Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 29 ражаб | 2026 йил 18 январь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозда жаннатни сўраб ва дўзахдан паноҳ тилаб дуо қилиш | Ҳадис дарслари (354-дарс)

19:00 / 19.11.2025 1172 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَخَذَ بِيَدِهِ وَقَالَ: يَا مُعَاذُ، إِنِّي وَاللهِ لَأُحِبُّكَ، أُوصِيكَ يَا مُعَاذُ، لَا تَدَعَنَّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ تَقُولُ اللَّهُمَّ أَعِنِّي عَلَى ذِكْرِكَ وَشُكْرِكَ وَحُسْنِ عِبَادَتِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб:

«Эй Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин «Аллоҳумма аъинни ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика» дейишни тарк қилмаслигингни тавсия қиламан», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси:

«Аллоҳим, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.

2. Бировни яхши кўрган одам муҳаббатини изҳор қилиб, айтиши мумкинлиги.

3. Талаб қилинмаса ҳам, маънони таъкидлаш учун қасам ичиш мумкинлиги.

4. Устоз ўз шогирдига сўрамаса ҳам, зикрни ўргатиб бориши кераклиги.

5. Ушбу зикрнинг фазли ва уни намоздан ке­йин айтиб юриш зарурлиги.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ أَقْرَأَ بِالْمُعَوِّذَاتِ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳар бир намоздан кейин «Муъаввизатни ўқишимни амр қилдилар».

«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: «Муъаввизат» – Фалақ ва Ан-нас сураларидир.

Демак, намоздан кейин ушбу икки муборак сурани ўқиб қўйиш ҳам яхши экан.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِرَجُلٍ: كَيْفَ تَقُولُ فِي الصَّلَاةِ؟ قَالَ: أَتَشَهَّدُ وَأَقُولُ اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْجَنَّةَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ، أَمَا إِنِّي لَا أُحْسِنُ دَنْدَنَتَكَ وَلَا دَنْدَنَةَ مُعَاذٍ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: حَوْلَهَا نُدَنْدِنُ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنِّي وَمُعَاذًا حَوْلَ هَاتَيْنِ نُدَنْدِنُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига:

«Намозда қандай (нарсани) айтасан?» дедилар.

«Ташаҳҳудни ўқийман ва «Аллоҳумма инни асъалукал жанната ва аъузу бика минаннар», дейман. Аммо мен сизнинг пичирлашингизни ҳам, Муознинг пичирлашини ҳам эплай олмайман», деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биз ҳам шунга ўхшаш пичирлаймиз», дедилар».

Бошқа бир ривоятда келишича:

«Албатта, мен ҳам, Муоз ҳам ана ўша иккови атрофида пичирлаймиз», дедилар», дейилган.

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мен ҳам, Муоз ҳам ана ўша иккови атрофида пичирлаймиз», деганлари жаннат ва дўзах ҳақида сўраймиз, маъносидадир.

Дуоларининг маъноси: «Аллоҳим, албатта, мен Сендан жаннатни сўрайман ва дўзахдан паноҳ тилайман».

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Баъзи вақтда раҳбар ва устоз ўз атбоъ ва шогирдларини имтиҳон қилиб, сўраб-суриштириб туриши зарур эканлиги.

2. Намозда жаннатни сўраб ва дўзахдан паноҳ тилаб дуо қилиш мумкинлиги.

3. Намозда дуонинг пичирлаб қилиниши.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта тавозели эканликлари ва ҳадисда зикри келган кишининг дуосини тасдиқлаганликлари.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли маълумми, дейилди..Ҳа,, дедилар..Унда амал давоми...

5552 13:06 / 23.09.2020
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан намоз давоми...

2230 19:00 / 19.02.2025
Юқорида 67дарсимиздаги ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб чин қалбдан шаҳодат келтирган давоми...

7122 13:17 / 15.01.2020
Бу дарсимизда Қуръони Каримдаги сажда оятлари тиловат қилинганда сажда қилиш, унинг фазли, ҳукмлари ва бошқа шунга оид масалалар баёни келган ҳадиси шарифлар давоми...

318 19:00 / 31.12.2025