Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Шайтонни ҳам қўрқитган нарса | Ҳадис дарслари (301-дарс)

19:00 / 02 октябрь 869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозхонларни сафга туришга чорлаш учун айтиладиган махсус такбир «иқомат» дейилади.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар, жумъа куни намозга нидо қилинса, бас, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир», деган (Жумуъа сураси, 9-оят).

وَقَالَ: ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗﭘ

Ва яна:

«Қачонки намозга нидо қилсангиз, уни масхара ва ўйин қилиб олурлар» деган (Моида сураси, 58-оят).

Бу икки оятдаги «нидо»дан мурод азон эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Демак, азон Қуръонда зикр қилинган экан.

«Азон» сўзи луғатда «билдириш» деган маънони англатади. Шариатда эса фарз намознинг вақтини махсус сўз билан билдиришга «азон» дейилади.

Азон Қуръонда зикр қилинганини юқорида билдик, ҳадисларда қандай зикр қилинганидан намуналарни, Аллоҳ хоҳласа, энди ўрганамиз.

Азон айтиш биринчи ҳижрий санадан бошланган. Дастлаб мусулмонлар масжидда тўпланишар, намоз вақтини кутиб ўтиришар, вақт бўлганда эса намоз ўқир эдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, насороларнинг зангига ўхшаш занг чалишни ёки яҳудийларнинг дудига ўхшаш дуд чалишни маслаҳат қилинган ҳоллар ҳам бўлган. Абу Довуд, Ибн Можа ва Доримийлар келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абду Роббиҳ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимга занг кўтарган бир одам келди. Мен унга:

«Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми?» дедим.

«Бу билан нима қиласан?» деди у.

«У билан намозга чақирамиз», дедим.

«Бундан яхшироқ нарсани сенга айтиб берайми?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Аллоҳу Акбар», дейсан, деб охиригача айтиб берди. Шунингдек, иқоматни ҳам айтиб берди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим.

У зот:

«Иншааллоҳ, бу ҳақ туш. Билолнинг ёнида туриб, кўрганингни айтиб бериб тур. У азон айтсин, унинг овози сеникидан кучли», дедилар.

Мен Билолга айтиб турдим, у азон айтди. Буни уйида туриб эшитган Умар ибн Хаттоб ридосини судраб, югуриб чиқди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен ҳам шунга ўхшаш туш кўрдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» дедилар».

Имом Баззор қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга азоннинг Исро кечасида кўрсатилгани ва уни етти осмоннинг устидан эшитганлари ҳақида сўз боради.

Бу ривоятлардаги ҳодисалардан кейин бир минг тўрт юз йил ўтиб, ойга қадам босган америкалик фазогир ҳам ойда туриб, азонни эшитди. Бу овозни овоз ёзиш асбоблари орқали ёзиб олди. Йиллар ўтиб, фазогир Мисрга келиб, азонни эшитганида кўпчилик иштирок этаётган йиғилишда «Бу овозни ойда эшитган эдим», деб тан олди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ أَدْبَرَ الشَّيْطَانُ وَلَهُ ضُرَاطٌ حَتَّى لَا يَسْمَعَ التَّأْذِينَ، فَإِذَا قُضَى التَّأْذِينُ أَقْبَلَ حَتَّى إِذَا ثُوِّبَ بِالصَّلَاةِ أَدْبَرَ حَتَّى إِذَا قُضَى التَّثْوِيبُ أَقْبَلَ حَتَّى يَخْطُرَ بَيْنَ الْمَرْءِ وَنَفْسِهِ يَقُولُ لَهُ اذْكُرْ كَذَا وَاذْكُرْ كَذَا مِمَّا لَمْ يَكُنْ يَذْكُرُ مِنْ قَبْلُ، حَتَّى يَظَلَّ الرَّجُلُ مَا يَدْرِي كَمْ صَلَّى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ. وَلِمُسْلِمٍ: إِنَّ الشَّيْطَانَ إِذَا سَمِعَ النِّدَاءَ بِالصَّلَاةِ ذَهَبَ حَتَّى يَكُونَ مَكَانَ الرَّوْحَاءِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон намозга азон айтилса, шайтон азонни эшитмаслик учун орқасидан ел чиқариб, ортга қочади. Азон айтиб бўлинса, яна келади. Қачон иқомат айтилса, яна ортига кетади. Иқомат айтиб бўлинса, одамнинг дилига васваса солиш учун қайтиб келади. У олдин эсламай юрган нарсаларни айтиб, уни эсла, буни эсла, дейди. Ҳаттоки одам қанча намоз ўқиганини ҳам билмай қолади», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Муслим қилган ривоятда:

«Албатта, шайтон намозга азон айтилганини эшитса, Равҳогача бўлган масофага қочади», деганлар».

Шарҳ: «Равҳо» – Мадинаи Мунавварадан ўттиз-қирқ мил чамаси узоқликдаги жойнинг номи.

Ушбу ҳадисда азон ва иқоматнинг қанчалик фазилатли нарса эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Дунёдаги барча ёмонлик, куфр, исён ва васвасанинг эгаси бўлган шайтонни шунчалик қўрқитган нарсалар фазилатли бўлмай, нима фазилатли бўлар эди?!

Азон айтилганда қаттиқ қочганидан шайтоннинг орқасидан ел чиқиб кетар экан. Бу ҳол Аллоҳни улуғлаш билан кўтарилган овоз унга нақадар қаттиқ таъсир қилишини кўрсатиб турибди.

Шунингдек, шайтоннинг ўттиз ёки қирқ мил узоқликка қочиши ҳам ҳазил иш эмас. Бу эса азон ва иқомат айтилган жойда шайтон бўлмайди, деганидир.

Шайтон инсонни намозда қандай васваса қилиши бу ҳадиси шарифда ажойиб услуб билан баён қилиб берилмоқда. Демак, намоз ўқиган пайтимизда ўша васвасадан узоқ бўлиш йўлларини ахтаришимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

5068 17:45 / 02.04.2018
. . . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

2717 19:00 / 28.12.2022
. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида хутба қилиб .Аллоҳга тақво давоми...

1649 19:00 / 13 март
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ душмандир,, давоми...

4762 17:00 / 08.12.2021