Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳар бир саждамиз туфайли бир дона хатоимиз ювилса, қандай яхши! | Ҳадис дарслари (271-дарс)

19:00 / 28.02.2024 3234 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ ثَوْبَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: عَلَيْكَ بِكَثْرَةِ السُّجُودِ ِللهِ، فَإِنَّكَ لَا تَسْجُدُ ِللهِ سَجْدَةً إِلَّا رَفَعَكَ اللهُ بِهَا دَرَجَةً، وَحَطَّ عَنْكَ بِهَا خَطِيئَةً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Чунки сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Савбон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Савбон ибн Юждуднинг кунялари Абу Абдуллоҳ бўлган. Ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорларидан бўлиб, Яман билан Макка орасидаги Сирот деган жойдан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини сотиб олиб:

«Агар биз билан бир оилада яшашни хоҳласанг, биз билан яшагин. Агар бошқа киши билан яшашни хоҳласанг, ихтиёр ўзингда, сен озодсан» деганларида, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр қилдилар. Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этгунларига қадар у зотнинг хизматларида бўлдилар.

Савбон розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 128та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Шаддод ибн Авс, Жубайр ибн Нуфайр, Абу Идрис Ҳавлоний, Абу Салом Ҳабаший, Маъдон ибн Абу Толҳа, Абул Ашъас Саъоний, Абу Асмо Раҳабий, Абу Хайр Язаний ва бошқалар ривоят қилганлар.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалардан:

«Қайси бирингиз «Кишилардан ҳеч нарса сўрамайман» деб ваъда беради? Мен ана шу кишининг жаннатга киришига кафилман», деб сўраганларида бу ваъдани Савбон бердилар ва ҳаётларининг охиригача ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамадилар».

Бу зот Миср фатҳида иштирок этдилар. Шомда ва Фаластиннинг Рамла деган жойида истиқомат қилдилар. Сўнгра бу ердан Хумсга кўчиб ўтдилар. Ҳижратнинг 54-санасида ана шу ерда вафот этдилар. Савбон ибн Юждуд ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Савбон розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида юрган пайтларида, бир куни одамлар у кишидан Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида сўрадилар. У киши сукут сақлаб, жим қолдилар. Яна савол берилди. Савбон розияллоҳу анҳу яна жим эдилар. Одамлар Аллоҳга энг маҳбуб амал ҳақида учинчи марта сўраганларида, ушбу биз ўрганаётган ҳадисни айтдилар.

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳга сажда қилишни, яъни намоз ўқишни тавсия этмоқдалар. Зотан, намозсиз сажда бўлмас. Шу билан бирга, ҳар бир сажда туфайли сажда қилувчининг даражаси бир поғона кўтарилиб, хатоларидан биттаси ўчирилиши ҳам таъкидланмоқда.

Демак, намоз нафақат гуноҳларнинг ювилишига, балки даражаларнинг кўтарилишига ҳам хизмат қилар экан.

Демак, Аллоҳнинг ҳузурида даражамиз юқори бўлсин десак, кўпроқ намоз ўқиб, саждаларимизни кўпайтирайлик. Ҳар бир саждамиз туфайли даражамиз бир поғона кўтарилса, қандай яхши!

Хатоларимиз ювилсин, десак, яна кўпроқ намоз ўқиб, саждаларимиз сонини кўпайтирайлик. Ҳар бир саждамиз туфайли бир дона хатоимиз ювилса, қандай яхши!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Аллоҳ таоло айтади.Ва сизга Исломни дийн деб рози бўлдим, .Моида, сураси, 3оят.Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг .Диннинг давоми...

5720 15:05 / 11.12.2019
Қуръони Каримнинг исмларидан бири .Китоб,дир. Шаръий манбаларда, мисол учун фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмлардаги баҳсларда .Китоб, дейилса, Қуръони Карим давоми...

6185 16:40 / 03.02.2021
. . Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менинг бавосилим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У давоми...

1657 19:00 / 16 июль
Охирги вақти чиқмай туриб, бир ракъати ўқиб қолинган намоз, гарчи бир ракъатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам, вақт чиқмай туриб ўқилган намоз ҳисобига ўтади. давоми...

7419 19:00 / 15.05.2024