Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (129-дарс). Қайтариқлардан четда бўлиш

16:30 / 24.03.2021 3267 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَافْعَلُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلَافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтарганларидан қайтиб, буюрганларини қилиш Суннатни маҳкам тутиш демакдир.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз зоти шарифларидан содир бўлган наҳйи ва амрларга сиз билан биз – у кишининг умматлари қандай муносабатда бўлишимиз лозимлигини баён қилмоқдалар. Ҳадиснинг иккинчи қисмида эса бу ишга нотўғри муносабатда бўлиш ҳалокатга олиб келишини айтиб, огоҳлантирмоқдалар.

«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар», дейдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг бошида. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни нимадан қайтарган бўлсалар, биз ҳеч гап-сўзсиз дарҳол ўша нарсадан четда бўлишимиз, у нарсага умуман яқинлашмаслигимиз керак бўлади. Эътибор берайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан четда бўлинглар» демоқдалар, «Ундан қайтинглар, уни қилманглар», деганлари йўқ. Четда бўлиш қайтиш ва қилмасликдан кўра кучлироқ ишдир. Бир ишни қилмаслик ёки ундан қайтиш ўша ишнинг яқинига бормаслик ёки атрофида юрмасликни ифода қилмайди. Четда бўлиш эса умуман яқин йўламасликни билдиради. Шунинг учун шариатимизда бирор нарсадан қайтарилган бўлса, ўша нарсанинг сабабчиларидан ҳам, унинг атрофидаги нарсалардан ҳам қайтарилган бўлади.

Мисол учун, ароқ ҳаром қилинган. Унга тегишли ҳамма нарса, яъни уни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш, ичганлар билан ўтириш ва бошқалар ҳам ҳаром ҳисобланади.

Шунингдек, зино ҳаром қилиниши билан унга сабаб бўлувчи ва унга тегишли бошқа нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Шу сабабли шариат қайтарган нарсалардан узоқда бўлиш жуда муҳимдир.

Ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг», дейдилар.

Ўз-ўзидан маълумки, бундан фарз ва вожиб амаллар мустаснодир. Чунки бу амалларни ҳеч кам-кўстсиз бажаришни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилгандир. Бундай амалларни кучим, қудратим етганича қиламан, чарчаб қолсам, қолаверади, деб бўлмайди.

Мисол учун: «Тўрт вақт намозни ўқийман-у, Бомдодга келганда узр, уйғонишим қийин», дейилмайди.

Фарз ва вожиб амаллардан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишлар қўлдан келганича қилинаверади. Гапни кўпайтириб, сўраб-суриштириб ўтирилмайди. Мўмин-мусулмон инсоннинг вазифаси – ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш. Уларни муҳокама қилиш, сўраб-суриштириш эмас. Зотан, тажрибанинг кўрсатишича, бундай нотўғри иш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида қуйидагиларни таъкидламоқдалар:

«Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».

Мусулмонлардан аввал ўтган кўпгина умматлар буйруқ ва қайтариқларни эшитгандан сўнг индамай амал қилиб кетавермай, саволларни кўпайтириб юборганлари учун ҳалок бўлганлар.

Шунингдек, ўз пайғамбарларига хилоф қилганлари учун ҳалок бўлишган. Мусулмонлар ҳам ўшаларга ўхшаб, ҳалок бўлмайлик, десалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр ва наҳйиларига сўзсиз амал қилсинлар, саволни кўпайтирмасинлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан четда бўлсинлар, у зотнинг фарз ва вожибдан бошқа амрларига имконлари борича амал қилсинлар, асло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилмасинлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсалардан четда бўлиш.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига имкон борича амал қилиш (Фарз ва вожиблар бундан мустасно).

3. Шариат амрларини иккиланмай амалга ошириш.

4. Беҳуда саволларни кўпайтирмаслик.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай хилоф қилмаслик.

6. Ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ишларни қилмаслик.

Мусулмонлар бу ҳадиси шариф ҳикматига ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам муҳтождирлар. Чунки уларнинг аксарияти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмайдиган, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишларни эса қилмайдиган бўлиб кетганлар. Мусулмон номини даъво қилиб юрганлардан баъзилари шариат ҳукмлари тўғрисида турли шак-шубҳали саволларни кўпайтиришдан тўхтамайдилар. Уларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилишлари кўп. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраш йўлидир. Ҳалокатга учрамаслик учун тезда ўзимизни ўнглаб олишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ давоми...

3202 16:00 / 02.02.2022
. . . Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган давоми...

1952 19:00 / 17 апрель
Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ давоми...

4644 13:08 / 26.08.2020
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

6271 15:10 / 06.02.2019