Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 жумадис сони | 2025 йил 18 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Имом намоздаги амални унутиб қўйса, уни эслатиб қўйиш кераклиги | Ҳадис дарслари (358-дарс)

19:00 / 17 декабрь 133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى لَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاةَ الْعَصْرِ فَسَلَّمَ فِي رَكْعَتَيْنِ، فَقَامَ ذُو الْيَدَيْنِ فَقَالَ: أَقُصِرَتِ الصَّلَاةُ يَا رَسُولَ اللهِ أَمْ نَسِيتَ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كُلُّ ذَلِكَ لَمْ يَكُنْ، فَقَالَ: قَدْ كَانَ بَعْضُ ذَلِكَ يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَقْبَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى النَّاسِ فَقَالَ: أَصَدَقَ ذُو الْيَدَيْنِ؟ فَقَالُوا: نَعَمْ يَا رَسُولَ اللهِ، فَأَتَمَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا بَقِيَ مِنَ الصَّلَاةِ، ثُمَّ سَجَدَ سَجْدَتَيْنِ وَهُوَ جَالِسٌ بَعْدَ التَّسْلِيمِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аср намозини ўқиб бердилар. Икки ракъатдан кейин салом бердилар. Бас, Зул Ядайни туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, намоз қисқардими ёки ёддан чиқардингизми?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳеч бири ҳам бўлгани йўқ», дедилар.

«Батаҳқиқ, ўшанинг баъзиси бўлди, эй Аллоҳнинг Расули», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзланиб:

«Зул Ядайни рост айтяптими?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг қолганини тамом қилдилар. Сўнгра саломдан кейин ўтирган ҳолларида икки марта сажда қилдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Зул Ядайни Ҳирбоқ исмли икки қўли узун саҳобий. Зотан «Зул Ядайни»нинг луғавий маъноси ҳам «икки қўлли» деганидир. У киши журъатли бўлганлари билан ҳам машҳур эдилар. Ушбу ҳадисда ҳам ҳамма ҳайрон бўлиб, бир нарса дея олмай турганида айнан шу киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гапиришга журъат этганлар.

Ҳанафий мазҳабида ушбу ҳадис саждаи саҳвни саломдан кейин қилишга энг асосий ҳужжат қилиб олинган. Чунки бу жуда ҳам машҳур ҳодисадир. Уни жамоатда намоз ўқиган кишиларнинг ҳаммалари кўрганлар, ривоят қилганлар ва ҳаммага бир зумда тарқаган. Бошқа ҳодисалар эса кўпинча бир киши иштироки ёки ривояти билан бўлган.

Уламолар яна мана шу ҳадисдан «Намоз тамом бўлди, деб гумон қилиб, салом бериб, туриб кетилса-ю, кейин тугамагани маълум бўлса, келган жойидан ўқиб кетилади», деган ҳукмни олганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг намозда гап бўлмаслиги тўғрисидаги ҳадисини далил қилиб, «Агар гап аралашса, намоз ботил бўлади, уни қайтадан ўқиш керак», дейдилар.

Ушбу ҳадисдан бошқа фойдалар ҳам олинади:

1. Имом ким бўлишидан қатъи назар, ундан унутиш содир бўлганда эслатиш кераклиги.

Баъзи бир амалдорлар намозда саҳвга йўл қўйса, унинг амалидан қўрқиб, эслатмаган қавмлар бўлган. Бу нотўғридир. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма Аллоҳнинг олдида тенг, ҳамма У зотнинг қули, намозда хато қилса, тузатиши керак.

2. Имом ўз хатосини эслатган одамдан аччиқланмаслиги лозимлиги.

3. Огоҳлантирувчининг гапи тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида қавмдан сўраш мумкинлиги.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ الْحُصَيْنِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَلَّمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي ثَلَاثِ رَكَعَاتٍ مِنَ الْعَصْرِ ثُمَّ قَامَ فَدَخَلَ الْحُجْرَةَ، فَقَامَ رَجُلٌ بَسِيطُ الْيَدَيْنِ فَقَالَ: أَقُصِرَتِ الصَّلَاةُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَخَرَجَ مُغْضَبًا فَصَلَّى الرَّكْعَةَ الَّتِي كَانَ تَرَكَ ثُمَّ سَلَّمَ ثُمَّ سَجَدَ سَجْدَتَيِ السَّهْوِ ثُمَّ سَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аср намозида уч ракъатдан кейин салом бердилар. Сўнгра туриб, ҳужрага кирдилар. Бас, қўли узун одам туриб:

«Намоз қисқа қисқартирилдими, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. Сўнг у зот аччиқланган ҳолда чиқиб, тарк қилган ракъатларни ўқидилар, сўнгра салом бердилар. Кейин икки саҳв саждасини қилдилар. Кейин яна салом бердилар».

Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Бу ҳодиса аввалги ҳадисдагидан бошқа ҳодисадир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳв бўлганини эслатишга журъат этган одам яна Зул Ядайни розияллоҳу анҳу бўлдилар.

Ушбу ривоятда саждаи саҳвдан олдин ҳам, кейин ҳам салом бериш зикр қилинмоқда. Бизда айнан шу ривоятга амал қилинади. Яъни, унутиш содир бўлганда намоз охирида икки томонга салом бергач, саждаи саҳв қилинади, ундан кейин яна салом берилади.

Имом саҳв қилса, саждаи саҳвдан олдинги саломни бир томонга қилади, холос. Шунда намозга кейин келиб қўшилган одам ҳам саждаи саҳв бўлишини англаб олади. Икки томонга салом берса, намозга кейин қўшилган одамнинг кейинги намозни давом эттириш учун ўрнидан туриб кетиши ҳоллари бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фуқаҳоларимиз Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳара, ижмоъ ва қиёс каби масдарлардан фойдаланиб, шаръий ҳукмлар чиқариш учун .Усулулфиқҳ, номли қонунқоидалар мажмуи давоми...

8288 16:02 / 10.11.2018
. . Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб, давоми...

3168 19:00 / 01.02.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан жорий садақадан, давоми...

4633 19:30 / 18.05.2022
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй Абу Зарр, шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ қилиб, қўшниларингдан ҳабар ол,, давоми...

8812 18:21 / 14.08.2017