Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (116-дарс). Ширк бут ёки санамга чўқинишдан иборат эмас (биринчи мақола)

13:00 / 23.12.2020 4233 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ وَحَوْلَهُ عِصَابَةٌ مِنْ أَصْحَابِهِ: بَايِعُونِي عَلَى أَنْ لَا تُشْرِكُوا بِاللهِ شَيْئًا، وَلَا تَسْرِقُوا، وَلَا تَزْنُوا، وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ، وَلَا تَأْتُوا بِبُهْتَانٍ تَفْتَرُونَهُ بَيْنَ أَيْدِيكُمْ وَأَرْجُلِكُمْ، وَلَا تَعْصُوا فِي مَعْرُوفٍ، فَمَنْ وَفَى مِنْكُمْ فَأَجْرُهُ عَلَى اللهِ، وَمَنْ أَصَابَ مِنْ ذَلِكَ شَيْئًا فَعُوقِبَ فِي الدُّنْيَا فَهُوَ كَفَّارَةٌ لَهُ، وَمَنْ أَصَابَ مِنْ ذَلِكَ شَيْئًا ثُمَّ سَتَرَهُ اللهُ فَهُوَ إِلَى اللهِ إِنْ شَاءَ عَفَا عَنْهُ وَإِنْ شَاءَ عَاقَبَهُ. فَبَايَعْنَاهُ عَلَى ذَلِكَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида саҳобаларидан бир жамоа турганида:

«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслиги­нгиз, ўғрилик қилмаслигингиз, зино қилмаслигингиз, болаларингизни ўлдирмаслигингиз, қўл ва оёқларингиз орасидан тўқилган бўҳтон келтирмаслигингиз ва маъруф ишда осий бўлмасликларингиз ҳақида менга байъат қилинг. Бас, сиздан ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйиб, дунёда уқубатини олган бўлса, бу унинг учун каффоротдир. Ким ўшалардан баъзи нарсани қилиб қўйсаю, сўнгра Аллоҳ уни сатр қилган бўлса, у Аллоҳга ҳавола. Хоҳласа, уни афв қилади, хоҳласа, жазолайди», дедилар. Бас, биз у зотга ана шу ҳақида байъат қилдик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадисни Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. У киши билан танишмиз.

Ушбу ҳадис байъат ҳақидаги энг машҳур ҳадислардан биридир. Чунки ҳадиснинг ровийси байъат тарихининг биринчи кунидан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олган барча байъатларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлган улуғ саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудирлар.

Ҳижратдан олдинги ҳар йилги ҳаж мавсумида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажга келган қабилаларга ўзларини таништириб, уларни Исломга чақирар эдилар. Бир мавсумда у зот алайҳиссалом Минодаги тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясриб (Мадина)дан келган Хазраж қабиласига мансуб кишиларни учратиб қолиб:

«Ўтирсангиз, сизга гапим бор эди», дедилар. Улар:

«Хўп», деб ўтиришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни Аллоҳга даъват қилдилар, Исломни арз қилиб, Қуръон тиловат қилиб бердилар. Улар янги пайғамбар чиқиши, унинг сифатлари ва чиқиш вақти яқинлашиб қолгани ҳақида яҳудийлардан эшитган эдилар. Бир-бирларига:

«Бу, ўша пайғамбар-ку, яҳудийлар биздан ўзиб кетмасинлар», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириқларини қабул қилиб, Исломга кирдилар.

Улар юртларига қайтиб бориб, Ислом хабарини ҳамма томонга тарқатдилар. Келаси йили ўн икки киши келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан «Ақаба»да учрашдилар.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофидаги жамоа ўшалар эди. Ўша ўн икки кишининг бирлари, ҳадиснинг ровийси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан ушбу ҳадисда зикр этилган байъатни олдилар. Устоз сўрашган эди, Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни устоз қилиб, қўшиб бердилар. Янаги мавсумгача Ясрибдаги ҳар бир уйга Ислом кириб борди, келаси йилда етмиш уч эркак, икки аёл келиб, мусулмон бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан кечаси яширинча учрашганлар. Улар кўпчилик бўлганлари туфайли байъат учун ичларидан «нақиб»лар сайлашни топширганлар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўша сайланган нақиблардан бири эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга енгилу оғир пайтда қулоқ осиб, итоат қилишга, амри маъруф, наҳйи мункар қилиш, доимо ҳақ гапни айтиш, Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаслик, агар Ясрибга (Мадинага) келсалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нусрат бериш, у зотни ўзларини, аёлларини ва болаларини ҳимоя қилган нарсадан ҳимоя қилиш ҳақида байъат қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу ишларнинг мукофоти жаннат бўлишининг хабарини бердилар. Ушбу байъат «иккинчи Ақаба байъати» деб номланади.

Мазкур байъатдаги нусрат бериш ваъдаси – аҳди учун мадиналик мусулмонлар «Ансорий» (нусрат, яъни ёрдам берувчилар) номини олганлар.

Кейинроқ Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожира аёллардан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида байъат олганлар. Бу ҳақда Қуръони Каримда оятлар ҳам бор. Ушбу байъат «аёллар байъати» деб номланади.

Ҳудайбияда эса аввал зикр қилганимиздек, дарахт тагидаги байъат розилик байъати бўлди. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу бу байъатда ҳам иштирок этдилар.

Биз ўрганаётган ушбу ҳадиси шарифда «биринчи Ақаба байъати» ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиснинг аввалида унинг қандай ҳолда бўлганини аниқ васф қилиш мақсадида ровий:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида бир жамоа саҳобалари турганида», демоқда.

Аввал зикр қилинганидек, бу жамоа ўн икки кишидан иборат бўлиб, уларнинг ичида Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ҳодиса Минодаги Ақабада – шайтонга тош отиладиган жойда бўлиб ўтган.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлиб, у зотнинг раҳбарликлари остидаги Ислом жамоасида яшашга қарор қилган мазкур кишиларга, аввало, нималарга аҳд беришлари лозимлигини баён қилиб бердилар. Бу нарсалар қуйидагилардан иборат эди:

1. «Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингиз...»

Яъни, Аллоҳнинг ваҳдониятига иймон келтириш ҳақида аҳд беринг. Иймоннинг асли, Исломнинг асоси шудир. Шунинг учун ҳам у ҳамма нарсадан олдин зикр қилинди. Тавҳид бўлмаса, бошқа бирор нарсанинг бўлиши мумкин эмас. «Ҳеч нарсани» деганлари умумийликни ифода қилади. Баъзи бир одамлар ўйлаганидек ширк фақат бут ёки санамга чўқинишдан иборат эмас. Ширкнинг турлари жуда кўп. Хулоса қилиб айтганда, банда Аллоҳнинг ибодати қолиб, бошқанинг ибодатини, Аллоҳнинг айтгани қолиб, бошқанинг айтганини қилганда Аллоҳга ширк келтирган бўлади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1812 19:00 / 15 февраль
Садақанинг фазли 6тавсия Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Эй Каъб ибн Ужра Ҳаром мол билан давоми...

4608 17:00 / 08.04.2016
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар давоми...

3332 17:00 / 21.07.2021
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3353 18:30 / 09.03.2022