Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (67-дарс). Раъйим ила ижтиҳод қиламан ва бўшашмайман

16:07 / 08.01.2020 5822 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ يَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ صِدْقًا مِنْ قَلْبِهِ إِلَّا حَرَّمَهُ اللهُ عَلَى النَّارِ، قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَفَلَا أُخْبِرُ بِهِ النَّاسَ فَيَسْتَبْشِرُوا قَالَ: إِذًا يَتَّكِلُوا. وَأَخْبَرَ بِهَا مُعَاذٌ عِنْدَ مَوْتِهِ تَأَثُّمًا.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб чин қалбдан шаҳодат келтирган бўлса, албатта, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади», дедилар. У:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», деди.

«Ундай бўлса, суяниб қолурлар», дедилар.

Муоз ўлимидан олдин гуноҳдан қўрқиб, бу хабарни берган».

Бу ҳадиси шариф Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Аввал у кишининг ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқайлик:

Муоз ибн Жабал ибн Амр Ансорий Хазражий, кунялари Абу Абдурраҳмон. Ўн икки ёшларида Исломни қабул қилган. Иккинчи «Ақаба» байъатида иштирок этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жамики жангларда бирга бўлган. У зот улуғ табиатли, мулойим, чиройли хулқли саҳобалардан эдилар.

Бу зот ҳаммаси бўлиб 157та ҳадис ривоят қилганлар. У зотдан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абу Саълаба, Абу Қатода каби саҳоба ва тобеъийнлар ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

«Умматимнинг ичида ҳалол-ҳаромни ажратувчиси Муоздир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна:

«Қиёмат кунида Муоз ибн Жабал уламоларнинг имомидир», деб айтдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Хотинлар Муоз ибн Жабал сингари фарзанд туғишдан ожиздирлар. Агар Муоз бўлмаса, Умар ҳалок бўлибди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга, дин таълимотларини ўргатиш учун юбораётганларида:

«Эй Муоз, нима билан ҳукм чиқарасан?» деб сўрадилар.

Шунда Муоз розияллоҳу анҳу:

«Аллоҳнинг Китоби билан», деб жавоб бердилар.

«Агар Аллоҳнинг Китобидан тополмасанг-чи?» дедилар.

«Аллоҳнинг Расулининг суннатлари билан», деди.

«Ундан ҳам тополмасанг-чи?» дедилар.

«Раъйим ила ижтиҳод қиламан ва бўшашмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари хурсандликка тўлган ҳолда:

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Аллоҳ Расулининг элчисини Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага йўллади», дедилар.

Муҳожирлардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабалнинг тутинган исломий биродари эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни тўрт кишидан олинглар», деб айтдилар. Шуларнинг бири Муоз ибн Жабалдир.

Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида Фаластин яқинидаги «Амовас» деган жойга вабо касали тарқалди. Мана шу вабо сабабли Муознинг икки хотинлари, ўғли Абдурраҳмон вафот этди. Муоз ибн Жабал ҳам ушбу хасталик сабабли ҳижратнинг 18-йили 38 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар.

Мазкур ҳадиси шариф ҳам ўзидан олдинги ҳадиси шарифга ўхшайди. Қўшимча маънолар эса ҳадиснинг охирида келган. Ҳадисни ривоят қилувчи саҳобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу тавҳид эгаларига бўлган буюк ваъдани эшитганларидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг хабарини одамларга айтайми, хурсанд бўлсинлар», дедилар.

Шу гапнинг ўзи бу масаланинг нақадар нозик эканлигини кўрсатиб турибди. Чунки бошқа масалаларда саҳобалар «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраганлари маълум эмас. Аксинча, саҳобалар ҳар бир эшитган нарсаларини бошқа одамларга етказишни бурч деб билганлар. Муоз ибн Жабал бу хабарни одамларга етказсалар, бирор тушунмовчилик бўлишидан хавфсираб, шундай саволни берганлар. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга берган жавобларидан ҳам фаҳмлаб оламиз.

«Ундай бўлса, суяниб қолурлар», дедилар».

Яъни, агар одамларга айтсанг, бу гапга суяниб, амал қилмай қолурлар, демоқчилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида ҳам одамлар бу гапни нотўғри тушуниб, амал қилмай қўйишлари мумкин, деган фикр бўлган. Шунинг учун саҳобага бу гапни одамларга айтишга рухсат бермаганлар. Афсуски, кейинчалик ушбу хавфсиралган нарса юзага чиқди, одамлар ичида бу гапни нотўғри талқин қилиб, Ислом дийни рукнларига амал қилмайдиганлар тоифаси пайдо бўлди. Бу масалани нотўғри тушуниш «Дўзахда абадий қолмайди» деган тушунчани «Дўзахга тушмайди» деган тушунчага алмаштириб олиш билан юзага келди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат давоми...

4307 19:00 / 13.04.2022
Гўзал хулқ ҳақида 15тавсия Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ давоми...

4883 17:04 / 08.01.2017
. .Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сиздан бирортангиз мен унга отаонасидан, боласидан ва давоми...

4924 16:10 / 08.08.2019
Ибн Баттол .Саҳиҳи Бухорий,нинг .Илм, китобини шарҳлар экан, имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан1 шундай нақл қилади .Аллоҳ қалбимга солиб, имом Молик ибн Анаснинг давоми...

5378 14:54 / 22.09.2017