Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (164-дарс) Олим ва обиднинг фарқи

19:00 / 15.12.2021 4380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: ذُكِرَ لِرَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم رَجُلَانِ أَحَدُهُمَا عَابِدٌ وَالْآخَرُ عَالِمٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ. ثُمَّ قَالَ صلى الله عليه وسلم: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرَضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига Саловот айтадилар», дедилар».

Шарҳ: Саҳобаи киромлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши – олим ва обид зикр қилинди ва уларнинг қайси бири афзал эканлиги ҳақида сўралди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар.

Саҳобалик – катта бахт, ҳатто энг кичик саҳоба бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топиш ҳам чексиз саодатдир. Шунингдек, обид бўлиш ҳам яхши нарса. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимлик даражаси жуда ҳам устундир. Олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарққа ўхшайди.

Бу фарқни тўла тасаввур этиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини англаб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Аллоҳ пайғамбарларининг энг афзалидирлар. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар бўлиб, уларнинг ичида катта саҳобалар, катта саҳобалар ичида эса тўрт халифа энг афзалдирлар. Уларнинг ҳаммаларининг фазллари тўпланса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди мана шу қиёсни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобий ўртасида қилиб кўрайлик. Орадаги фарқ қандай бўлишини шундан билиб олаверсак бўлади.

Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ шунчалик бўлса, энди олим билан оддий одам ўртасидаги фарқ қанча бўлишини билиб олаверинг.

Шунинг учун ҳам шундай фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши диний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Диний илмларни эгаллаган мусулмон олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги аввал ўрганган ҳадисларимизнинг бирида айтиб ўтилган эди. Энди эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар, диний илмлар олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари баён қилинмоқда. Бунда эса диний илмларни ўрганишга катта тарғиб бор. Чунки ҳар бир жамиятгина эмас, балки бутун инсоният исломий илмларни яхши билган олимларга жуда ҳам муҳтож. Аллоҳнинг каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, шариатимиз таълимотларини кишиларга етказишда ана ўша олимлар зарурдирлар. Инсониятга Ислом ҳидоятини таништириш, мусулмонларга шариат аҳкомларини баён қилиш, ҳалолни ҳаромдан, гуноҳни савобдан, яхшини ёмондан ажратиш йўлларини кўрсатиш учун мусулмон уламолар керакдир.

Шунинг учун ҳам уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари, умматимизнинг гултожлари деб қаралади. Уларни чексиз ҳурмат қилинади. Исломда ҳақиқий диний илмлар уламолари қанча тақдирланишларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари давомидаги сўзларидан ҳам билиб олсак бўлади:

«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар».

Салавот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлгани У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини ифода қилади.

Салавот осмонлар аҳли, яъни фаришталар томонидан бўлиши эса уларнинг бандага истиғфор айтишини ифода қилади.

Салавот айтиш ер аҳли, яъни одамлар томонидан бўлиши эса уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар мусулмон уламолардир. Чунки Ислом нуқтаи назарида яхшилик Ислом шариати яхши деб айтган нарсалардир. У нарсалар нима эканлигини уламолар биладилар ва одамларга ўргатадилар. Уламолар ўз дарслари, ваъз-насиҳатлари, илмий суҳбатлари билан, ёзган китоблари ва ҳозирги замонда матбуот ва ахборот воситалари орқали тарқатган мақолалари билан одамларга Аллоҳнинг динини – айни яхшиликни ўргатадилар. Ана шундай ишни ихлос билан, Аллоҳнинг розилиги учунгина адо этадиган ҳақиқий уламоларга:

1. Аввало Аллоҳ таоло салавот айтади, яъни уларга раҳмат назари билан қарайди.

2. Сўнгра осмонларнинг аҳли, яъни фаришталар ва яна осмонда бўлиши мумкин зотлар салавот – истиғфор айтадилар.

3. Ернинг аҳллари, яъни одамлар ва жинлар ҳам ўша уламоларни одамларга яхшиликни ўргатганлари учун дуо қилиб турадилар.

4. Ердаги бошқа жонзотлар ҳам, ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга саловот айтиб турадилар.

Бу нарсалар ҳақиқий мухлис уламолар Исломда қандай тақдирланишларини яна бир бор намоён қилмоқда.

Кези келганда эслатиб ўтиш жоиз бўлган бир нарса бор. Ҳамма яхшиликлар суиистеъмол қилинганидек, уламолик шарафи ҳам баъзи кишилар томонидан суиистеъмол қилинади. Баъзи одамлар мусулмонлар томонидан уламоларга кўрсатиладиган эҳтиромни кўзлаб, ўзларини уламо қилиб кўрсатиб юрадилар. Аслида эса улар ҳақийқий уламо бўлмайдилар, баъзилари билганларига амал ҳам қилмайди. Албатта, бундай кишилар мазкур мадҳ ва ваъдалардан мустаснодирлар. Дунё учун, риё учун, шуҳрат учун ўзини олим қилиб кўрсатган, илмига амал қилмаган кишиларнинг ҳоли қандай бўлиши бошқа ҳадисларда баён қилинган.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Олим билан обиднинг орасидаги фарқни ва шунга ўхшаш нарсаларни сўраш мумкинлиги.

2. Олимнинг обиддан фазли худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кичик саҳобийдан кўра афзалликларига ўхшаши.

3. Одамларга яхшилик ўргатувчига Аллоҳ таолонинг раҳмат назари билан қараши.

4. Осмонлардаги зотларнинг уламолар ҳаққига истиғфор айтиб туришлари.

5. Ердаги зотларнинг уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари.

6. Ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари.

Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиш учун олим бўлишга уриниш, олимнинг обиддан фазли қанчалар кўп эканлигини тушуниш керак. Олимлар эса ўз исмларига яраша ихлос билан Аллоҳнинг йўлида кишиларга яхшиликни ўргатишлари зарур. Мусулмонлар эса ҳақиқий олимга Аллоҳ тарафидан, осмонлар аҳли тарафидан, ер аҳли тарафидан, ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам салавот айтишидан ибратланиб, уламоларнинг ҳақларига дуо қилишлари, уларни иззат-икром этишлари лозим. Мусулмонман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, деган киши у зотнинг ҳадисларига амал қилиши керак. Пайғамбаримизнинг ҳадислари эса уламоларни ҳурмат қилишни буюрмоқда. Бу нарса бир вақтнинг ўзида уламоларни беҳурмат қилмаслик лозим, деган маънони ҳам англатади. Ислом динида ҳақиқий уламоларни беҳурмат қилиш – одамларга яхшилик ўргатувчини, пайғамбарлар меросхўрларини, Аллоҳнинг раҳмат назарига сазовор кишиларни, осмондаги ва ердаги зотлар – барчасининг салавотига сазовор зотларни беҳурмат қилиш бўлади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида «Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламаса ва уламоларимизни эҳтиром қилмаса, биздан эмасдир», деганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз араб тилида .солат, деб аталиб, луғатда .яхшиликка дуо, деган маънони англатади. Шариатда эса такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган, зарур давоми...

2045 19:00 / 03 январь
1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларни, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги лозим.2. Ўз юртидаги давоми...

5527 21:10 / 20.03.2019
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

5949 09:26 / 06.09.2017
Намозда алангламаслик ҳақида 21тавсия Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Болам, намозда у ёқбу ёққа аланглашдан давоми...

4648 17:04 / 08.01.2017