Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Олий тўпламнинг ҳолини Аллоҳдан бошқа зот билмаслиги | Ҳадис дарслари (274-дарс)

19:00 / 21 март 1399 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ

Аллоҳ таоло:

«Намозларни, (айниқса) ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳ учун итоаткор ҳолда қоим бўлинг», деган (Бақара сураси, 238-оят).

Шарҳ: Намозни муҳофаза қилиш – уни маҳкам ушлашни, доим ўз вақтида адо этишни билдиради. «Ўрта намоз» ҳақида турли фикрлар бор. Уларни, иншааллоҳ, келажакда ўрганамиз. Кўпчилик уламолар «Ўрта намоз — Аср намози», деганлар.

Намоз Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида:

«Аллоҳ учун итоаткор ҳолда қоим бўлинг», дейилмоқда.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَانِي رَبِّي فِي أَحْسَنِ صُورَةٍ فَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، قُلْتُ: لَبَّيْكَ رَبِّي وَسَعْدَيْكَ، قَالَ: فِيمَ يَخْتَصِمُ الْمَلَأُ الْأَعْلَى؟ قُلْتُ: رَبِّي لَا أَدْرِي، فَوَضَعَ يَدَهُ بَيْنَ كَتِفَيَّ فَوَجَدْتُ بَرْدَهَا بَيْنَ ثَدْيَيَّ، فَعَلِمْتُ مَا بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ، قَالَ: يَا مُحَمَّدُ، قُلْتُ: لَبَّيْكَ رَبِّ وَسَعْدَيْكَ، قَالَ: فِيمَ يَخْتَصِمُ الْمَلَأُ الْأَعْلَى؟ قُلْتُ: فِي الدَّرَجَاتِ وَالْكَفَّارَاتِ، وَفِي نَقْلِ الْأَقْدَامِ إِلَى الْجَمَاعَاتِ، وَإِسْبَاغِ الْوُضُوءِ فِي الْمَكْرُوهَاتِ، وَانْتِظَارِ الصَّلَاةِ بَعْدَ الصَّلَاةِ، وَمَنْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ عَاشَ بِخَيْرٍ وَمَاتَ بِخَيْرٍ، وَكَانَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди ва:

«Эй Муҳаммад», деди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.

«Эй Роббим, билмадим», дедим.

У Зот қўлини икки кифтим орасига қўйди. Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим. Бас, машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим. У Зот:

«Эй Муҳаммад!» деди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.

«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидагидек (пок) бўлиши ҳақида», дедим», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло орасида бўлиб ўтган баъзи бир муомала ва суҳбатларга тўхталмоқдалар.

Аввало баъзи истилоҳлар билан танишиб чиқайлик:

«Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди».

Бу тажаллининг қай васфда бўлганини Аллоҳ ва Унинг Расули биладилар, холос. Баъзи уламолар «Тушда кечган», дейишса, бошқалари «Ўнгда бўлган», дейишади. Энг яхшиси, лафзини ўрганиб, кайфиятини Аллоҳнинг илмига ҳавола қилганимиз маъқул.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка».

Арабларда бир чақириққа «жон-жон» деб жавоб берилганда ана шу сийға ишлатилади. Луғавий маъноси: «Эй Роббим! Сенга лаббай устига лаббай дейман, хизматингга тайёрлик устига тайёрлик эълон қиламан», деганидир.

«Олий тўплам» деб таржима қилган сўзимиз араб тилида «ал-малаъул аъло» дейилиб, Аллоҳга муқарраб фаришталар тўпламини англатади.

«У Зот қўлини икки кифтим орасига қўйди».

Бу араб тилидаги мажоз қоидасига биноан айтилган жумла, холос. Аслида Аллоҳ таолога жисм нисбатини бериб бўлмайди. Бу ерда Аллоҳ таолонинг раҳмати, розилиги ва хурсандлиги зоҳир бўлгани мажоз услуби билан ифода этилмоқда. Чунки одатда катта одам ўзидан кичикка раҳм-шафқат қилса, бирор яхши нарса бермоқчи ва ўргатмоқчи бўлса ёки ундан хурсанд бўлса, қўлини елкасига қўяди.

«Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим».

Бундан, Аллоҳнинг раҳм-шафқати ва марҳамати ила кўксим илм-маърифатга, сиру асрорлар билимига тўлди, хотиржам бўлдим, деганлари тушунилади.

«Бас, машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, осмону ердаги барча нарсаларни билдим», дейилган.

«Даражотлар», яъни бандалар қандай қилиб юқори даражотларга эришишлари мумкинлиги тўғрисида;

«Каффоротлар», яъни бандаларнинг гуноҳларига қандай амаллар каффорот бўлиши, уларнинг ювилиши ҳақида;

«Қадамларни жамоатлар томон босиш», яъни жамоат намозига қадам босиб боришнинг савоби улуғлиги ҳақида тортишмоқдалар.

Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимизда маънолар Аллоҳ таолодан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз лафзларида келаётган эди. Аммо бу ҳадиси шариф Аллоҳ таоло билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталаридаги суҳбат шаклида келиб, у маънога ҳам, намознинг фазлига ҳам алоҳида бир тус ва куч бағишламоқда.

Аллоҳ таоло бизнинг тасаввуримиздан юқори бир шаклда Ўзининг маҳбуб Пайғамбари – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилди ва:

«Эй Муҳаммад», деб нидо этди.

Ўта хурсанд бўлиб кетган Ҳабиби Роббил оламийн: «Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедилар.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарига. Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар бир нарсани пухта билувчи Зотдир. У олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини Пайғамбаримиз билмасликларини ҳам билади. Лекин бу савол ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ўзларининг ҳолини билдириб, ҳамма нарса Ўзининг лутфи, марҳамати ила бўлишини яна бир бор намоён этмоқда.

«Эй Роббим, билмадим», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом олий тўпламнинг гапларидан бехабар эканликларини эътироф қилиб.

Шунда Роббил Оламийн Ўзининг маҳбуб бандаси, суюкли Пайғамбари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзига хос услуб ила Ўз сир-асрорларидан файзу футуҳ ато этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудлари, хусусан, қалблари тамоман бошқача бўлиб, бу файзу футуҳни тўла ҳис этдилар. У зот ўзларида бирдан улкан ўзгариш юз берганини, мағрибу машриқдаги, осмонлару ердаги барча нарсаларнинг, жумладан, олий тўпламдаги нарсаларнинг ҳам билими ҳосил бўлганини сездилар.

«Эй Муҳаммад!» деди Аллоҳ таоло ҳолат ўзгарганидан кейин яна янгидан хитоб этиб.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», деб жавоб бердилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жону диллари ила.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди Аллоҳ таоло улар нима ҳақида тортишаётганларини жуда яхши билиб турса ҳам.  Энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ берган файзу футуҳ ила улар нима ҳақида тортишаётганларини жуда яхши билиш даражасига эришган эдилар. Шунинг учун ҳам олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини батафсил баён қилишга киришдилар:

«Даражотлар, каффоротлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидагидек (пок) бўлиши ҳақида», дедилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилиб туриши.

Асосан, Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом орқали алоқа қилганлиги маълум ва машҳур. Шунингдек, илҳом бериб туриши ҳам, меърожда бевосита сўзлашув бўлгани ҳам маълум. Бу ерда эса ўзига хос, қандайлиги фақат Аллоҳ таоло ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум бўлган тажалли ҳақида сўз бормоқда.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурида олий мақомга эга эканликлари.

3. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турса ҳам, бандаларга хос баъзи манфаатлар учун савол бериши.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузурида олий тўплам — муқарраб фаришталар тўплами борлиги.

5. Олий тўпламнинг ҳолини Аллоҳдан бошқа зот билмаслиги.

6. Аллоҳ хоҳласа, бандасини бир зумда файзу футуҳ ила машриқу мағрибдаги нарсаларни биладиган қилиб қўйиши.

7. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга файзу футуҳ ила мағрибу машриқдаги, осмонлару ердаги нарсаларнинг илмини ато қилганлиги.

8. Аллоҳнинг файзу футуҳи ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олий тўплам нима ҳақида гаплашаётганларини биладиган бўлганлари.

9. Олий тўплам бандаларнинг даражотларини юқори қиладиган ва гуноҳларига каффорот бўладиган нарсалар ҳақида тортишганлари.

10. Жамоат намози ўқиш учун босилган қадамлар банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

11. Таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш банда даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

12. Намоздан сўнг кейинги намозга интизор бўлиш, банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

13. Намозларини муҳофаза қилиш банданинг бу дунёда яхшилик ила яшаб, яхшилик ила ўлишига, гуноҳларидан онаси туққан кундагидек пок бўлишига ва даражаларининг кўтарилишига сабаб бўлиши.

Демак, нафақат ердаги тўпламда, балки осмондаги олий тўпламда ҳам намознинг фазилати ҳақида сўз борар экан.

Бу дунёда яхши яшашни хоҳласак, намозларимизни қолдирмай, арконларини жойига келтириб, хушуъ ва хузуъ билан адо этиб, муҳофаза қилайлик.

Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам даражотларимиз юқори бўлиши учун шундай қилмоғимиз лозим.

Масжидларга қатнаб, жамоат намози ўқиш учун қадамларимизни кўпайтирайлик. Таҳоратимизни доимо мукаммал қилайлик. Бир намозни ўқиб бўлиб, иккинчисини интизорлик билан кутайлик.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Сўнгра ана шу мислича алақа зулуксимон қон бўлади,. 87дарсимизда зикр қилинган муддат мислича қирқ кун алақа ҳолида туради. .Алақа, эски китобларимизда .лахта давоми...

4619 13:00 / 03.06.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат ила туғилади. Бас, отаонаси уни давоми...

5570 13:00 / 06.05.2020
. . . Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У кишига Абу Саъийд алХудрий розияллоҳу давоми...

574 19:00 / 09 октябрь
Нафс офатлари 24тавсияАбу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта .Уч кишига Аллоҳ қиёмат куни гапирмайди, назар давоми...

7936 05:00 / 28.02.2017