Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (105-дарс). Мусулмон одамни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслик

13:14 / 30.09.2020 4116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: ثَلَاثٌ مِنْ أَصْلِ الْإِيمَانِ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَلَا نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلَا نُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَلٍ... وَالْإِيمَانُ بِالْأَقْدَارِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса иймоннинг аслидандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз. Ва қадарларга иймон келтириш», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Муаллиф бу ҳадисни унда қадарларга иймон келтириш иймоннинг асли бўлмиш уч нарсадан бири эканлигининг зикри борлиги учун ушбу бобда келтирмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларини ўзига хос мўъжиза десак, муболаға қилмаган бўламиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда иймоннинг аслидан учтасини алоҳида таъкидламоқдалар. Уларнинг энг муҳим нарса эканлигини уқдирмоқдалар.

Нима учун бошқаси эмас, айнан ушбу уч нарса олинган? Чунки, келажакда айнан ушбу масалаларда иймоннинг асли, пойдевори дарз кетиши мумкинлигини Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган бўлса керак.

Дарҳақиқат, кейинчалик шундай бўлди ҳам! Келинг, ҳаммасини ҳадиси шариф тартиби ила ўрганиб чиқайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса иймоннинг аслидандир», демоқдалар.

Бундай услуб масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг адади, аҳамияти айтилиб, кейин улар бирин-кетин васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар бўлиб, иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса муҳимларнинг энг муҳимидир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ», деган кимсага тегмаслик».

Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундан аввалроқ ўтган ҳадислари шарҳида батафсил ўрганиб чиқдик. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!

«Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».

Яъни, «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.

«Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».

Яъни, тавҳид калимасини айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида шу!

Аммо кейинчалик бўлиб ўтган ҳодисаларга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун бу масалага алоҳида эътибор бериб, уни иймоннинг аслидан, деб атаётганларини тўлиқроқ тушуниб оламиз. Кейинроқ айни шу Пайғамбаримиз «Қилмаймиз» деб айтган нарсани қиладиганлар чиқди. Баъзи фирқалар мўмин кишини қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқаришга киришдилар. Мусулмон одамни қилган ёмон амали сабабидан Исломдан чиқаришни авж олдирдилар. Бу ишга биринчи бўлиб журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади», «Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади», дедилар.

Бора-бора «Хавориж»ларнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг будай ашаддий ёндашувлари қирғин-барот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақийда бобида кераксиз ихтилофлар авж олди.

Кейинчалик «Хавориж»ларга мутлақо қарама-қарши «Муржиъа» мазҳаби пайдо бўлди. «Муржиъа»лар мусулмонлар орасидаги фирқалар ичида таассубнинг кучайиши оқибатида, «Хавориж»ларга зид ўлароқ «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтса бўлди, бошқа амал қилмаса ҳам бўлаверади», дейишди. Натижада ақийда пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламоларининг жасоратлари ва улкан меҳнатлари эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.

Кейинги пайтларда ҳам ҳар даврнинг ўз «Хавориж»лари чиқиб турибди. «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га мансуб кишилар ичида тавҳид аҳлини, аҳли қиблани кофирга чиқарувчилар бизнинг асримизда ҳам оз эмас.

Замонамиз «Хавориж»лари ҳам қадимги мазҳабдошларидан ўрнак олиб, уларга суяниб иш кўрадилар. Буларнинг ҳам ўтмишдаги маслакдошлари каби мусулмонлардан бошқалар билан асло ишлари йўқ.

Замонамиз «Хавориж»лари ҳам иложи борича кўпроқ мусулмонни кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган куч йўқлигини таъкидлайдилар. Ана шу нарсаларни мулоҳаза қилар эканмиз, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун ушбу ҳадисда «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмасликни иймоннинг учдан бири деб атаганларини янада кенгроқ тушуниб етамиз.

«Ва қадарларга иймон келтириш», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун қазои қадарга бўлган иймонни учта аслдан бири деб эълон қилганларининг сабабини ушбу бобда, юқорида келган ҳадисларни ўрганиш давомида билиб олдик. Буни бобнинг қолган ҳадисларини ўрганиш давомида яна ҳам яхшироқ билиб оламиз. Шунинг учун бу ерда узоқ тўхталиб ўтирмаймиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган одамга тегмаслик.

2. Мусулмон одамни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслик.

3. Мусулмон одамни қилган баъзи амаллари туфайли Ислом миллатидан чиқармаслик.

4. Қазои қадарга иймон келтириш.

5. Ҳадисда зикр қилинган масалалар иймоннинг аслидан эканлиги.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Бас, унга уч мартауч мартадан кўрсатдилар. давоми...

2157 19:00 / 12.04.2023
. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз бавл қилса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, давоми...

2290 19:00 / 15.02.2023
Аллоҳ Кифлни мағфират қилдиАбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар.Бани Исроилда ҳеч қандай давоми...

6880 11:28 / 03.01.2018
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

4093 13:09 / 08.07.2020