиладиганингиз, деганлари. Ушбу ҳадисдаги мажозни ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари – оналаримизнинг ўзлари ҳам тўғри тушунишмаган. Улар бу шарафга қай биримиз ноил бўлар эканмиз, деб, қўлларининг узунлигини ўлчаб кўрганлар. Сирни эса воқеълик кашф этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи бўлиб Зайнаб бинти Жаҳш онамиз вафот этганлар. У зот розияллоҳу анҳо ҳунарманд аёл бўлиб, қўл меҳнати билан топган маблағларидан тез-тез садақа қилар эдилар. Демак, ҳадисдаги қўлнинг узунлигидан мурод, садақани кўп қилиш экан.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Насаийлар Жоҳима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ёрдамга муҳтож онасини қўйиб, жиҳодга рухсат сўраб келган йигитга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен уни (онани) лозим тут, жаннат унинг қадами остидадир», деганлар.

Албатта, жаннат ўша йигитнинг онаси қадами остида эмас. Балки, гап онасининг қадамини ўпиб бўлса ҳам, хизматини қилиб, розилигини олган киши жаннатга сазовор бўлиши ҳақида кетмоқда.

Ҳадисларда мажознинг ишлатилишига яна бир мисол. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Билингларки, албатта, жаннат қиличлар сояси остидадир», деганлар. Бу тақводор бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан у дунёда тайёрлаб қўйилган жаннат қиличнинг соясига жойлашган, дегани эмас, албатта. Балки қилич кўтариб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган одам жаннатга киради, деганидир. Чунки ўша вақтларда қилич жиҳоднинг рамзи бўлган.

Асримиз уламоларидан бирлари ҳадисдаги мажозни тушунмаслик оқибатини англатиш учун қуйидаги ҳодисани келтирадилар: «Араб оламида кўзга кўринган замонавий қонуншунос «Саҳиҳи Бухорий» китобини сотиб олибди. Сўнг уни варақлаб, «Нилу Фурот, Сайҳун ва Жайҳун – ҳаммаси жаннат дарёларидандир», деган ҳадисни ўқибди. Ҳайрон бўлибди. Мазкур дарёларнинг оқиб чиқадиган жойи маълум. Ҳаммаси ҳам жаннат эмас, оддий ердан оқиб чиқади. Бухорийнинг китобида ҳам бўлмаган нарсалар ёзилаверар экан, деб, ундан юз ўгирибди.

Муҳтарам олимимиз бу ҳодисага тааллуқли қилиб, қуйидагиларни айтадилар: «Агар ўша қонуншунос бир оз тавозуъ қилганида, чуқурроқ фикрлаганида эди, Бухорийнинг шарҳларидан бирортасини ўқиб кўрар ёки бирор ҳақиқий олим кишидан сўрар эди. Ана шунда унга ҳадисдаги ҳақиқат ойдек равшан бўлар эди. Мен ушбу ҳадис маъноси ҳақида Ислом маданияти имомларидан бирининг шарҳини келтириш билангина кифояланмоқчиман. У киши Имом Ибн Ҳазмдирлар. Ибн Ҳазмни танлашимнинг сабаби, у киши машҳур зоҳирий фақиҳ, ҳадисларнинг сабаб ва муносабатларига қарамасдан, зоҳирини ҳарфма-ҳарф ушлайдиган олимдир. Шу билан бирга, у киши араб тилида мажоз ва ҳақиқат борлигини билувчи кишидир.

Ибн Ҳазм мазкур ҳадис тўғрисида қуйидагиларни ёзади: «Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нилу Фурот ва Сайҳуну Жайҳун – ҳаммаси жаннат дарёларидандир» ҳамда «Менинг уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ (равза) бор», деганлар. Бу икки ҳадис баъзи жоҳиллар гумон қилганидек, равза жаннатдан кесиб олинганини ёки мазкур дарёлар жаннатдан оқиб чиққанини билдирмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи шарифлари жаннатда бўлиши ўша ернинг фазлини англатади. Мазкур дарёлар эса баракали бўлганлиги учун жаннат дарёлари деб номланган».

7. Fойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш. 

Кўпгина ҳадиси шарифларда ғайб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, Лавҳул Маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғайб нарсаларга киради. Fайб ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғлиқдир. қиёмат қоим бўлиши, қайта тирилиш, Маҳшарга йиғилиш, қиёмат куни даҳшатлари, улкан шафоат, тарози, ҳисоб-китоб, Сирот кўприги, жаннат ва унинг неъматлари, дўзах ва унинг азоблари, одамларнинг улардаги даражалари ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғайбдандир.

Бу мавзуда собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда келган маъноларга ишониб, уларни тасдиқлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Ҳадислардаги бундай гапларни «Ақл бовар қилмайди, унга ишона олмайман», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳадиси шарифларда келган маънолар бир вақтлар одамларнинг ақлига сиғмаган бўлса, замон ўтиб, воқеъликда юз бериб, сиғди ҳам. Яна замон ўтиши билан бошқалари ҳам сиғиб келмоқда. Охиратда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, хоҳлаганини қила оладиган Зотдир. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда келган маънони инкор қилгандан кўра, бу маънони мен тушуна олмаяпман, деб ўкинган яхши. Шариатдаги, Қуръон ва ҳадисдаги баъзи ғайбий нарсаларни ўзларининг чегараланган ақл тарозиси билан ўлчашга ҳаракат қилганлар қадимдан залолатга юз тутиб келганлар. Мусулмон инсоннинг вазифаси динимизда келган ҳар бир буйруқни «эшитдик ва итоат қилдик», деб, ҳар бир ғайбий нарсани «иймон келтирдик ва тасдиқ қилдик», деб кутиб олишдир. Ана ўшанда ҳамма нарса дин талабига мувофиқ бўлади.

Ўйлаймизки, юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб, мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак. Биргина қоидани яхши ўзлаштириб олиш юзлаб ҳадисларни осон ва тез тушунишга сабаб бўлади. Агар бу мулоҳаза ва қоидаларни бир-икки ўқиганда ўзлаштириб олиш имкони бўлмаса, қайта-қайта ўқиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга .Эй Билол, қачон азон айтсанг, азонингни шошилмай, давоми...

705 19:00 / 06 ноябрь
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язийд ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робаъий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари давоми...

5506 13:30 / 08.05.2019
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар давоми...

2717 19:00 / 23.03.2023
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди гўзал шакл ва динда фақиҳ давоми...

3618 19:00 / 24.11.2021