Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Бомдод намозидаги қироат | Ҳадис дарслари (328-дарс)

19:00 / 14.05.2025 2143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي بَرْزَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْرَأُ فِي صَلَاةِ الْغَدَاةِ مِنَ السِّتِّينَ إِلَى الْمِائَةِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида олтмиш (оят)дан юзтагача қироат қилар эдилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу миқдор Имом Табаронийнинг ривоятида Ал-Ҳааққо сурасича, деб кўрсатилган экан.

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقْرَأُ فِي الْفَجْرِ بِق وَالْقُرْآنِ الْمَجِيدِ، وَكَانَتْ صَلَاتُهُ بَعْدُ تَخْفِيفًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида «Қоф вал Қуръанил Мажийд»ни қироат қилар эдилар. Бундан кейинги намозлари енгил бўлар эди».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳодисада оятнинг сони эмас, Бомдодда қироат қилинган муайян сура – Қоф сурасининг номи зикр қилинмоқда. Шу билан бирга, бошқа намозларнинг енгил бўлиши ҳам айтилмоқда. Буни айниқса имомлар яхши эслаб қолишлари лозим.

عَنْ عَمْرِو بْنِ حُرَيْثٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَأَنِّي أَسْمَعُ صَوْتَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي صَلَاةِ الْغَدَاةِ فَلَا أُقْسِمُ بِالْخُنَّسِ الْجَوَارِ الْكُنَّسِ، وَاللَّيْلِ إِذَا عَسْعَسَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ.

Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен худди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдод намозида «Фала уқсиму билхуннаси, ал-жаварил куннаси, вал лайли иза асъаса» деб ўқиётган овозларини эшитиб тургандекман».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдод намозида «Изаш-шамсу куввирот» сурасини қироат қилганларини эшитган эканлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳадисларни, намоздаги қироат ҳақида келган бошқа ҳадисларни ҳам ўрганиб чиққандан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларида қироатни ҳолатга қараб қилганликлари билинади. Лекин Бомдод намозида бошқа намозлардан фарқли ўлароқ, узоқ тиловат қилганлари аниқ. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирги кунда мусулмонлар бу нарсани яхши ўзлаштирганлар.

وَلِلتِّرْمِذِيِّ وَالْحَاكِمِ: قَرَأَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الصُّبْحِ بِالْوَاقِعَةِ.

Термизий ва Ҳокимнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодда «Воқеъа»ни қироат қилдилар», дейилган.

Шарҳ: Демак, Бомдодда ушбу сура ва шу ҳажмдаги бошқа сураларни қироат қилса бўлар экан.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ السَّائِبِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى لَنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الصُّبْحَ بِمَكَّةَ فَاسْتَفْتَحَ سُورَةَ الْمُؤْمِنِينَ حَتَّى جَاءَ ذِكْرُ مُوسَى وَهَارُونَ أَوْ ذِكْرُ عِيسَى أَخَذَتْهُ سَعْلَةٌ فَرَكَعَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Абдуллоҳ ибн Сааиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Маккада Бомдодни ўқиб бердилар. Мўминун сурасини бошлаб, Мусо ва Ҳоруннинг ёки Ийсонинг зикрига келганларида у зотни йўтал тутиб қолди ва рукуъ қилдилар».

Шарҳ: Демак, қироатга халақит берадиган ҳолат юз берганда рукуъга кетиш жоиз экан.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳофизулкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

6494 13:40 / 29.05.2019
. . Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят давоми...

5145 17:00 / 12.01.2022
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Донни ёрган ва жонни халқ қилган Зот билан қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мени фақат мўмингина яхши давоми...

7775 19:35 / 22.08.2019
Намозда уни адо қилиш учун шариатда кўрсатилган кайфиятга хилоф нарса содир бўлса, у бузилади ёки бошқача қилиб айтганда, ботил бўлади. Бу вақтда намозни қайта давоми...

2849 19:00 / 25.09.2024