Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 186-дарс. Ислом шариатига зид бўлган ишларни қилмаслик

19:00 / 08.06.2022 3725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Авф ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн ал-Ҳорисга:

«Билгин!» дедилар.

«Нимани билай, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Билгин, эй Билол!» дедилар.

«Нимани билай, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирса, унга ўша суннатга амал қилганларнинг ажрича ажр, амал қилувчиларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда берилишини. Ва ким Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмайдиган залолат – бидъатни янгитдан пайдо қилса, унга ўша бидъатга амал қилганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлишини, бу эса одамларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмаслигини», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда жуда ҳам муҳим масала муолажа қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейинги даврларда умматлари орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ижобий ва салбий ҳолатлар ҳақида хабар бериб, сиз билан бизларни ижобий ишларни қилиб, салбий ишлардан сақланишга даъват қилмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу билан қилган муомалалари устознинг ўз шогирдини бирор муҳим мавзуга қизиқтириши учун чиройли қўлланмадир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шогирдлари, саҳобаларидан бири бўлмиш Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳуга:

«Билгин!» дедилар.

«Нимани билай, эй Аллоҳнинг Расули?» деди Билол ибн ал-Ҳорис нималигини билишга ошиқиб.

«Билгин, эй Билол!» дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн ал-Ҳорис билан бирга бўлган кишиларнинг бу мавзуга қизиқишларини яна ҳам орттириш мақсадида. Жуда ҳам муҳим бир масалада гап бўлишини англаб етган Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу яна қайтадан:

«Нимани билай, эй Аллоҳнинг Расули?» деди.

Ана шундагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асосий мақсадга кўчдилар ва марҳамат қилдилар:

«Ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирса…»

Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин у зотнинг суннатлари вақти-вақти билан амалдан қолиши ва қайта тирилиши мумкинлигини билиб оламиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари ўзига хос мўъжиза эканлигига бугун шоҳид бўлиб турибмиз. Мусулмонман, деб юрганлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчадан-қанча суннатларига амал қилмай қўйдилар ва Набавий суннатнинг ўлишига сабаб бўлдилар. Энди эса мусулмонлар олдида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ўлдирилган суннатларини тирилтириш вазифаси турибди. Бу ишни қиладиган кишига улкан савоб ваъда қилинмоқда:

«Унга ўша суннатга амал қилганларнинг ажрича ажр, амал қилувчиларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда берилишини» Билол ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳу билан бирга ҳар бир мусулмон билиши ва мазкур олий даражага эришиш учун ҳаракат қилиши таъкидланмоқда. Шу билан бирга, яна бир улкан ҳақийқатни:

«Ким Аллоҳни ва Унинг расулини рози қилмайдиган залолат – бидъатни янгитдан пайдо қилса, унга ўша бидъатга амал қилганлар гуноҳларича гуноҳ бўлишини, бу эса одамларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмаслигини» билмоғимиз лозим. Бунинг учун эса доимо Қуръони Карим ва Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилиш керак. Зинҳор Ислом шариатига зид бўлган ишларни қилмаслик лозим. Кимки шариат ҳукмига хилоф иш қилиб, залолатга кетишга сабаб бўладиган бидъатни пайдо қилса, гуноҳкор бўлиш билан бирга, ўша залолат – бидъатга амал қилганларнинг ҳаммасининг гуноҳига ҳам мубтало бўлади. Бидъат-залолатнинг пайдо бўлишига сабабчи кимсанинг унга амал қилганларнинг барчасининг гуноҳларича гуноҳга мубтало бўлиши «амал қилганларга гуноҳ бўлмас экан-да», деган фикрга олиб бормаслиги керак. Уларга ҳам қилмишларига яраша гуноҳ ёзилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалдан қолган суннатларини қайта тирилтиришга тарғиб.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалдан қолган суннатларини қайта тирилтирган одамга унга амал қилганларнинг савобларича савоб доимий ёзилиб туриши.

3. Амалдан қолган суннатга амал қилган одам амалига яраша савоб олавериши.

4. Кимки залолат-бидъатга сабаб бўлса, улкан гуноҳга мубтало бўлиши.

5. Залолат-бидъатга амал қилганлар ҳам гуноҳга қолишлари.

6. Залолат-бидъатга амал қилганларнинг гуноҳларича гуноҳ уни бошлаган одамга ёзилиб туриши.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳикматига бугунги кунимиз воқелиги нуқтаи назаридан қараб чиқайлик. Биз икки дунё саодатига эришайлик, десак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амал қилмай қўйилган суннатларини қайта тирилтиришга зудлик билан ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг учун эса ўз дийнимиз – Исломни яхши ўрганишимиз, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида унинг ҳукми қандай эканлигини билиб, ўша ҳукмга амал қилишга ўтишимиз лозим.

Ушбу маълумотларни ўқишимиз ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтириш йўлида бир қадамдир. Чунки бунда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида келган суннатларни ўрганмоқдамиз. Ушбу ўқиган нарсаларимизга амал қилиб бораверсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тирилтириб борган бўламиз. Суннатга амал қилиш ҳар бир мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган одам улкан савобларга эга бўлади ва икки дунёнинг бахту саодатига эришади. Ўша суннатнинг тирилишига сабаб бўлганлар эса унга амал қилганларнинг барчаси эришган савобларга эга бўладилар.

Биз ҳақиқий мусулмон бўлиб, икки дунё саодатига эришайлик десак, залолат-бидъат, яъни, Исломга хилоф ишларнинг яқинига мутлақо йўламайлик! Бидъат ишларни пайдо қилишдан қўрқайлик! Динимиз ҳукмларини пухта, чуқур ўргансак, залолат-бидъатлар ўз-ўзидан ажраб, кўзга кўриниб қолади. Ана ўшалардан тезроқ халос бўлишга уринайлик. Ислом ҳукмини қўйиб, залолат-бидъатга амал қилган одамлар жуда катта гуноҳга қоладилар. Мазкур залолат-бидъат ишларнинг пайдо бўлишига сабабчи кишиларга эса уларга амал қилган одамларнинг гуноҳларича гуноҳ ёзилади.

Юқорида зикр қилинган нарсаларга бир оз қўшимча қилиб ўтишни ўз бурчимиз, деб биламиз. Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилинган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳайён ибн Абдуллоҳ алБағдодий ҳадис ва фиқҳ олими ва Ҳанбалий мазҳабининг асосчисидирлар. Насаблари давоми...

6299 13:30 / 22.05.2019
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, давоми...

1342 19:00 / 24 апрель
Бу дунёда баданларининг таҳорат суви етган жойларидан таралиб турган ажойиб нур қиёматда уларнинг охират саодатига эришганликлари рамзи бўлар экан. Бу нур давоми...

3981 19:00 / 22.06.2022
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳни Робб, Исломни дийн, Муҳаммадни Расул деб рози бўлса, давоми...

5467 14:05 / 09.10.2019