Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (162-дарс). Ҳикматли калима

19:00 / 01.12.2021 3327 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْكَلِمَةُ الْحِكْمَةُ ضَالَّةُ الْمُؤْمِنِ فَحَيْثُ وَجَدَهَا فَهُوَ أَحَقُّ بِهَا. وَفي رِوَايَةٍ: مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ كَانَ كَفَّارَةً لِمَا مَضَى.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир», деганлар.

Бошқа бир ривоятда: 

«Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», дейилган.

Шарҳ: Ҳадиси шарифдаги «ҳикматли калима»дан мурод, фойдали илмдир. Ҳикмат илм эканлиги ҳаммага маълум. Ўша ҳикмат бир калима бўлса ҳам, мўмин киши уни олишга уриниши лозим.

«Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсасидек».

Яъни, фойдали илм бир калима бўлса ҳам, мўмин уни худди йўқотиб қўйган нарсасини излаб юргандек излаши керак.

«Мўмин уни қаерда топса ҳам ҳақлироқдир».

Яъни, мўмин киши бир калима бўлса ҳам илмни қаердан топишидан қатъи назар, олиши зарур.

Бу ҳадиси шарифда мўмин инсон илмга доимо талабгор бўлиши, қаердан топса ҳам, уни олишга ҳаракат этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ақийда ва дийн илмларидан бошқа илмларни ғайридийнлардан ҳам олиш мумкинлигини қаттиқ тайинлайдилар.

Мусулмон инсон ўз ақийдасини ва дийнини маҳкам тутган ҳолда ўзи учун, жамияти ва эл-юрти учун фойдали бўлган илмларни ғайридийн кишилардан ғайридйин юртларда ҳам олиши мумкин. Илмни қаердан олишнинг фарқи йўқ. Албатта, мусулмон юртида, мусулмон кишилардан илм олиш яхши. Аммо мусулмонлар учун, эл-юрт учун зарур бўлган илмни ғайридийндан олмайман, деб, ўрганмай юриш мутлақо нотўғри эканлиги ушбу ҳадиси шарифдан ҳам кўриниб турибди.

Минг афсуслар бўлсинким, бошқа исломий таълимотлар қатори, ушбу ҳадиси шарифга ҳам бугунги ҳаётимизда кам амал қилмоқдамиз. Бошқалар илм соҳасида ғоят катта ютуқларга эришган бўлишларига қарамай, бизнинг юртларимизга келиб, тарихимизни, асори-атиқаларимизни, илмий меросларимизни ва бошқа нарсаларимизни ўрганаётган бир пайтда ҳаётимизнинг кўплаб соҳаларида ўзимиздан етарли мутахассислар тайёрлашга уринмаётирмиз.

Юртимизда кўпчилик муҳим соҳалар илмга рағбатсизлигимиз оқибатида ўзгаларга топшириб қўйилган. Баъзи бир илмга уринганларимиз эса дийндан бехабар бўлганларидан кимнинг олдида илм ўрганган бўлсалар, ўшанинг эътиқоди, урф-одати ва ҳаёт тарзидан таъсирланиб, ўшалар измига тушиб қолганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир калима илмни ҳам худди йўқотган нарсамизни қидириб юргандек излашимиз лозимлигини амр қилган бўлсалар ҳам, бизда умуман илмга қизиқиш йўқ. Бутун бошли илмлар бўйича етарли мутахассисларга эга эмасмиз.

Тараққиётдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам шунда!

Илм-маърифатдан, маданиятдан орқада қолишимизнинг сабаби ҳам шунда!

Мантиқан қараганда илм соҳасидаги қолоқлигимиз бошқалардан кўра илмга кўпроқ уринишимиз лозимлигини тақозо қилади. Воқеликда эса бунинг тескариси бўлмоқда. Бошқа тараққий этган халқлар йил сайин, ой сайин илмга кўпроқ маблағ сарфлаб, илмдан яна ҳам кўпроқ фойда олишга уринаётган бир пайтда биз, мусулмонлар бефойда нарсаларга керагидан ортиқ маблағ ва куч сарфлаб, илмга эса энг зарур бўлган нарсани ҳам ажратмаяпмиз. Илм учун амалга оширилаётган ҳамма ишлар хўжакўрсинга қилинмоқда.

Ислом юртларида илмий савияни ўқув юртларининг сони ва номига, талабаларнинг ададига қараб ўлчаш одат бўлиб қолмоқда. Бу эса ожизлик аломатидир. «Бизда фалонча дорулфунун бор, аҳолининг фалон фоизи талаба», дейиш билан нимага эришиш мумкин?

Аслида эса илмнинг савияси унинг жамиятга келтираётган фойдасига қараб белгиланади. Бошқалар ҳар бир илмдан инсон учун, инсоннинг яхши яшаши учун фойда олиш билан банд бўлиб турган бир пайтда биз кишилар саводхонлигини оширишни илм деб юрибмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан бўлса ҳам, илм олишимиз зарурлигини қаттиқ тайинлаганларига қарамай, биз ўзимизда бор илмларни ҳам йўқотиб, буюк боболаримиз қолдирган илмий меросни бошқалар қўлига топшириб қўймоқдамиз.

Агар биз ҳақийқий тараққиётга эришмоқчи, дунёнинг пешқадам халқлари сафига қўшилмоқчи бўлсак, илмга муносабатимизни Ислом таълимотлари асосида тамоман ўзгартиришимиз лозим. Фойдали бўлган бир калима илмни ҳам ўзимиз йўқотиб қўйиб, излаб юрган ва топиб олган нарсамиздек, ўзлаштириб олшга интилмоғимиз керак. Уни қаерда топсак ҳам, бошқалардан кўра унга ўзимиз ҳақли эканлигимизни билишимиз зарур. Ана ўшандагина ушбу ҳадисда васф қилинган мўминлик сифатига эришган бўламиз.

Энди бошқа бир ривоятда келган маънони диққат билан ўрганайлик.

Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким талаби илм қилса, ўтган нарсаларга каффорат бўлур», демоқдалар.

Талаби илм ибодат эканлигини билар эдик. Талаби илм савоб иш эканлигини билар эдик. Энди эса талаби илм баъзи ўтган гуноҳларнинг ювилишига ҳам сабаб бўлишини билиб олмоқдамиз. Бу нарса Ислом дийни талаби илмга қанчалик аҳамият беришини яна бир бор кўрсатади. Гуноҳга йўл қўймаган банда йўқ. Демак, ҳар бир банда ўз гуноҳининг ювилишига муҳтож. Тавба билан, бошқа ибодатлар билан гуноҳлар ювилиб туради, аммо баъзи бирлари талаби илм билан ювилади. Ана шу гуноҳларимизни ювиш учун ҳам талаби илм қилишимиз керак. Бундан бошқаларга эмас, фақат ўзимизга фойда келтирамиз, холос. Ҳа, илм талабида бўлсак, гуноҳларимиз албатта ювилажак!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Кабша алАнморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу давоми...

3732 17:00 / 25.08.2021
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. давоми...

1135 19:00 / 22 май
. . Абу Ҳорун алАбдийдан ривоят қилинади .Абу Саъийднинг ҳузурига борсак .Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. давоми...

4803 18:00 / 06.04.2022
Ҳазрати Умар ўз халифаликлари даврида кўплаб ислоҳотлар, янгиликлар қилдилар. Мусулмонларнинг Байтулмолларини таъсис этдилар. Басра ва Куфа шаҳарларини давоми...

4700 17:00 / 22.07.2019