Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Хушуъ ила намоз ўқишнинг фазилати | Ҳадис дарслари (331-дарс)

19:00 / 04 июнь 1101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ أَحَدٍ يَتَوَضَّأُ فَيُحْسِنُ الْوُضُوءَ وَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ يُقْبِلُ بِقَلْبِهِ وَوَجْهِهِ عَلَيْهِمَا إِلَّا وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ.

Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қайси бир одам жуда яхшилаб таҳорат қилса-ю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракъат намоз ўқиса, албатта, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар».

Ҳадисдаги «қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда» дегани бутун вужуди ила берилиб, хушуъ ва хузуъ билан намоз ўқиса, дейганидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Таҳоратни яхшилаб қилиш зарурлиги. Намознинг баркамол бўлишида бу ишнинг аҳамияти борлиги.

2. Намозни бутун вужуд билан, қалб ва юз ила иқбол қилган ҳолда берилиб ўқиш кераклиги.

3. Хушуъсини жойига қўйиб намоз ўқиган одам албатта жаннатга дохил бўлиши.

Шунинг учун доимо хушуъ ила намоз ўқийлик. Ана ўшанда мақсадга эришамиз.

عَنْ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الرَّجُلَ لَيَنْصَرِفُ - أَيْ مِنْ صَلَاتِهِ - وَمَا كُتِبَ لَهُ إِلَّا عُشْرُهَا تُسْعُهَا ثُمْنُهَا سُبْعُهَا سُدْسُهَا خُمْسُهَا رُبْعُهَا ثُلُثُهَا نِصْفُهَا. رَوَاهُمَا أَبُو دَاوُدَ.

Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, бир одам (яъни намозидан) турганда унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярмигина ёзилган бўлади», дедилар».

Икксини Абу Довуд ривоят қилган.

Аввало ҳадиснинг ровийcи Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Аммор ибн Ёсир ибн Омир аш-Шомий, кунялари Абу Яқзон. Исломни биринчилардан бўлиб, оилалари билан қабул қилишган. Макка тоғларида мушриклар бу кишини ва оиласини азоблаётган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Ёсир оиласи, сабр қилинглар. Албатта, сизларга ваъда берилган жой жаннатдир», деб дуо қилганлар.

Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси мана шу азоблар остида вафот қилишди. Оналари Исломдаги биринчи шаҳид мақомига мушарраф бўлдилар.

Аммор ибн Ёсир бу азоблардан тилларига куфр калимасини  олганларида мусулмонлар «Аммор куфр сўзини айтди» деган хабар тарқатишади.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилгандир», деб марҳамат қиладилар. Кейин мусулмонларнинг бу сўзларини рад қилган ҳолда Қуръондаги Наҳл сурасининг 106-ояти нозил бўлади.

Аммор ибн Ёсир мусулмонлар билан ҳижрат қилиб, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ҳамма жангларда аввалги сафда туриб, иштирок этдилар. У киши Исломдаги биринчи масжид бўлмиш Қубо масжидининг қурилишида ҳам иштирок этган соҳибийлардан бири эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимки Амморга тажовуз қилса, Аллоҳ унга тажовуз қилади. Кимки Амморга ғазаб қилса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», деб айтганлар.

Аммор ҳаммаси бўлиб 62та ҳадис ривоят қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амморни туғёнга тушган бир фирқа ўлдиради», деб башорат қилган эдилар. Дарҳақиқат, бу зот Сиффийн урушида Али розияллоҳу анҳу билан қатнашиб, шу жангда шаҳид бўлдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан намоз билан намознинг фарқи борлиги, ҳатто қабул бўлган намозлар орасида ҳам фарқ бўлиши кўриниб турибди. Ҳамма ҳам намоз ўқийверади, аммо ўша намозга Аллоҳ таоло томонидан бериладиган ажр намозхоннинг ихлоси, хушуъ ва хузуъсига қараб берилар экан. Хушуъ ва хузуъни, ихлосни жойига қўйган одам намоз учун белгиланган савобнинг ҳаммасини олар экан. Улар камайган сари бериладиган савоб ҳам камайиб, ярим, учдан бир, тўртдан бир, ўндан бир бўлиб қолаверар экан.

Шунинг учун намозни қўлимиздан келганича тўлиқ қилиб, ихлос билан, хушуъ ва хузуъсини жойига қўйиб ўқишга ҳаракат этишимиз керак бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

7431 15:08 / 05.12.2018
Суннатни ўрганишдан аввал .Суннат, ўзи нима эканини билиб олиш керак. Аввало Суннат ва Ҳадис бирбирининг ўрнида ишлатилиб юрган истилоҳлар эканини айтиш лозимдир. давоми...

22878 17:23 / 08.01.2017
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага давоми...

5439 14:00 / 05.05.2021
. . Маън ибн Язийд розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда у киши айтадиларки .Отам Язийд садақа қилиб, динорларни чиқарган экан. Уларни давоми...

4197 17:00 / 14.07.2021