Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (238-дарс) Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди

19:00 / 12.07.2023 2432 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مَيْمُونَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: وَضَعْتُ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَاءً وَسَتَرْتُهُ فَاغْتَسَلَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қўйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар».

Муслим ривоят қилган.

Маймуна онамиз бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ғусл учун сув тайёрлаб берганлари ва ғусл қилган пайтларида У зотни тўсиб турганлари ҳақида сўзлаб бермоқдалар.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аёл эрининг ғусл қилиши учун сув тайёрлаб бериши яхшилиги.

2. Аёл эри ғусл қилаётганида уни тўсиб туриши.

(Бошқа бир ривоятда «бир кийим билан тўсиб турдим», дейилган).

3. Ғусл пайтида тўсилиб туриш вожиблиги.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كُنْتُ أَغْتَسِلُ أَنَا وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ إِناءٍ وَاحِدٍ. وَفِي رِوَايَةٍ: مِن قَدَحٍ يُقَالُ لَهُ الْفَرَقُ تَخْتَلِفُ أَيْدِينَا فِيهِ زَادَ فِي رِوَايَةٍ: مِنَ الْجَنَابَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан ғусл қилар эдим».

Бошқа бир ривоятда:

«Фарақ дейиладиган қадаҳда қўлларимиз тўқнашиб кетар эди», дейилган.

Учинчи бир ривоятда:

«Жунубликдан» деган сўз зиёда қилинган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Фарақ дейиладиган қадаҳ ўн олти ратл сув сиғадиган идиш эканлиги аввал айтилган.

Ҳадисдан олинадиган фойда:

Эр-хотин жунубликда бир жойда, бир идишдан сув олиб, ғусл қилишлари мумкинлиги.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَنْظُرُ الرَّجُلُ إِلَى عَوْرَةِ الرَّجُلِ وَلَا الْمَرْأَةُ إِلَى عَوْرَةِ الْمَرْأَةِ، وَلَا يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى الرَّجُلِ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ وَلاَ تُفْضِي الْمَرْأَةُ إِلَى الْمَرْأَةِ فِي الثَّوْبِ الْوَاحِدِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди. Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди. Бир кийим ичида эркак киши эркак кишига баданини теккизмайди. Бир кийим ичида аёл киши аёл кишига баданини теккизмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Эркак киши хотин кишининг, хотин киши эркак кишининг авратига қараши мутлақо мумкин эмаслиги маълум ва машҳур бўлганлигидан ҳамда оят ва бошқа ҳадисларда муфассал баён қилинганидан бу жойда уҳақда айтилмаган.

Бу ҳадисда кишилар ўзига енгил санайдиган, бўлаверади, деб ўйлайдиган нарсалардан баъзиларининг ҳукми баён қилинган.

«Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди».

Маълумки, эркак кишининг эркак кишига нисбатан аврати – тиззалари билан киндиги орасидаги танаси. Бу авратни аёл киши кўрмаса бўлди, деган хаёл билан эркак кишига кўрсатишнинг зарари йўқ, деб ўйлаш мутлақо хатодир. Аввало эркак киши бегона эркак кишидан ҳам авратини тўсиши лозим. Шунингдек, ўзи бошқа эркак кишининг авратига ҳам назар солмаслиги керак. Бу нарса шариатимизда ҳаром қилинган.

«Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди».

Кўпчилик аёлларда аёл киши авратини эркак кишига кўрсатмаса бўлди, деб, аёллардан эҳтиёт бўлмаслик одатлари бор. Бу ҳам нотўғри. Аёл кишининг аврати бошқа бир аёл кишига нисбатан иккига бўлинади.

1. Муслима аёлнинг муслима аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигача.

Мазкур жойини муслима аёлларга ҳам кўрсатмаслиги керак. Бошқа аёлларнинг ўша жойига қарамаслик ҳам керак.

2. Муслима аёлнинг кофир аёлга нисбатан аврати иш-юмушларни бажариш вақтида очиқ турадиган жойларидан бошқа жойларидир.

«Бир кийим ичида эркак киши эркак кишига баданини теккизмайди».

Кийим деганда бунга ётиш ўрни ҳам киради. Яъни, эркак киши яланғоч баданини бошқа эркак кишига теккизмаслиги керак. Чунки бу иш жинсий бузуқликка олиб келиши мумкин. Эркак киши-ку, нима ҳам бўлар эди, дейиш керак эмас. Кўпчилик бузуқ ишлар, хусусан, ливота (бачабозлик) шундан бошланади.

«Бир кийим ичида аёл киши аёл кишига баданини теккизмайди».

Чунки бу иш ҳам аёллар ичида ўзаро бузуқликка олиб боради. Бу ҳаром иш арабчада «сиҳоқ» дейилади.

Кўриб турибмизки, Ислом шариатида жинсий тарбияга алоҳида эътибор берилган. Хоҳ эркак киши бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, ўзгаларнинг жинсий майлини қўзғатиши мумкин бўлган аъзоларини беркитиб юришга, бошқаларнинг ўша аъзоларига назар солмасликка амр қилинган.

Шунингдек, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, яланғоч баданини бир-бирига теккизиши ҳам ман қилинган. Булар ҳаммаси зино, бачабозлик, аёлларнинг бир-бирлари билан шаҳвоний алоқалари каби катта гуноҳ бўладиган ҳаром ишларнинг олдини олиш учун қилинган.

Биз, мусулмонлар бу амрларга сўзсиз бўйсунишимиз, шариатимизнинг амрларига итоат қилишимиз лозим. Фарзандларимизни, ўзимизга қарашли кишиларни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

6272 15:10 / 06.02.2019
. . . Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Икки киши сафарга чиқдилар. Намоз ҳозир бўлди. Икковларининг суви йўқ эди. Пок давоми...

1488 19:00 / 27.12.2023
. Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4645 14:20 / 21.04.2021
Абул Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, .Эй Аллоҳнинг Расули, менга давоми...

5595 15:49 / 23.03.2017