Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ رَجُلٍ مِنْ جُهَيْنَةَ أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الصُّبْحِ إِذَا زُلْزِلَتِ الْأَرْضُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ كِلْتَيْهِمَا فَلَا أَدْرِي أَنَسِيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمْ قَرَأَ ذَلِكَ عَمْدًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Жуҳайналик бир кишидан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдод намозида «Иза зулзилатил арзу» сурасини икки ракъатда ҳам ўқиганларини эшитган экан.
«Билмадим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унутдиларми ёки қасддан қироат қилдиларми», дейди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Жуҳайна арабларнинг машҳур қабилаларидан. Саҳобийнинг исми маълум бўлмаса ҳам, ҳадиси қабул қилинаверади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳаммалари одилдирлар.
Ушбу ривоятдан бир сурани икки ракъатда қайта-қайта зам қилиш жоизлиги келиб чиқади. Чунки ножоиз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилмас эдилар, қилсалар ҳам Аллоҳ таоло тўғрилар эди.
رَأَى حُذَيْفَةُ رَجُلًا لَا يُتِمُّ الرُّكُوعَ وَالسُّجُودَ فَقَالَ: مَا صَلَّيْتَ وَلَوْ مُتَّ مُتَّ عَلَى غَيْرِ الْفِطْرَةِ الَّتِي فَطَرَ اللهُ مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَيْهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
«Ҳузайфа рукуъ ва саждани батамом қилмаган бир кишини кўриб:
«Намоз ўқимадинг! Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ қилган табиатдан бошқа табиатда ўласан!» деди».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарсани эшитиб, билмасалар, гапирмайдилар. У киши рукуъни ва саждани тўлиқ қилмай, бошқа ривоятда айтилишича, худди қарға ерни чўқигандек қилиб намоз ўқиган одамни кўриб, унга танбеҳ бердилар: «Бу ўқиган намозинг намоз эмас. Агар доим шундай қилиб намоз ўқиб юрган бўлсанг, ишинг чатоқ. Мободо ўладиган бўлсанг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларидан бошқа миллатда ўласан», дегандек гап қилдилар. Бу «кофир ҳолингда ўласан» маъносини бошқа лафзлар билан айтиш эди.
Ушбу ривоятни далил қилиб, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Имом Абу Юсуфлар «Рукуъ ва саждада хотиржам бўлиш фарздир», деганлар.
Имом Абу Юсуф «Рукуъ ва саждадаги хотиржам туришнинг фарзлиги бир марта «Субҳана роббиял азийм» ёки «Субҳана робиял аъла»ни шошилмай айтгунча», деганлар.
Афсуски, ҳаётимизда кўпчилигимиз ривоятда айтилган киши каби рукуъ ва саждани яхши қилмай, қарға ерни чўқигандек, шошилиб намоз ўқиймиз. Бундай пайтда илмли кишилар Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳуга ўхшаб, намозларини чала ўқиётганларга танбеҳ бериб туришлари керак.
عَنْ أَبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ t أَنَّهُ قَالَ لِنَفَرٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ r: أَنَا أَحْفَظُكُمْ لِصَلَاةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَيْتُهُ إِذَا كَبَّرَ جَعَلَ يَدَيْهِ حِذَاءَ مَنْكِبَيْهِ، وَإِذَا رَكَعَ أَمْكَنَ يَدَيْهِ مِنْ رُكْبَتَيْهِ ثُمَّ هَصَرَ ظَهْرَهُ، فَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ اسْتَوَى حَتَّى يَعُودَ كُلُّ فَقَارٍ مَكَانَهُ، فَإِذَا سَجَدَ وَضَعَ يَدَيْهِ غَيْرَ مُفْتَرِشٍ وَلَا قَابِضِهِمَا، وَاسْتَقْبَلَ بِأَطْرَافِ أَصَابِعِ رِجْلَيْهِ، فَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَتَيْنِ جَلَسَ عَلَى رِجْلِهِ الْيُسْرَى وَنَصَبَ الْيُمْنَى، وَإِذَا جَلَسَ فِي الرَّكْعَةِ الْآخِرَةِ قَدَّمَ رِجْلَهُ الْيُسْرَى وَنَصَبَ الْأُخْرَى وَقَعَدَ عَلَى مَقْعَدَتِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِماً.
Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир тўпига:
«Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман. Мен у зотни кўрдимки, қачон такбир айтсалар, икки қўлларини икки елкалари баробар кўтарар эдилар. Рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар. Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар. Бас, (рукудан) бошларини кўтарсалар, ғоз туриб, токи умуртқа суякларининг ҳар бири ўз жойига тушгунча тўғрилар эдилар. Бас, сажда қилсалар, икки қўлларини ерга теккизмас ҳам ва (ёнларига) йиғиштириб ҳам олмас эдилар. Ҳамда оёқ бармоқлари учини қиблага қаратар эдилар. Икки ракъатдан кейин ўтирсалар, чап оёқлари устига ўтириб, ўнг оёқларини тик қилар эдилар. Охирги ракъатда ўтирсалар, чап оёқларини олдинга қилиб, бошқасини тик қилиб, мақъадларига ўтирар эдилар», деди».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абу Ҳумайд Соъидий куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг исмлари Мунзир ибн Саъд ибн Моликдир. Бу зот Мадина аҳлидан эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар.
Бу кишидан Жобир ибн Абдуллоҳ, Урва ибн Зубайр, Аббос ибн Саҳл, Муҳаммад ибн Амр ибн Ато, Хожа ибн Зайд ибн Собитлар ривоят қилганлар. Ҳумайд Соъидий Муовиянинг халифалик даврида вафот этдилар.
Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳу бу ҳадисни бир тўп саҳобалар билан гаплашиб ўтириб, айтганлар. Бошқа ривоятда зикр қилинишича, ўша тўп ўн кишидан иборат бўлган экан. Бу ўн кишининг ичида Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳудан ташқари, Абу Қатода, ал-Ҳорис ибн Робъий, Саҳл ибн Саъд, Абу Усайд Соъидий, Муҳаммад ибн Маслама, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлар ҳам бўлганлар.
Ўшанда Абу Ҳумайд Соъидий розияллоҳу анҳу:
«Мен ичингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини энг яхши ёдлаб қолганингизман», дебдилар.
Шунда саҳобалар:
«Қандай қилиб?! Сен ичимизда у зотга кўп эргашганимиз ҳам эмассан, суҳбатинг қадимимиз ҳам эмассан», дейишибди.
Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳу:
«Мен атайлаб кузатиб туриб, ёдлаб олганман», дебдилар.
«Қани, кўрсат-чи?!» дейишибди.
Ана ўшанда Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳу қиблага юзланиб, кўрсатиб берган эканлар.
«Мен у зотни кўрдимки, қачон такбир айтсалар, икки қўлларини икки елкалари баробар кўтарар эдилар».
Яъни, намозни бошлаб, такбири эҳромни айтсалар, икки қўлларини елкалари баробар кўтарар эдилар. Панжаларининг учи қулоққа тенглашиши ва бошқа тафсилотларни олдин ўргандик.
Аёл кишилар эса панжалари учини елкаларидан оширмасликлари маълум.
«Рукуъ қилсалар, икки тиззаларини икки қўллари билан яхшилаб ушлар эдилар».
Яъни маҳкам қисиб, тизза кўзлари билан кафтларини тўлдириб ушлар эдилар.
«Сўнгра белларини тўғри тутар эдилар».
Яъни рукуъда белларини тўппа-тўғри қилар эдилар. Уламолар «Идишда сув қўйса, турадиган ҳолатда бўлиши керак», дейишади. Бош тўғри тутилади. Пастга эгиб ҳам, юқорига кўтариб ҳам юборилмайди.
«Бас, (рукуъдан) бошларини кўтарсалар, ғоз туриб, токи умуртқа суякларининг ҳар бири ўз жойига тушгунча тўғрилар эдилар».
Баъзи кишиларга ўхшаб, бошини бир оз кўтариб, ўша заҳоти тиззани саждага кетадиган томонга туширишни хушламас эдилар.
Демак, рукуъдан турганда қоматни ростмана тўғрилаш керак экан.
«Бас, сажда қилсалар, икки қўлларини ерга теккизмас ҳам ва (ёнларига) йиғиштириб ҳам олмас эдилар».
Қўллари, деганда билаклари кўзда тутилади. Сажда қилган одамнинг билаклари ерга ҳам, биқинига ҳам тегмаслиги лозим. Балки кўтарилиб туриши керак. Шунингдек, қорни икки сонига тегмаслиги лозим.
«Ҳамда оёқ бармоқлари учини қиблага қаратар эдилар».
Саждада турган одам оёқларининг учини ерга қўйиб, оёқ панжаларини букиб, қиблага қаратиб туриши лозим. Чунки ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай қилганлари ривоят қилинмоқда.
«Икки ракъатдан кейин ўтирсалар, чап оёқлари устига ўтириб, ўнг оёқларини тик қилар эдилар».
Ўтиришнинг бу ҳолати ҳаммага маълум. Афсуски, баъзиларимиз бунга амал қилмаймиз.
«Охирги ракъатда ўтирсалар, чап оёқларини олдинга қилиб, бошқасини тик қилиб мақъадларига ўтирар эдилар».
Бу ўтиришни Шофеъий мазҳаби олган. Улар «Биринчи ўтириш билан иккинчи ўтириш орасида фарқ бўлиши керак. Кеч қолиб келган одам имомнинг ўтиришидан қаерга келганини билиб олади», дейдилар.
Бошқа мазҳаблар эса «Икки ўтириш ҳам биринчи бор васф қилинган ўтиришга ўхшайди, бу гап фақат шу ривоятдагина келган. Бошқа кўплаб саҳобалар ривоят қилган ҳадисларда бу гап йўқ», дейдилар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.