Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар», деган (Фотир сураси, 28-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимлар анбиёларнинг ворисларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким уни олса, улуғ насибани олибди», деганлар (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ етук аллома, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, муршид, ўз замонасидаги Ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, Мовароуннаҳр халқларининг диний раҳнамоси эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ бутун умрини «Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб, амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, бағрикенглик ва биродарлик руҳини таратиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш» шиори остида Аллоҳ таолонинг ҳақ динига, У Зотнинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган рисолатни тарғиб қилишга бахшида қилиб ўтган саодатманд инсон эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳижрий 1371 йил 21 ражаб, милодий 1952 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилоятининг Асака туманидаги Ниёзботир қишлоғида, Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. Бошланғич диний таълимни отаси Муҳаммад Юсуф домладан олди. У кишидан асосан тажвид, араб тили грамматикаси – сарф ва наҳв илмларини ўрганди ва Қуръондан бир неча жузларни ёд олди.
1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатиб, 1970 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
Собиқ Иттифоқ бўйича у даврдаги ягона диний таълим муассасаси Бухородаги Мир Араб мадрасаси эди. Мадрасада Иттифоқнинг турли юртларидан келган ҳар хил миллат вакиллари таълим олишар эди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф уларнинг ичида пешқадами, аълочиси эди.
Мадрасада қироатдан Шаҳобиддин қори домладан дарс олди. Наҳв илмидан эса Мухторжон домладан, араб адабиёти ва муҳоварадан Усмонжон домладан, фиқҳдан Сафийюллоҳ домла ва Қосимжон домлалардан, тафсирдан Абдулатиф домладан таълим олди.
1971 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳади очилиб, у ерда ўқишга ўша даврдаги собиқ Иттифоқ жумҳуриятларидаги масжид имомлари билан бирга Бухоронинг Мир Араб мадрасасидан ҳам қобилиятли талабалар саралаб олинди. Ана шундай талабалар қатори Муҳаммад Содиқ ҳам маъҳадга ўтиб, 1975 йили биринчи қалдирғочлар сафида ўқишни муваффақиятли битирди.
Муҳаммад Содиқ олий маъҳадда Юсуфжон домладан балоғат илмини, Исмоил Махдум ҳазратларидан фиқҳ илмини, муфтий Зиёвуддин Эшон Бобохон ҳамда Абдулғани домлалардан ҳадис илмини ўрганди.
Меҳнат фаолиятини 1975 йили «Совет Шарқи мусулмонлари» журналида бошлаб, диний мавзуда турли мақолалар ёзиб, чоп эттирди. Орадан кўп вақт ўтмай Ливия Араб Жамоҳириясидаги «Ислом даъвати факультети»га қабул қилиниб, ўқиш учун жўнаб кетди.
Мазкур ўқув юрти асосан чет эллик талабалар ўқийдиган таълим муассасаси бўлиб, унда Марокаш, Жазоир, Тунис, Сурия, Иордания каби араб давлатларидан, Африканинг кўп давлатларидан, шунингдек, Осиёнинг Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд каби юртларидан келган талабалар таҳсил олишар эди. Муҳаммад Содиқ бу таълим даргоҳида ҳам етакчи талабалардан эди. У факультет дарсларидан сўнг курсдошлари ҳамда ётоқхонадаги бошқа талабаларни тўплаб, долзарб диний мавзуларда маърузалар қилар, давра суҳбатлари уюштирар эди.
Муҳаммад Содиқ Ливияда турли шайх ва докторлардан таълим олди. Жумладан, Тоййиб Ан-Наосдан «Оётул аҳком», «Усулул фиқҳ» фанларидан, Муҳаммад Робитийдан ҳадис ва фиқҳдан, Иброҳим Руфайдадан «Улумул Қуръон»дан, доктор Ҳулайлдан балоғат илмидан, Комил Баннодан тарихдан ва бошқа устозлардан илмул ахлоқ, илмун нафс, мантиқ, ақоид каби фанлардан таълим олди.
Устозларидан шайх Тоййиб Ан-Наос Ливиянинг ўша даврдаги машҳур олимларидан бўлиб, кўзи ожиз киши эди. Факультетдаги дарсларидан ташқари ўқув юртига яқин жойдаги «Изоатул Қуръон» студиясида Қуръон тафсири ва бошқа диний мавзулар бўйича маърузалар қилар, саволларга жавоб берар эди. Муҳаммад Содиқ устозининг дарслари тугагач, у кишини етаклаб «Изоатул Қуръон»га олиб борар, у ердаги маърузаларини тинглар ва шу аснода у кишидан кўплаб илмий фойдалар олар эди. Шунингдек, ҳадис ва фиқҳ фанларидан дарс берган шайх Муҳаммад Робитий ҳам кўзи ожиз киши эди. У киши дарс бериш билан бир вақтнинг ўзида университетнинг сиртқи бўлимида ўқиб, илмий иш ёзар эди. Кўзи ожизлиги сабабли кўп илмий манбалардан фойдаланишда у кишига Муҳаммад Содиқ ёрдам берар эди. Ҳатто у киши илмий иш бўйича ёзма имтиҳон топширганларида ҳам Муҳаммад Содиқ у кишига котиблик қилган.
Муҳаммад Содиқ кўп вақтини Тараблус шаҳридаги катта кутубхонада ўтказар эди. Кутубхона раҳбари доктор Тоҳир жаноблари билан ҳам яқин муносабатда бўлган.
Ўқув юртининг низомига кўра, имтиҳонларнинг умумий натижаси бўйича ҳар бир курсдан биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни олган талабаларга махсус пул мукофотлари берилар эди. Муҳаммад Содиқ барча курсларда биринчи ўринни олиб, факультетни ҳам имтиёзли диплом билан тугатган.
1980 йили олийгоҳни тамомлаб, Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди:
– 1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
– 1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;
– 1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.
– 1981–89 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, Қуръон илмлари, ақийда фанларидан дарс берди.
Ливияда таҳсил олган даврларида орттирган бой илмий тажрибасидан фойдаланиб таълим дастурига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк бор жорий қилди. Жумладан, ўқув дастурига «Улумул Қуръон» (Қуръон илмлари), «Улумул ҳадис» (ҳадис илмлари), «Фирақ исломия» (фирқалар ва йўналишлар ҳақидаги фан), «Фаннул хатоба» (нотиқлик ҳақидаги фан) каби янги фанлар киритилди. Шунингдек, тафсир, ҳадис фанларида ўқитилаётган дарслик китоблари алмаштирилиб, тафсирдан Муҳаммад Алий Собунийнинг «Оётул аҳком» китоби, ҳадисдан «Ал-Манҳалул ҳадис фи шарҳил ҳадис» китоблари ўқитила бошлади. Ушбу китоблар диёримизда бўлмагани боис, уларни хорижий мамлакатлардан олиб келиш учун кўп саъй-ҳаракат қилди. Кейинчалик муфтийлик йилларида бу диний адабиётларнинг бир қанчасини Ўзбекистонда чоп ҳам қилдирди.
– 1989 йил 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси этиб сайланди.
Шайх Муҳаммад Содиқ муфтий этиб сайлангач, бутун куч-ғайратларини диний идора фаолиятини янги поғонага кўтариш, мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш, диний ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш масаласига йўналтирди. Диний идора қошида ёрдамчи хўжалик ташкил қилиниб, иссиқхона қурилди, олинган даромад эса диний идора, масжид-мадрасаларнинг сарф-харажатларига, устоз ва талабаларнинг ойлик маошларига, диний китоб ва рисолалар чоп қилиш каби мақсадларга йўналтирилди.
Покистонга қилган ташрифи пайтида у ердан диний идора нашриётини ривожлантириш учун замонавий босмахона ускуналари олиб келган. Вилоятлардаги қозиликлар қошида кутубхоналар ташкил қилиш учун чет элдан кўплаб диний китоблар ҳам олиб келтирган. Шайх Муҳаммад Содиқ Кувайт давлатига ташрифида мамлакат Вақф ва исломий ишлар вазирлиги раҳбарлари билан келишиб, Ўзбекистонда Кувайт Халқаро Ислом хайрия жамғармасининг бўлимини очган. Бу хайрия жамғармаси ўша даврдаги Диний идора таркибида бўлган барча жумҳуриятларда турли хайрия ишларини амалга оширди. Жумладан, ўша пайтда Қирғизистонда сув тошқинидан зарар кўрганларга бир қанча финча уйлар олиб берди, барча жумҳуриятларда кўплаб етимларга моддий ёрдам кўрсатди, масжид-мадрасалар қуришда ёрдам берди, сув бўлмаган жойларда қудуқ кавлаб, сув таъминотини яхшилашга ҳиссасини қўшди. Бу жамғарма ҳозирги кунда ҳам фаолиятини давом эттириб, мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги юзлаб етимларга беғараз моддий ёрдам бериб келмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқнинг 1989 йили Диний идорага раис-муфтий қилиб сайланиши муносабати билан ўтказилган Қурултойда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Тошкентдаги тарих музейида сақланаётган Мусҳафи Усмонийнинг Диний идорага топширилиши мусулмонлар учун катта воқеа бўлди.
Кўп вақт ўтмай Шайх Муҳаммад Содиқ собиқ Иттифоқнинг Олий кенгашига депутатликка сайланди ва бу мақомдан ҳам мусулмонларнинг манфаатлари учун унумли фойдаланди.
– 1989 йил декабрь ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди; Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматига мусулмонларнинг аҳволи ёритилган, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаш ва Ислом дини арконларини адо этиш имкониятини қайта тиклаш масаласи кўтарилган баённомани тақдим этди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан сиёсатида кескин бурилиш юз бериб, ижобий ўзгаришлар амалга оширила бошлади, кўплаб масжидлар, мадрасалар очилди.
Шунингдек, собиқ Иттифоқ раҳбари Горбачёвга расман мурожаат қилиб, диёримиздан ҳаж зиёратига борувчи мусулмонлар сонини кескин кўпайтиришга муваффақ бўлди ва 1990 йили Марказий Осиё республикаларининг ўзидан беш юз нафар мусулмонни Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига олиб боришга эришди. Бундан аввал собиқ Иттифоқнинг барча республикаларидан жами 20-30 кишигина ҳажга борар эди.
Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Саудиядаги «Робитатул оламил исломий» раҳбарлари билан мулоқотлар қилиб, уларга собиқ Иттифоқда яшовчи мусулмонларнинг мусҳафи шарифга муҳтожлигини тўғри тушунтиришга ва Саудия подшоҳи, марҳум Фаҳд ибн Абдулазиз номидан собиқ Иттифоқ мусулмонлари учун бир миллион ададда турли ҳажмдаги мусҳафи шарифларнинг ҳадя қилинишига эришди. У киши Робита раҳбарларидан ушбу мусҳафларни рамзий (арзон) нархда мусулмонларга сотиб, тушган маблағларни Диний идора сарф-харажатлари ҳамда масжид ва мадрасаларни таъмирлаш, диний китоб ва журналлар нашр қилишга йўналтириш учун келишган эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Ўзбекистондаги иқтидорли имом-домлаларни чет элда малакаларини ошириш учун ўқишга юбориш ҳақида Миср Вақф ва исломий ишлар вазирлиги билан ҳамда Покистондаги дин ишлари бўйича масъул давлат идоралари билан келишиб, бир қанча имом-домлаларимиз ушбу мамлакатларда таҳсил олиб, малака оширишларига имконият яратди.
Китоблар ва оммавий ахборот воситаларининг диний маърифат тарқатишдаги катта аҳамиятини яхши англаган шайх Муҳаммад Содиқ бу борада ҳам катта ишларга қўл урди. Диний идоранинг фақат чет элликларга мўлжалланган ва бир неча хорижий тилларда нашр қилинадиган «Совет Шарқи мусулмонлари» журналини «Мовароуннаҳр мусулмонлари»га ўзгартириб янги ном ва янгича мазмун билан нашр эттирди. 1990 йилдан бошлаб эса «Ислом нури» газетаси катта нусхада чиқа бошлади. Бу журнал ва газетада шайх Муҳаммад Содиқнинг, диний таълим муассасалар устозлари, имом-хатиблар ва ёзувчиларнинг долзарб диний мавзулардаги мақолалари чоп этила бошланди.
Исломдаги икки байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларини нишонлаш, бу кунларни мамлакатимизда дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақида шайх Муҳаммад Содиқнинг ҳукумат идораларига киритган таклифи ижобий қабул қилиниб, шундан буён бу байрамлар Ўзбекистонда кенг нишонланиб ва ҳар йили дам олиш кунлари деб эълон қилинмоқда.
Шуни таъкидлаш жоизки, шайх Муҳаммад Содиқ диний идора раиси ва муфтий лавозимида бор-йўғи тўрт йил фаолият юритди ва юқорида санаб ўтилган ишларнинг барчаси мана шу қисқа давр мобайнида амалга оширилди.
Шайх Муҳаммад Содиқнинг халқ депутати этиб сайланишлари узоқ йиллар даҳрийлик исканжасида қолган мусулмонлар оммасининг кўксига шабада тега бошлаганининг бир тимсоли эди.
Шайх Муҳаммад Содиқ нафақат собиқ Иттифоқ ҳудудида, балки халқаро миқёсда ҳам дунё мусулмонларининг манфаатини кўзлаб, кенг кўламли фаолият олиб борди. Жумладан, совет делегацияси аъзолигида бир нечта давлатларга сафар қилди, афғон мужоҳидларининг Пешовардаги қароргоҳида музокаралар олиб бориб, тинчликпарварлик борасида ҳам жонкуярлик қилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Совет Иттифоқи ҳудудида яшовчи мусулмонларнинг диний ҳуқуқлари, диний таълим ва маданиятини тиклаш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашда ҳам ўзига берилган ваколатдан унумли фойдаланди.
Унинг мусулмонлар, халқ, миллат ва дин йўлидаги бу хизматлари гўзал баҳоланиб, халқаро миқёсдаги бир неча мукофотларга лойиқ кўрилди. Жумладан, муфтийлик йилларида Миср Араб Республикасига уюштирган сафари давомида у кишига Мисрнинг ўша вақтдаги президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак томонидан мамлакатнинг биринчи даражали «Нил лаври» олтин нишони топширилди.
Шайх Муҳаммад Содиқ маълум сабабларга кўра, 1993 йили муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди. Истеъфодан сўнг ҳам унга қарши иғво, туҳмат, адоват тўхтамагач, Ватандан, халқдан, ота-она ва қариндош-уруғдан айро ҳолда, фироқда яшаш бизга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос деб, жондан ортиқ кўрган Ватанини, халқини вақтинча тарк қилишга мажбур бўлди. 1993–1994 йиллар давомида Саудия Арабистонининг Маккаи мукаррама шаҳрида истиқомат қилди. Аллоҳнинг ҳикмати, иродаси ила шоҳ асари бўлмиш «Тафсири Ҳилол»ни айнан Қуръони Карим нозил бўлган маконларда ёзишни давом эттирди. У киши ўз олдига катта режалар қўйди. Режа биринчи навбатда тафсирни ёзиб тугатиш; кейин ҳадиси шарифлар ҳақида китоб ёзиш, ундан сўнг эса ақийда ҳақида тўлиқ маълумотни қамраб оладиган китоб ёзиш, сўнг фиқҳ, хусусан, ҳанафий мазҳабининг фиқҳини мукаммал баён қиладиган қўлланма яратиш, тарих, тасаввуф ва бирин-кетин бошқа соҳаларда китоблар ёзиш эди. Аллоҳ нажот бериб, бу режа деярли амалга оширилди.
Муқаддас маконларнинг баракасидан меҳнатлари самарали бўлиб, «Тафсири Ҳилол» тўлиқ ёзиб тугатилиб, ўқувчиларга тақдим этилди. Шу билан бир қаторда, «Тафсири Ҳилол»ни ёзиш давомида уни рус тилига таржима қилиш ҳам йўлга қўйилди.
Олий мақсад – тафсирнинг ёзилиши охирлаб қолгач, навбатдаги иш – ҳадиси шарифни халқимизга етказишга уриниш бошланди. Муаллифнинг ўзи «Ҳадис ва Ҳаёт» тўпламининг муқаддимасида таъкидлаганидек, аввало бу иш учун китоб танлаб олиб, китобни ёзишга киришди. Алҳамдулиллаҳ, бу иш ҳам муваффақиятли якунланиб, «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси халқимизнинг ҳадис илмини ўзлаштиришида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Кейинчалик шайх Муҳаммад Содиқ оиласи билан 1994 йилда Ливияга кўчиб ўтиб, 2001 йили она юрти Ўзбекистонга қайтгунга қадар илмий фаолиятини ўша ерда давом эттирди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги халқаро ташкилотларнинг аъзоси эди:
1. Маккаи мукаррамадаги Ислом олами Робитаси таъсис мажлиси;
2. Бутун жаҳон тасаввуф уюшмаси;
3. Бутунжаҳон исломий халқ бошқарувининг бош котибияти;
4. Бутун дунё даъват уюшмаси;
5. Бутун жаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси;
6. Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси;
7. Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси;
8. Бутун дунё масжидлар уюшмаси;
9. Иорданиядаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси.
Шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерацияси каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган. Кўплаб давлатларда бўлган халқаро илмий анжуманларда фаол иштирок этди, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Ўзбекистонга қайтиб келгач, 2001–2015 йиллар мобайнида улкан диний-маърифий фаолият кўрсатди, юздан ортиқ китоблар, рисолалар, мақолалар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, islom.uz порталидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан ўз юртида Ислом динининг ривожига, халқнинг диний савиясини оширишга салмоқли ҳисса қўшди.
Ҳар йили Рамазон ойида масжидларда туркум суҳбатлар уюштириб, муайян мавзу асосида илмий мавъизалар қилар эди. Бу туркум суҳбатларнинг овози ва тасвири ёзиб олиниб, миллий ва хорижий радиоканаллар ҳамда интернет орқали кенг жамоатчиликка тақдим қилинар эди.
Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари замон билан ҳамнафас равишда, давр талабига ҳозиржавоблик билан интернет тармоғида ҳам исломий маърифат тарқатиш, ахборот тармоқларининг ахборот уруши майдонига айланишининг олдини олиш мақсадида www.islom.uz веб-саҳифасини ташкил қилиб, ўзбекзабон интернет сарҳадларида юқорида зикр қилинган шиор остида кенг кўламли фаолият олиб борди. Ушбу веб-саҳифа бир неча йил ичида кенгайиб, исломий илмларнинг турли йўналишлари бўйича мустақил фаолият юритувчи 20 дан ортиқ сайтдан иборат улкан порталга айланди. Айниқса, порталнинг савол-жавоб хизмати туфайли жамиятдаги турли иллатлар, салбий ҳолатлар муолажа қилиб борилди. Ушбу онлайн хизмат нафақат Ўзбекистондан, балки дунёнинг турли чеккаларидан туриб интернетдан фойдаланувчи ватандошларимиз ҳамда барча ўзбекзабон мусулмонлар учун соф Ислом, тўғри ақийда таълимотларининг манбаига айланди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг улкан илмий фаолияти, баракали меҳнати билан Марказий Осиёда илмий-маърифий уйғониш даврини бошлаб берди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. У киши ўзининг ҳар бир асари биринчи саҳифасида бериладиган шиорига тўлиқ амал қилиб, Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Алломанинг асарлари бугунги кунда рус, қозоқ, уйғур, қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинди ва қилинмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқ ҳафтанинг душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари имом-хатиблар ва толиби илмлардан иборат шогирдларига тафсир, ҳадис, ақийда, замонавий фиқҳий масалалар ва руҳий тарбия илмларидан таълим берардилар. Мазкур давраларда қуйидаги китоблар асосида дарслар олиб борилган:
• «Тафсиру Насафий»
• «Манор фи улумил Қуръон» (Муҳаммад Али Ҳасан)
• «Улумул Қуръон» (Манноъ Қаттон)
• «Саҳиҳи Бухорий»
• «Асарул ҳадисиш-шариф фии ихтилафил аиммал фуқаҳо» (Муҳаммад Аввома)
• «Мусталаҳул ҳадис» (Маҳмуд Тоҳҳан)
• «Шарҳу Ақоидин-Насафийя»
• «Шарҳу Ақоидит-Таҳовийя»
• «Усулул фиқҳ» (Ваҳба Зуҳайлий)
• «Қоваиду фиқҳийя» (Аҳмад Зарқо)
• «Закот» (Кувайт ҳайъати)
• «Қоваид фиқҳийя» (Алий Надавий)
• «Фароиз» (Собуний)
• «Ашбааҳ ван-назоир» (Ибн Нужайм)
• «Замонавий молиявий масалалар» (Муҳаммад Тақий Усмоний)
• «Фиқҳ муомалот молийя» (Рофиқ ал-Мисрий)
• «Муамолот молийя муъосира» (Ваҳба Зуҳайлий)
• «Ҳикамул Атоийя» (Ибн Атоуллоҳ Сакандарий)
• «Қоваидут тасаввуф» (Шайх Аҳмад Зарруқ)
• «Ҳақоиқ анит-тасаввуф» (Шайх Абдулқодир Ийсо)
• «Шариатул Ислам солиҳатун лит-татбийқ фи кулли заман ва макан» («Ислом шариатини барча замон ва маконларга татбиқ қилиш мумкин», Қаразовий)
• «Фиқҳул авлавийят» (Қаразовий)
Шайх Муҳаммад Содиқнинг асосий вирдлари илм эди. У киши: «Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг вирди талаби илм, олимнинг вирди илм тарқатиш», дер эдилар. Кун тартибларига келсак, қишин-ёзин саҳарлаб турардилар, таҳажжуд ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдга ўтирардилар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар ва ўзлари ихтиёр қилган баъзи зикрлар бўларди. Кўпинча эрталаблари турли маросимларга таклиф қилинар, у ерда ҳам амри маъруф ва наҳйи мункар қилар эдилар. Ҳар куни ўн саҳифа китоб таълиф қилишни ўзлари учун вазифа қилиб олган эдилар. Вазифаларини тугатмагунча бошқа ишга қўл урмас эдилар. Ҳатто сафарда ҳам, имкон топилди дегунча, ишларини давом эттирардилар.
Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони Каримни кўп ўқир ва эшитар эдилар. Озгина фурсат бўш қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар. У киши бадиий адабиётга ҳам қизиқардилар. Илмий ишлардан бўшаган пайтлари турли бадиий асарларни ўқир, ҳикматли шеърларни ўқишни, тинглашни яхши кўрар эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқнинг сўнгги йиллардаги энг буюк хизматларидан яна бири – «Олтин силсила» деб номланган ҳадислар мажмуасининг академик нашрига бош-қош бўлганидир. «Набавий ҳадисларнинг олтин силсиласи» деб номланган ушбу улкан илмий лойиҳага Ислом оламида эътироф этилган «Кутубу ситта» муаллифлари ҳамда яна уч буюк муҳаддиснинг ҳадислар тўплами киритилди:
1. «Саҳиҳи Бухорий»
2. «Саҳиҳи Муслим»
3. «Сунани Абу Довуд»
4. «Сунани Термизий»
5. «Сунани Насоий»
6. «Сунани Ибн Можа»
7. «Муваттои Молик»
8. «Сунани Доримий»
9. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон»
Ушбу улкан академик мажмуа жами 50 жилдга яқин бўлиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу муҳаддисларнинг беш нафари буюк алломалар юрти бўлмиш она Ватанимиз, қадим Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муҳаддис имомлар экани ўзбек мусулмонлари учун чинакам фахрдир.
Ҳадиси шарифлар, хусусан, буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони имом Бухорий ҳазратларининг Ислом оламида Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турувчи «Жомеъус-саҳиҳ» тўплами мухтасар шаклда аввал ҳам ўзбек тилига таржима қилинган. Бироқ «Олтин силсила» мажмуасининг ўзига хос жиҳати, юксак илмий аҳамияти шундаки, ушбу асардаги ҳадислар Ислом уламоларининг илмий адабиётларга, хусусан, ҳадис тўпламларига қўйган шарт ва талабларига тўла риоя қилинган ҳолда берилган. Аввал араб тилидаги, энг мўътамад нусхалардан олинган асл матн, сўнгра имкон қадар асл матнга сўзма-сўз мосланган, ҳозирги замон ўзбек адабий тилидаги таржима берилган. Зарур ҳолларда ўқувчилар учун айрим истилоҳлар, янги ёки нотаниш сўзларга изоҳ ва иловалар келтирилган.
«Тафсири Ҳилол». Олти жилддан иборат ушбу китоб Қуръони Каримнинг замонавий ўзбек тилида ёзилган биринчи тўлиқ тафсиридир.
• «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси»
• «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи. Ал-Азҳар шайхи Мансур Алий Носиф қаламига мансуб «Ат-Тожул жомеъ лил усул фий аҳадисур Расул» номли китобнинг таржимаси ва 37 жуздан иборат шарҳи:
14-15. Қасамлар, назрлар ва ов
19. Оламларга раҳмат Пайғамбар
21. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо
22. Усмон ва Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо
23. Ашараи мубашшара ва аҳли байт
24. Пешқадамлар розияллоҳу анҳум
25. Нубувват хонадони хонимлари
29. Тафсир. Туш ва масаллар китоби
35. Зикрлар, дуолар, истиғфор ва тавба
• «Иймон»
• «Шоядки, тақводор бўлсак»
• «Поклик иймондандир»
• «Ҳаж ибодати»
• «Исломда инсон ҳуқуқлари»
• «Ислом мусаффолиги йўлида»
• «Ислом маънавий жиноятларга қарши»
• «Рамазонни қандай қаршилаймиз»
• «Ислом ва атроф-муҳит муҳофазаси»
• «Усулул фиқҳ»
• «Мусталаҳул ҳадис»
• «Кифоя» («Мухтасарул виқоя» шарҳи, 3 жилд).
• «Одоблар хазинаси» (Имом Бухорий қаламига мансуб «Адабул муфрад» китобининг шарҳи, 4 жилд).
• «Яхшилик ва силаи раҳм китоби» (Ҳасан Марвазийнинг шу номли китоби таржимаси ва шарҳи, 2 жилд)
• «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам»
• «Соф табиат дини»
• «Зикр аҳлидан сўранг» (1-жуз)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (2-жуз)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (3-жуз)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (4-жуз)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (5-жуз)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (6-жуз)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (7-жуз)
• «Ижтимоий одоблар»
• «Бахтиёр оила»
• «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар»
• «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар»
• «Ақийдатут-Таҳовия шарҳи талхийси» (Анвар Бадахшоний)
• «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар»
• «Мазҳаблар – бирлик рамзи»
• «Исроф»
• «Ёлғон»
• «Бозор ва унга боғлиқ масалалар»
• «Қарз ва унга боғлиқ масалалар»
• «Самарқанднинг сара уламолари»
• «Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш каби ишларнинг ҳақиқати»
• «Соғлом бола»
• «Мўминнинг меърожи» (муфассал намоз китоби)
• «Мўминнинг қалқони» (муфассал рўза китоби)
• «Мўминнинг нажоти» (муфассал закот китоби)
• «Мўминнинг умр сафари» (муфассал ҳаж китоби)
• «Сарахс аҳли сўраган масалалар. Касбнинг баёни» (Ҳаким Термизий)
• «Очиқ хат»
• «Кексаларни эъзозлаш»
• «Хислатли ҳикматлар шарҳи» (5 жилд)
• «Ислом тарихи» (2 жилдлик)
• «Олам ва одам, дин ва илм»
• «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар»
• «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» (М.Аввома)
• «Нақшбандия (вазифалар, зикрлар)»
«Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркуми:
• «Амаллар ниятга боғлиқдир»
• «Зуҳд ва ҳаё»
• «Дин насиҳатдир»
• «Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир»
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг рус тилида чоп этилган китоблари:
• «Тафсир Хилал» (1-том)
• «Тафсир Хилал» (2-том)
• «Тафсир Хилал» (3-том)
• «Тафсир Хилал» (4-том)
• «Тафсир Хилал» (5-том)
• «Тафсир Хилал» (6-том)
• «Тафсир Хилал» (30-жуз)
• «Хадисы и Жизнь» (1-жуз)
• «Хадисы и Жизнь» (2-жуз)
• «Хадисы и Жизнь» (3-жуз)
• «Хадисы и Жизнь» (4-жуз)
• «Хадисы и Жизнь» (18-жуз)
• «Хадисы и Жизнь» (19-жуз)
• «Суннитские вероубеждения»
• «Разногласия: причины и решения»
• «Истина о сути гадания, колдовства, изгнание джиннов и нетрадиционных методов лечения»
• «Заем и связанные с ним вопросы»
Шайх Муҳаммад Содиқнинг жуда кўплаб асарлари аудиокитоб қилинган, туркум маърузалари асосида видеофильмлар тайёрланган. Қуйида ҳозирги кунда «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг e-hilolnashr.uz манзилидаги электрон дўконидан юклаб олиш мумкин бўлган аудиокитобларнинг рўйхати илова қилинмоқда.
• «Тафсири Ҳилол» (23–30-поралар)
«Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми:
2. Ислом ва иймон китоби
3. Ният, ихлос ва илм китоби
4. Поклик
5-7. Намоз китоби
8. Закот китоби
9. Рўза китоби
10. Ҳаж ва умра
11. Савдо, зироат ва вақф
12. Фароиз ва васиятлар
13. Никоҳ, талоқ ва идда
14-15. Қасамлар, назрлар ва ов
16-17. Таом, шароб ва либос
18. Тиб ва дам китоби
19. Оламларга раҳмат Пайғамбар
20. Анбиёлар қиссаси
21. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо
23. Ашараи мубашшара ва аҳли байт
24. Пешқадамлар розияллоҳу анҳум
25. Нубувват хонадони хонимлари
26. Ансорлар розияллоҳу анҳум
27. Ахёрлар ва диёрлар фазли
30. Қуръон фазилатлари
34. Яхшилик ва ахлоқ китоби
35. Зикр, дуо, истиғфор ва тавба
36. Зуҳд ва рақоиқлар
• «Одоблар хазинаси» (Ал-адабул-Муфрад, 4 диск)
• «Ҳикматли дунё» (8 диск)
• «Зикр аҳлидан сўранг» (1, 2, 3-қисмлар)
• «Бахтиёр оила»
• «Васатия – ҳаёт йўли»
• «Ижтимоий одоблар»
• «Иймон»
• «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар»
• «Қуръон илмлари»
• «Қуръони Карим маънолари таржимаси» (Амма пораси)
• «Қуръони Карим маъноларининг ўзбекча таржимаси» (6 диск)
• «Мукаммал саодат йўли»
• «Руҳий тарбия» (3 диск)
• «Сунний ақийдалар»
• «Ҳадис сабоқлари» (1, 2-дисклар)
• «Ҳаж китоби»
• «Яхшилик ва силаи раҳм»
«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси 2011 йилда фаолият юрита бошлаган. Ўтган қисқа муддат мобайнида босмахонада ўрнатилган матбаа дастгоҳлари, технологик ускуналар, қўлёзмадан тайёр китобгача бўлган жараёнларни тўла механизациялаш, матбаачиликнинг замонавий усулларини ишга солиш ва китоб нашр этишда энг илғор воситалардан фойдаланиш борасида мамлакатимиздаги етакчи матбаа корхоналарига тенглашиб қолди.
«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси асосий фаолиятини қуйидаги йўналишларда олиб бормоқда:
• Диний, маърифий, илмий-оммабоп, публицистик ва бадиий асарларни нашр этиш;
• Илмий-маърифий мазмундаги аудио ва видео маҳсулотлар тайёрлаш;
• Китоб, аудио ва видеомаҳсулотлар савдоси.
«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуасига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ асос солган. Нашриёт мамлакатимиз аҳолисининг диний-маърифий, бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларга бўлган талабини қондириш ишига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугунги кунгача матбаада шайх Муҳаммад Содиқнинг кенг китобхонлар орасида машҳур бўлган олти жилдлик «Тафсири Ҳилол» асари, кўп жилдлик «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми, «Сунний ақийдалар», «Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талхийси», «Қуръон илмлари», «Кифоя», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Бахтиёр оила», «Мукаммал саодат йўли», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг», «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» каби 100 дан ортиқ номдаги китоблари чоп этилди. Шунингдек, муаллифнинг ўндан ортиқ китоблари, жумладан, «Тафсири Ҳилол» ва «Ҳадис ва Ҳаёт» асарларининг бир неча жилдлари, «Сунний ақийдалар», «Васатия – ҳаёт йўли», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар» асарлари рус тилида ҳам чоп қилинди. Бундан ташқари, у киши таржима қилган доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг «Мазҳабсизлик – бидъатдир», Саййид Мубашшир Тарозийнинг «Соф табиат дини» асарлари, хитойлик олим Азизийнинг «Фаридиддин Аттор» асари, «Форс тили», «Араб адабий тили» дарслиги, шунингдек, бир неча аҳли илмлар ва ёзувчиларнинг китоб ва рисолалари ҳам матбаада нашрдан чиқди.
Диплом ва мукофотлар
«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси 2012 йили «Олтин силсила» китобининг сифатли муқоваси учун «Йилнинг энг яхши муқоваси» мукофотини қўлга киритди.
2014 йили босмахона раҳбари Абдулбосит Қамбаров «Йилнинг энг яхши технологи» деб эътироф этилди. «Нilol-nashr» нашриёт-матбааси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги «Йилнинг энг яхши китоби» кўрик-танловида «Маънавий-маърифий адабиётлар» номинацияси бўйича «Тафсир Хилал» (русча нусхаси) иккинчи даражали диплом билан, «Ўзбек ва жаҳон мумтоз адабиёти» номинацияси бўйича Махтумқулининг «Булбул навоси» китоби учинчи даражали диплом билан тақдирланди.
2015 йил «Йилнинг энг яхши китоби» V республика кўрик-танловининг «Ижтимоий-сиёсий адабиётлар» номинацияси бўйича фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қаламига мансуб «Очиқ хат» китоби ҳамда унинг «Открытое послание» деб номланган русча таржимаси кўргазманинг II даражали дипломи билан тақдирланди.
«Нilol-nashr» нашриёт-матбаасининг мамлакат ичида 8 та, мамлакат ташқарисида эса қўшни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида савдо дўкони бор.
«Нilol-nashr» нашриёт-матбаасида нашр этилган китоблар 2014 йилдан бошлаб МДҲ мамлакатларига ҳам экспорт қилина бошлади. Хусусан, Россия Федерацияси ва Қирғизистон Республикасига нашриётнинг барча китоблари экспорт қилинмоқда.
Онлайн савдо саҳифалари
«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси 2014 йилдан китоб ва медиамаҳсулотларнинг онлайн савдосини ҳам ташкил қилди. Эндиликда нашриёт «Нilol-nashr» нашриёт-матбаасида нашр этилган китоблар ва аудио-видео маҳсулотларни «Ўзбекистон почтаси» билан ҳамкорликда республиканинг барча вилоятлари ҳамда хорижий давлатларга ҳам етказиб бериш хизмати йўлга қўйилди.
Шунингдек, e-hilolnashr.uz интернет саҳифасида рўйхатдан ўтиб, электрон маҳсулотларни онлайн харид қилиш имконияти ҳам яратилди. Ушбу электрон китобларни мутолаа қилишда Windows, Android, IOS тизимида ишлайдиган жиҳозлардан фойдаланиш мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ташриф буюрди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.
Дарҳақиқат, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади.
У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган.
Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган.
Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди, деди Президентимиз. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган.
У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлганди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган.
Бу улуғ аллома турли диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Шайх ҳазратларининг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқишлари, кўплаб китоблари, жумладан, аудиокитоблари орқали юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетдилар, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – барчамизнинг бурчимиздир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Манба: uza.uz
Islom.uz порталига 2003 йилда етук аллома, муҳаддис, фақиҳ, Ислом оламининг йирик намояндаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонидан асос солинган. Мана 20 йилдирки мазкур портал соф ислом дини таълимотларини аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ақийдаси асосида кенг тарғиб қилиш, ҳанафий мазҳабини тушунтириш, диний-маънавий бой меросимизни тиклаш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизнинг барча қатламларига етказиш, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, асарларидаги юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган жиҳатларини тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, халқига, Ватанига садоқат руҳида тарбиялаш йўлида фаолият юритиб келмоқда.
Мақсадимиз: Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатишдан иборат.
Islom.uz портали 2016 йилда қайта замон талабларига мос равишда такомиллаштирилди. Бир қатор янги рукнлар ва илова сайтлар очилиб ўз фаолиятини давом эттирди. Бироқ, 2018 йилга келиб, ўқувчилар, интернет ижтимоий тармоқларидан фойдаланувчилар учун янада қулай, осон бўлиши, шунингдек диний-маърифий маълумотлар (дарслар, асарлар, мақолалар, ҳикматлар ва ҳ.к.) билан бойитиш, аввалги ҳолатини тубдан янгилаш зарурати туғилди. Шу сабаб, портални янгилаш устида жиддий изланишлар олиб борилди. Бунда асосий урғу фазилатли Шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёзиб қолдирган диний-илмий меросини ҳамда ислом асосларини халқимизга янада тушунарли, содда, равон тарзда етказишга қаратилди.
Янги такомиллаштирилган Islom.uz портали аввалги кўринишларидан бутунлай фарқ қилади. Унда муҳим аҳамиятга молик турли хил бўлим ва рукнлар бор. Хусусан, Ақийда, Қуръон, Ҳадис, Фиқҳ, Сийрат каби рукнлар, Исломнинг бешта асоси саналмиш Иймон, Намоз, Рўза, Закот ва Ҳаж бўлимлари шулар жумласидандир. Шунингдек ундан Янгиликлар, Сўнгги мақолалар, Бахтиёр оила, Ота-онани эъзозлаш ва Муслималарга оид саҳифалар ҳам ўрин олган. Яна бир муҳим жиҳати – унда Тошкент вақти бўйича намоз вақтларининг акс этиб туришидир. Ҳар намоз вақти кирганда, шунга монанд орқа фондаги ранг ҳам ўзгариб туради. Бу, ўз навбатида инсонга намоз вақтларини эсга солиб турса, иккинчи томондан эстетик завқ бағишлайди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, порталнинг материаллари бир пайтнинг ўзида учта хорижий (араб, рус, инглиз) тилларида ҳам бериб борилади.
Islom.uz портали таҳририяти соҳага оид расмий хабарларни қонунчиликда белгиланган тартибда мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларига таянган ҳолда тарқатади.
Порталнинг иккинчи қисмидан Islom.uz media, фотолавҳалар ҳамда «Hilol nashr» нашриёт матбааси томонидан чоп этилган янги китоблар галереяси жой олган. Улар ҳам ўзига хос ранг-баранг хусусиятга эга.
Умуман олганда, Islom.uz портали диний, илмий-маърифий ва техник жиҳатдан замон талабларига мос янги кўринишга эга бўлди.
Албатта, буларнинг барчаси халқимизнинг диний саводхонлигини юксак даражага кўтариш, исломий маърифат таратишга қаратилган.
Бу ишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин!