Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (132-дарс). Суннатни маҳкам тутиш

16:00 / 14.04.2021 3059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ يَقُولُ: جَاءَتْ مَلَائِكَةٌ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَهُوَ نَائِمٌ، فَقَالَ بَعْضُهُمْ: إِنَّهُ نَائِمٌ، وَقَالَ بَعْضُهُمْ: إِنَّ الْعَيْنَ نَائِمَةٌ وَالْقَلْبَ يَقْظَانُ فَقَالُوا: إِنَّ لِصَاحِبِكُمْ هَذَا مَثَلًا فَاضْرِبُوا لَهُ مَثَلًا، فَقَالَ بَعْضُهُمْ: إِنَّهُ نَائِمٌ، وَقَالَ بَعْضُهُمْ: إِنَّ الْعَيْنَ نَائِمَةٌ وَالْقَلْبُ يَقْظَانُ فَقَالُوا: مَثَلُهُ كَمَثَلِ رَجُلٍ بَنَى دَارًا وَجَعَلَ فِيهَا مَأْدُبَةً وَبَعَثَ دَاعِيًا، فَمَنْ أَجَابَ الدَّاعِيَ دَخَلَ الدَّارَ وَأَكَلَ مِنَ الْمَأْدُبَةِ، وَمَنْ لَمْ يُجِبِ الدَّاعِيَ لَمْ يَدْخُلِ الدَّارَ وَلَمْ يَأْكُلْ مِنَ الْمَأْدُبَةِ، فَقَالُوا: أَوِّلُوهَا لَهُ يَفْقَهْهَا فَقَالَ بَعْضُهُمْ: إِنَّهُ نَاِئمٌ، وَقَالَ بَعْضُهُمْ: إِنَّ الْعَيْنَ نَائِمَةٌ وَالْقَلْبَ يَقْظَانُ، فَقَالُوا: فَالدَّارُ الْجَنَّةُ، وَالدَّاعِي مُحَمَّدٌ صلى الله عليه وسلم فَمَنْ أَطَاعَ مُحَمَّدًا فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ، وَمَنْ عَصَى مُحَمَّدًا فَقَدْ عَصَى اللهَ، وَمُحَمَّدٌ صلى الله عليه وسلم فَرْقٌ بَيْنَ النَّاسِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Баъзилари:

«Ухлаб ётибди», дейишди. Бошқалари эса:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди. Улар:

«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани, бунга мисол келтиринглар-чи», дейишди. Баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди. Бошқалари:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди. Бас, улар:

«Бунинг мисоли худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган Зот унга бир чақирувчи юборганга ўхшайди. Бас, ким ўша чақирувчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким чақирувчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дейишди. Улар:

«Буни унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди.

Баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди. Бошқалари эса:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди. Бас, улар:

«Ҳовли – жаннат, чақирувчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибдир. Муҳаммад одамлар орасини фарқловчидир», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат – у зотнинг суннатларини маҳкам тутиш ҳақида кетмоқда.

Бу сафар Аллоҳ таоло билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисолларини Олий Мақомнинг вакиллари, яъни муқарраб фаришталар – табиатида исён бўлмаган, амр қилинган нарсани сўзсиз бажарадиган зотлар қилмоқдалар. Шунинг ўзи ажойиб бир руҳоний ва олиймақом ҳолатни вужудга келтирмоқда.

Аллоҳ таолонинг ҳабиб Пайғамбари, оламларнинг сарвари, мўминларнинг шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётибдилар. Бу улуғ зот ҳурматидан Аллоҳнинг фаришталари у киши ётган жойга келдилар. У зотни кўрган фаришталарнинг;

«Баъзилари: «Ухлаб ётибди», дейишди».

Яъни, «Биз унинг ҳузурига иш билан келган эдик, у ухлаб ётибди экан, нима қиламиз?», демоқчи бўлдилар. Шунда

«Бошқалари эса:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди».

Яъни, бу зотнинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди, ишимизни бошлайверайлик, демоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам «Менинг кўзим ухлайдию, қалбим ухламайди», деганлар. Умуман, бошқа пайғамбарларнинг ҳам кўзлари ухлаб, қалблари ухламайди. Эҳтимол, фаришталарнинг ўзаро суҳбати ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлагани билан қалблари ухламаслигини қайта-қайта таъкидлаш учун келтирилаётгандир.

Нима бўлганда ҳам, ўзаро суҳбатдан кейин фаришталар ўзлари қилишлари лозим бўлган ишни бажаришга киришдилар.

«Улар:

«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани, бунга мисол келтиринглар-чи», дейишди».

Мана шу ухлаб ётган биродарингиз улуғ бир масъулият юклатилган одам. Аллоҳ таоло уни маълум иш учун танлаб олган. Унинг одамларга алоқаси бор. Ана ўшаларни нимага ўхшатиш мумкин? Қани, бир ўхшатиб кўринг-чи, дейилди. Яна улардан: 

«Баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди».

Яъни, «Қандай бўлар экан? У ухлаб қолибди. Биз унга мисол келтирсак, ўзи эшитармикан», демоқчи бўлдилар. Шунда:

«Бошқалари:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди».

Яъни, «Бу одамнинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди. Ҳамма нарсани билиб туради, сиз мисолни келтираверинг, у эшитади», демоқчи бўлдилар.

«Бас, улар:

«Бунинг мисоли худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган Зот унга бир чақирувчи юборганга ўхшайди. Бас, ким ўша чақирувчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким чақирувчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди», дейишди.

Фаришталар бу мисол билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушхабар башоратини берувчилик сифатларини баён қилдилар.

Энди эса қурилган ҳовли, уюштирилган зиёфат ва ўша зиёфатга одам таклиф қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Келтирилган мисолни эшитганлар турлича тушуниши ва таъвил қилиши мумкин. Аммо ўша мисоллардан кўзланган маънони энг яхши тушунган тараф уни келтирган тараф бўлади.

Шунинг учун ҳам фаришталар ўзлари келтирган мисолни ўзлари таъвил қилиб, ўзлари кўзлаган маънонинг ҳақиқатини очмоқчи бўлдилар:

«Улар:

«Буни унга таъвил қилинглар, тушунсин», дейишди».

Яъни, «Бу мисолни ухлаб ётган биродарингизга шарҳ қилиб беринг, нима маъно кўзланганини тушунсин», демоқчи бўлдилар. Лекин яна улардан:

«Баъзилари:

«У ухлаб ётибди», дейишди».

Яъни, у ухлаб ётибди, биз мисолни таъвил қилсак, у тушунармикан, демоқчи бўлдилар. Шунда яна

«Бошқалари эса:

«Албатта, кўз уйқуда, қалб уйғоқ», дейишди».

Яъни, таъвилни қилаверинглар. Унинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди. Албатта у таъвилингизни тушунади, дедилар. Сўнгра улар мисолни таъвил қила бошладилар.

«Улар:

«Ҳовли – жаннат, чақирувчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейишди.

Демак, ҳовли – жаннат, уни барпо қилган Зот – Аллоҳ! Унда зиёфат уюштирган Зот ҳам Аллоҳ! Ҳовлидаги зиёфат – жаннатнинг неъматлари. Зиё­фатга одам чақириб келиш учун чақирувчи юборган Зот – Аллоҳ. Чақирувчи эса – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Чақирувчи – Пайғамбаримизга ишониб, у зотнинг чақириғига жавоб берганлар – мўмин-мусулмонлар. Улар Аллоҳ юборган чақирувчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақириғини – Исломни қабул қилганлари учун жаннатга кирадилар ва ундаги нозу неъматлардан баҳраманд бўладилар. Чақирувчига жавоб бермаганлар – кофирлар. Улар Аллоҳ таоло юборган чақирувчи – Муҳаммад алайҳиссаломнинг чақириқлари – Исломни қабул қилмаганлари учун жаннатга кирмайдилар ва зиёфатдан баҳраманд бўлмайдилар.

Фаришталар ўз гапларини қуйидаги сўзлар билан тугатдилар:

«Улар:

«Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибдир. Муҳаммад одамлар орасини фарқловчидир», дейишди».

Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга фақат Аллоҳнинг амрини етказадилар. Ўзларидан бир нарсани чиқармайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш ёки осий бўлиш орқали одамлар иккига ажраб фарқланадилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилганлар мўмин-мусулмон – жаннат аҳли бў­ладилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлганлар эса кофир ва мунофиқ – дўзах аҳли бўладилар. Одамларнинг орасини бундай қилиб фарқловчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳам ҳузурларига фаришталарнинг келиши.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам, қалбларининг ухламаслиги.

3. Фаришталар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мисол келтириш борлиги.

4. Жаннатнинг ҳозирдан тайёрлаб қўйилганлиги.

5. Жаннатнинг нозу неъматлари ҳақ эканлиги.

6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, у зотнинг дийнлари – Исломга амал қилганларнинг жаннатга кириши.

7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмаган, Исломга амал қилмаганларнинг жаннатга кирмаслиги.

8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – Аллоҳга итоат қилиш эканлиги.

9. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлиш – Аллоҳга осий бўлиш эканлиги.

10. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларнинг орасини фарқловчи эканликлари.

Демак, ҳамма нарса очиқ-ойдин, ўйлаб ўтирадиган жойи йўқ. Ким бахтли бўлишни, жаннат нозу неъматларидан баҳраманд бўлишни хоҳласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам тутсин, унга оғишмай амал қилсин. Суннатга амал қилмай у зотга осий бўлганлар эса ўзлари биладилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат ила туғилади. Бас, отаонаси уни давоми...

5498 13:00 / 06.05.2020
Ҳар бир инсоннинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам, Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. давоми...

4918 13:09 / 02.09.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

3564 21:30 / 12.05.2021
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. давоми...

1063 19:00 / 22 май