Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (58-дарс). Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш

13:05 / 06.11.2019 5941 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муаллиф иймон бобидаги энг муҳим бир масала ҳақида алоҳида фасл очди. Бу масала иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина тортишувларга сабаб бўлган масаладир. Лекин аҳли сунна ва жамоа уламоларининг тортишувлари моҳиятда эмас, суратдадир. Баъзилари тўғридан-тўғри «Иймон зиёда ва кам бўлади» десалар, баъзилари «Иймоннинг асли бир, аммо унга тааллуқли ишлар, амаллар зиёда ёки кам бўлади», дейдилар.

Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи ҳам таҳқиқ қилганларидан кейин иймоннинг зиёда ва кам бўлишига, кучли ёки заиф бўлишига ишонч ҳосил қилганлари учун ушбу фаслни очмоқдалар. Бу фикрни қувватлаш учун аввало Қуръони Каримдан оят келтирилмоқда:

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббиларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир» (Анфол сураси, 2-оят).

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло Қуръон оятлари тиловатини эшитганда ҳақиқий мўминларнинг иймони зиёда бўлишини таъкидламоқда. Бу эса ҳақиқий мўминнинг ушбу оятда зикр қилинган уч сифатидан бири ҳисобланмоқда.

Муҳаддисларимиз ўз фикрларини тасдиқлаш учун очган бобларига аввало Қуръон оятини келтиришни, сўнгра эса шу маънодаги ҳадисларни келтиришни одат қилганлар.

Имом Бухорий ҳам ўз «Саҳиҳ»ларида иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақида боб очганларидан кейин саккизта оятни далил қилиб келтирганлар. Бизнинг муаллифимиз такрорни озайтиришни ўзларига шиор қилиб олганлари учун, биргина оятни зикр қилиш билан кифояланадилар. Сўнгра ҳадислар келтиришни бошлайдилар.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни ҳам Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. У киши билан юқорида танишиб ўтдик.

Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳйи мункар бобида келтирадилар. Бизнинг муаллифимиз эса иймоннинг зиё­да ва кам бўлиши бобида келтирибдилар. Бунинг фар­қи йўқ, иккиси ҳам баробар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дийни томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб, иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.

«Мункар иш» деганда дийн, шариат томонидан инкор қилинган ёмон иш тушунилади. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:

1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».

Бу «куч ишлатиб» деган маънони билдиради. Яъни бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна мункарни қайтаришдан олдин ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.

2. Мункар ишни тили билан қайтариш.

Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.

3. Мункар ишни дили билан қайтариш.

Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилади. Бу эса энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.

Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» бобида бу ҳақда батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканлигини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз лозим. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда, иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дийни – Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш.

2. Имкони бўлса, мункар ишни қўл билан қайтариш, ўзгартириш.

3. Қўл билан қайтаришнинг имкони бўлмаганда мункар ишни тил билан қайтариш.

4. Қўл билан ҳам, тил билан ҳам қайтаришнинг имкони бўлмаганда дил билан қайтариш.

5. Мункар ишни дил билан қайтариш энг заиф иймон эканлигини англаш.

Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур давоми...

6011 16:07 / 08.01.2020
1. Қиблага қараб ўтириб, таҳорат қилиш. Таҳорат ndash ибодат. Қиблага қараб ибодат қилиш қандай яхши 2. Баланд жойда ўтириб, таҳорат қилиш. Ишлатилган сувлар бадан ёки давоми...

2270 19:00 / 03.05.2023
Имом Ҳасан алБасрий .Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир,, дея туриб, .Аллоҳдан давоми...

2724 18:00 / 13.10.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . . .У киши розияллоҳу анҳу .Мен ўз халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Мўминнинг безаги давоми...

3929 19:00 / 06.07.2022