Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (139-дарс). Ким Исломда ашаддий бўлишга уринса, ўзи мағлуб бўлади

18:30 / 02.06.2021 4895 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ الدِّينَ يُسْرٌ وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إِلَّا غَلَبَهُ فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأَبْشِرُوا واسْتَعِينُوا بِالْغَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيْءٍ مِنَ الدُّلْجَةِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб, ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башоратини беришга, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:

«Албатта, дин осондир», демоқдалар.

Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийиндир», деб сафсата сотувчилар зиддига қаттиқ раддиядир.

Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Ҳақиқий инсондек яшаш қасдида бўлган одам буни дарҳол тушуниб етади. Чунки, Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.

«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади».

Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб, шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундай одамлар бориб-бориб йўлдан чиқадилар. Йўлдан чиқиш турлича бўлиши мумкин. Баъзилар ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалар эса ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундай одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.

«Бас, тўғри амалда бўлинглар»

Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.

«Яқинлашиб юринглар»

Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.

«Яхшилик башоратини беринглар».

Яънидоимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхши гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.

«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».

Ушбу жумладаги «Ёрдам талаб қилинг» дейишдан мурод «Нафл ибодат қилинглар. Доимо ибодат билан машғул бўлсангиз, қийналиб кетасиз. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилсангиз, яхши бўлади», дейишдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ислом дини осонлик дини эканлиги.

2. Унда ашаддий бўлмаслик кераклиги.

3. Ким Исломда ашаддий бўлишга уринса, ўзи мағлуб бўлиши.

4. Шариат кўрсатмасига амал қилиш лозимлиги.

5. Шариат чегарасига яқинлашиб юриш.

6. Яхшилик башорати ила яшаш кераклиги.

7. Мазкур вақтларда ибодатнинг ғанимат бўлиши.

Ислом тўғрисида нотўғри тасаввур кўп. Бу тасаввурлар ичида энг кўп тарқалгани – Ислом шариатининг таклифларини оғир таклифлар деб васф қилиш, инсонни ортиқча таклифлар билан қийнаш, деб тушунишдир. Ислом душманлари бу фикрни тарқатдилар ва тарқатмоқдалар. Ўзларини мусулмон ҳисоблаб юрган дангасалар ҳам бу фикрга қўшиладилар. Аммо улар Исломни қийин дейиш Аллоҳнинг оятига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зид келишини ҳам билишлари керак. Аллоҳнинг оятига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зид гапни айтган кишининг кофир бўлишини ҳам билишлари керак. Мусулмон одам оят ва ҳадисда келган хабарни суриштирмасдан таслим бўлганлиги учун ҳам мусулмон номини олган. Агар оят ва ҳадисда келган нарсага ишонқирамаса, унга дарров таслим бўлиш ўрнига, сўраб-суриштирса, тескари гап айтса, мусулмонлиги қолмайди. Агар оят ва ҳадисда келган хабарни тушуна олмаса, «Менинг ақлим етмаяпти» десину, аммо тескари гап айтмасин, шак-шубҳа қилмасин.

Исломни қийин дин, дейдиганлардан «Исломнинг нимаси қийин?», деб сўраймиз. Бошқа динлар билан, динсизлик билан солиштириб кўринг, нимаси қийин? Ақийда бобида шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаб қўйсанг бўлди, сен мусулмонсан. Ҳеч қандай бошқа нарсанинг кераги йўқ. Алоҳида жойга бориб, алоҳида маросим ўтказиб, чўқинтириш маросимида қилинадиган ишларнинг кераги йўқ.

Ёки худосизлар фирқасига аъзо бўлиш учун низомномани ёдлаб, турли шахс ва идоралардан ўзининг ихлосли худосиз эканлигига қоғоз олиб, имтиҳондан ўтиб, саволларга жавоб бериб, етмай қолса, пора бериб, аввал номзод бўлиб, кейин аъзо бўлиш ҳам йўқ.

Исломнинг мусулмон жамияти аъзоларига юклаган таклифларида ҳам ҳеч қийинчилик йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳга ибодат бўлса ҳам, аслида мусулмоннинг ўз шахсига, оиласига, жамиятига ва бутун инсониятга фойда келтирадиган ишлардир.

Исломдаги ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида жой, алоҳида кийим, турли асбоб-ускуна ёки воситачининг кераги йўқ. Ҳар ким хоҳлаган жойида, хоҳлаган кийимида, хоҳлаганича ибодат қилаверади.

Исломда тавба қилмоқчи бўлган одам чин дилдан ўкиниб, тавба қилдим, деб айтиб, ўша гуноҳни қайта қилмай қўйса бўлди. Бошқа динларга ўхшаб, алоҳида маросимнинг, воситачининг, яъни тавба қабул қилувчининг ва бадал тўлаб, мағфират паттаси сотиб олишнинг кераги йўқ.

Хуллас, Исломда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Ислом инсондан бирор нарсани таклиф қилган бўлса, уни ҳайвонлик даражасидан чин инсонлик даражасига кўтариш учун таклиф қилган, холос. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас. Шунинг учун Ислом таклифларини оғир дейдиган, унга амал қилишни қийин дейдиганлар инсоннинг ҳайвонлик даражасида қолишини ёқтирувчилардир.

Ислом дини кишиларга оғирлик бўлишини, уларга тоқатларидан ташқари таклифлар юклатилишини хоҳламайди. Шунинг учун ўз ихтиёри билан қўшимча ибодатни кўп қилишга уринадиган одамларни ҳам бу ишдан қайтаради. Ушбу ўрганган ҳадисимиз бунинг ишончли мисолларидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдиларда, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки давоми...

2595 19:00 / 19.04.2023
Саксон бешинчи дарсимиздаги ҳадиси шарифни ўрганиш давомида кўпгина ҳикматлардан хабардор бўлдик. Жумладан, бир мавзу бўйича биргина ҳадиснинг зоҳирига, сиртига давоми...

5220 13:00 / 20.05.2020
. .Ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан давоми...

4139 13:01 / 16.09.2020
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

3694 05:00 / 06.03.2017