Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 22 шаъбон | 2024 йил 03 март, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (121-дарс). Динда буюрилган ишларни қилиш ва қайтариқларидан қайтиш

13:30 / 27.01.2021 3161 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُبَايِعُ النِّسَاءَ بِالْكَلَامِ بِهَذِهِ الْآيَةِ لَّا يُشْرِكْنَ بِاللَّهِ شَيْئًا قَالَتْ: وَمَا مَسَّتْ يَدُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدَ امْرَأَةٍ إِلَّا امْرَأَةً يَمْلِكُهَا. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини «ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари...» оятига биноан сўз билан қабул қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари ўзларига мулк бўлмаган хотинга ҳаргиз тегмаган».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадис Оиша онамиздан ривоят қилинмоқда. У кишининг таржимаи ҳоллари билан танишиб чиқайлик:

Ҳазрати Оиша бинти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо ҳижратдан саккиз йил аввал туғилганлар. Бу зот Расулуллоҳнинг энг яқин саҳобалари, хулофаи рошидинлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидир. Оналари Умму Руммон Зайнаб бинти Омир эди. Бу киши ҳижратнинг олтинчи йили вафот этганлар.

Ҳазрати Оиша онамизнинг лақаблари Сиддийқа ва унвонлари Уммул мумининдир. Жуда кичиклик пайтларидаёқ ўн саккиз кишидан сўнг Исломни қабул қилганлар, ҳижратдан икки йил аввал Маккада Расулуллоҳга никоҳланганлар.

Ҳазрати Оиша тафсир, ҳадис, фиқҳдан, араб тарихи ва адабиётидан яхши воқиф эдилар. У киши замоналарининг улуғ донишмандларидан бўлиб, ҳатто ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон давр­ларида таниқли саҳобалар ва олимларга дарс, фатво берадиган даражада юксак салоҳият ва иқтидор соҳибаси эдилар. Уйда ва сафарларда доимо Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлганликлари учун асҳоби киромдан кўпчиликка насиб этмаган диний аҳкомлардан воқиф бўлганликлари сабабли энг етакчи саҳобалар ҳам ҳал эта олмаган диний масалаларни ҳазрати Оишадан сўрардилар.

Оиша онамиз Расули акрамдан 2210 та ҳадис ривоят қилганлар ва бу соҳада Абу Ҳурайрадан сўнг турадилар. Ҳазрати Оишадан саҳоба ва тобеъинлардан кўплари ҳадис нақл этишган. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»ларида бундай ҳадислардан 2258 саҳифа тўпланган.

Ҳазрати Оиша Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саккиз йилу беш ой бирга яшадилар. Ўн саккиз ёшларида Пайғамбаримиз вафот этдилар. Оиша онамиз олтмиш беш йил яшадилар ва ҳижратнинг 58-йилида Мадинада вафот топдилар.

Оиша онамизда кўпгина нодир фазилатлар тўпланган эди. У киши жуда ақлли ва зеҳнлари ўткир, илмли аёл эдилар. Оиша онамиз тилни, шеърни, тиб фанини, насаблар ва уруш тарихларини яхши билар эдилар.

Зуҳрий Оиша онамиз ҳақларида айтадиларки, «Агар Расулуллоҳнинг барча аёлларининг илмини ва жамики аёлларнинг илмини тўплаб туриб, Оишанинг илмига солиштирилса, албатта, Оишанинг илми афзалдир».

Оиша онамизнинг илмлари тўғрисида Урва: «Тиб фанида, шеъриятда ва фиқҳ илмида Оишадан илм­лироқ бирор кишини кўрмадим», дедилар.

Ҳазрати Оиша оталари Абу Бакр Сиддиқдан, Умар ва Саъд ибн Аби Ваққос, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқалардан ҳам ривоят қилдилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳодан аксар саҳобалар кўплаб ҳадислар ривоят қилдилар. Шулардан: Абу Ҳурайра, Абу Мусо Ашъарий, Зайд ибн Холид ал-Жуҳалий ва София бинти Шайба розияллоҳу анҳумларни зикр қилишимиз мумкин. Оиша онамиздан тобеъинлардан бўлган икки юзга яқин киши ҳадис ривоят қилган. Улар орасида Саъийд ибн Мусаййиб, Алқама ибн Қайс, Масруқ ибн ал-Аждаъ, Оиша бинти Талҳа, Амра бинти Абдураҳмон, Ҳамса бинти Сийрин ва бошқалар бор.

Оиша онамиз аҳёнда ёлғиз ўзлари баъзи бир масалаларни ҳал этар эдилар ва ўзларига хос бўлган ижтиҳод қилар эдилар. Гоҳида у киши уламо саҳобалар билмай қолган масалаларни ҳам ҳал этар эдилар. Ҳатто Заркаший шу маънода китоб ёзиб, уни «Оишанинг саҳобалар билмаганини идрок этган жавоблари» деб номлаган. Абу Мусо розияллоҳу анҳу:

«Биз, Аллоҳнинг Расулининг саҳобалари, билмаганларимизни доимо Оишадан топар эдик», деганлар.

Масруқ розияллоҳу анҳу: «Катта шайх саҳобаларнинг Оишадан фарзлар ҳақида сўраётганларини кўрдим», дедилар.

Ҳазрати Оишанинг ёшлигидан камолига қадар бутун ҳаёти макорими ахлоқнинг жонли намунаси бўлмиш Расули акрамнинг завжиятида ўтди. Оиша онамизнинг ахлоқи юксак, ниҳоятда тақводор ва қаноатли аёл эдилар. Пайғамбар алай­ҳиссаломнинг ҳар бир амрларига итоат этар, у кишини хушнуд этмоқни ўзларининг энг буюк вазифалари деб билар эдилар.

Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг: «Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатларини қабул қил. Ва Аллоҳдан уларнинг гуноҳини кечишни сўра. Албатта, Аллоҳ гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир» деган оятига биноан мўмина аёллардан байъат олганликлари ҳақида сўз кетмоқда.

Бу ривоятда асосан байъатнинг қай тарзда олинганлиги васф қилинмоқда. Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан оғзаки байъат олганликлари, бироқ эркакларнинг байъатидаги каби уларнинг қўлларини олмаганлари баён этилмоқда.

Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари нафақат байъат пайтида, балки умумий ҳолатда ҳам номаҳрам аёлга тегмаганлиги ҳақида гапирмоқдалар ва шу билан аёлларга тегишли ҳукмни ривоят қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари фақат маҳрамларигагина теккани ҳақида таъкид ила гапирмоқдалар.

Аёлларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъати қандай бўлгани ҳақида тўлиқ тасаввур олиш учун ушбу ривоятда зикри келган ояти каримани ўрганиб чиқайлик.

Аллоҳ таоло «Мумтаҳина» сурасида марҳамат қилади:

«Эй Набий! Агар мўминалар сенга Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, болаларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга яхшилик ишда исён қилмасликка байъат қилиб келсалар, уларнинг байъатини қабул қил» (12-оят).

Аёллардан энг аввало

«Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик», яъни ягона Аллоҳгагина ибодат ва эътиқод қилиш тўғрисида аҳднома олинган.

Иккинчи – «ўғрилик қилмаслик»,

Кейин улардан ўғрилик қилмаслик тўғрисида аҳднома олинган.

Учинчи – «зино қилмаслик»,

Ундан кейин мўминалардан зинога юрмаслик тўғрисида аҳднома олинган.

Тўртинчи – «болаларини ўлдирмаслик»,

Яна муслима аёллардан фарзандларини ўлдирмаслик тўғрисида аҳднома олинган. Исломдан аввал арабларда қизларни кичиклик пайтида тириклай кўмиб ташлаш одати бор эди. Бу ерда шу нарса кўзда тутилган.

Бешинчиси – «...қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик...», яъни бировдан бўлган болани эрига сендан бўлган, деб айтмаслик тўғрисида. Исломдан аввал бундай ҳодисалар бўлиб турар эди. Ҳатто бир аёл бир неча эркак билан алоқада бўлиб турар, сўнг бола туғса, уларнинг бирортасига «Бу сенинг боланг», деб айтиб, болани ўша кишининг бўйнига қўйиб юборарди.

Олтинчиси – «…яхшилик ишда исён қилмаслик…»

«Яхшилик иш» деганда, Аллоҳга тоат-ибодат ва яхши амаллар, умуман олганда эса динда буюрилган ишларни қилиш ва қайтарилган ишларни қилмаслик назарда тутилган.

Мўмина аёллар мазкур нарсаларга ваъда бериб, байъат қилсаларгина Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларнинг байъатларини қабул қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллардан алоҳида байъат олганлари.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллардан байъат олишлари «Эй Набий! Агар мўминалар...» деб бошланувчи оятга биноан бўлганлиги.

3. Аёлларнинг байъати оғзаки бўлиб, унда қўл бериш бўлмаганлиги.

4. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон номаҳрам аёл қўлини ушламаганликлари.

5. Уламолар шу ҳадисни далил қилиб, номаҳрам эркак ва аёлларнинг қўл бериб кўришишлари ҳаром, деган ҳукмни чиқарганлар.

Ушбу ўрганганларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат ҳақидаги баъзи ҳадисларгина, холос. Улар орқали байъатнинг Иймон ва Исломда ўта муҳим омил эканлиги баён қилинди. Иншааллоҳ, байъат ҳақидаги асосий маълумотлар ўз ўрнида келади.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра давоми...

1218 19:00 / 11 январь
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар келибкетиб давоми...

2685 19:00 / 02.09.2022
Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гапсўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда давоми...

5402 15:00 / 16.01.2019
. . 214. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта давоми...

1892 19:00 / 08.03.2023