Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (52-дарс). Тасдиқ ва иқрор амалдан иборат (иккинчи мақола)

19:05 / 25.09.2019 4923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иккинчи қисм тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади:

1. Тавҳидни талаффуз қилиш.

2. Қуръон тиловати.

3. Илм ўрганиш.

4. Илм ўргатиш.

5. Дуо қилиш.

6. Зикр қилиш. Бунга истиғфор айтиш ҳам киради.

7. Беҳуда гаплардан четланиш.

Учинчи қисм бадан амалларидан иборат бўлиб, қирқ шуъбага бўлинади. Бу қисм уч навлидир.

Биринчи нав ҳар бир шахснинг ўзига хос нарсаларда бўлиб, ўн олти шуъбадан иборатдир:

1. Пок бўлмоқ. Бунга баданнинг, кийимнинг ва маконнинг поклиги киради. Баданнинг поклигига таҳорат кетказадиган нарсалардан таҳорат қилиш ҳамда жунубликдан, хайз ва нифосдан ғусл қилиш орқали покланиш киради.

2. Намоз ўқиш. Бунга фарз, нафл ва қазо намозлар киради.

3. Закот бериш. Бунга садақа, закот, садақаи фитр, таом бериш, меҳмонни икром қилиш, сахийлик киради.

4. Рўза тутиш. Фарз ёки нафл рўза киради.

5. Ҳаж қилиш. Бунга Умра ҳам киради.

6. Эътикоф ўтириш. Бунга Қадр кечасини кутиш ҳам киради.

7. Дийнни қутқариш. Бунга ширк диёридан ҳижрат қилиш ҳам киради

8. Назрга вафо қилиш.

9. Қасамларга эҳтиёт бўлиш.

10. Каффоратни адо қилиш.

11. Намозда ва ундан ташқарида авратни беркитиш.

12. Қурбонлик сўйиш.

13. Жанозага тегишли ишларни қилиш.

14. Қарзни адо қилиш.

15. Муомалада содиқ бўлиш. Риёдан сақланиш.

16. Ҳақ ила гувоҳлик бериш. Гувоҳликни яширмаслик.

Иккинчи нав тобеъларга хос бўлиб, олти шуъбадан иборат:

1. Никоҳ ила иффатли бўлмоқ.

2. Аҳли аёлининг ҳаққини адо қилмоқ. Бунга ходимларга мулойим муомала қилиш ҳам киради.

3. Ота-онага яхшилик қилиш. Бунга оққ бўлишдан сақланиш ҳам киради.

4. Фарзандлар тарбияси.

5. Қариндошлик алоқаларини йўлга қўйиш.

6. Раҳбарларга итоат қилиш.

Учинчи нав оммага тааллуқли бўлиб, ўн саккиз шуъбадан иборат.

1. Адолат билан раҳбарлик қилиш.

2. Жамоатга тобеъ бўлиш.

3. Ишбошиларга итоат қилиш.

4. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Бунга хавориж ва боғий (жамоатга қарши чиқиш)ларга қарши уруш қилиш ҳам киради.

5. Яхшилик йўлида кўмаклашиш.

6. Амри маъруф, наҳйи мункар.

7. Ҳаддларни қоим қилиш.

8. Аскарлик ишлари ҳам шунга киради.

9. Омонатни адо қилиш.

10. Қарз ва унга вафо қилиш.

11. Қўшнини икром қилиш.

12. Яхши муомалали бўлиш. Бунга ҳалол мол топиш ҳам киради.

13. Молу мулкни тўғри сарфлаш. Бунга исроф ва беҳуда сарф-харажатни тарк қилиш ҳам киради.

14. Саломга алик олиш.

15. Акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳу» – «Сенга Аллоҳ раҳм қилсин» дейиш.

16. Одамлардан зарарни қайтариш.

17. Беҳуда ишлардан четда бўлиш.

18. Йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш.

Жами етмиш етти шуъба бўлди.

Бу – аллома Маҳмуд ибн Аҳмад Айний раҳматуллоҳи алайҳининг ижтиҳодларидир. Бу илмий ижтиҳоддан кўплаб фойда олдик. Аллоҳ таоло у кишига манфаатли илм қолдирганлари учун мукофотларини тўлиқ қилиб берган бўлсин!

Аммо бир мулоҳазамиз борки, Айний раҳматуллоҳи алайҳининг етмиш еттилик рўйхатларига ушбу ҳадисда очиқ-ойдин айтилган «Ҳаё» шуъбаси кирмай қолибди. Албатта, у киши айтганларидек, ҳаёни ҳам бирорта бобга қўшиб юборса бўлади. Аммо ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шуъбалардан кейин ҳаёни алоҳида таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дейилиши бежиз бўлмаса керак. Чунки ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

Энди ушбу ҳадисдан оладиган фойдалар ҳақида сўз юритайлик:

1. Иймоннинг шуъбалари борлиги.

2. «Лаа илааҳа иллаллоҳ» иймоннинг олий шуъбаси эканлиги.

3. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш иймондан эканлиги.

4. Ҳаё иймондан эканлиги.

Уламоларимиз Иймон ва унинг шуъбаларини дарахт ва унинг шохларига ўхшатадилар. Агар Имом ал-Айнийнинг ижтиҳоди ила тасаввур қилсак, иймон етмиш етти шохи бор бир гўзал дарахтдир. Ўша кўркам дарахт ҳамма шохлари билан гўзалдир. Аллоҳ кўрсатмасин, бирор шохи, ҳатто бирор баргига футур етса, дарахтнинг гўзаллигига футур етади. Кўрган одам: «Шу барги ҳам бут бўлса, ажойиб дарахт бўлар экан», деб афсусланади.

Инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик-чи, иймон дарахтимизнинг ҳамма барглари, шохлари, танаси бутми? Нечта шохи кесилган, нечтаси қуриган? Уларни ўрнига келтириш учун нималар қилмоқдамиз?

Дунё бугунги кунда бу ҳадисдан чиқадиган ҳикматларга қанчалик муҳтож? Дунёга етмиш нечта шуъбаси бор иймон жуда керак, дунё ва инсоният иймонга жуда муҳтож.

Бутун дунё, барча инсоният «Лаа илааҳа иллаллоҳ»га муҳтож, иймоннинг муҳим шуъбаларидан бўлган ҳаёга муҳтож.

Улар йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом дийнига муҳтожлар. Бу эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки дунёда, инсонлар ичида кундан-кунга иймонсизлар, иймони заифлар кўпаймоқда, ҳаёсизлар кўпаймоқда. Инсоният йўлига озор берувчи нарсаларни ташловчилар кўпаймоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозни муҳофаза қилиш 14тавсияАбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ҳақида гапириб, шундай давоми...

4668 17:04 / 08.01.2017
Кишиларга даъват, ваъзнасиҳат, тушунтириш ишларини олиб борувчиларнинг ҳадис саҳиҳ экан, деб, тўғри келган жойда, ҳар бир учраган одамга айтавериши ҳам дуруст давоми...

5902 13:00 / 13.02.2019
Илм талабининг фазилати 3тавсия Қабиса ибн Мухориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордим. У зот .Эй давоми...

4808 05:00 / 28.02.2017
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил давоми...

3009 16:30 / 29.12.2021