Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (16-дарс). Қандай нарсалар Муҳаммад алайҳиссаломдан башарлик тақозоси ила содир бўлган?

15:00 / 16.01.2019 6166 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гап-сўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда мазкур нарсалар билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш борасида содир бўлганларини ажрата билишнинг нечоғлиқ муҳим экани ҳақида сўз кетганда деярли ҳамма уламоларимиз «Хурмони чанглатиш ҳадиси»ни ҳужжат-далил сифатида келтирадилар.

Аввал ўрганиб ўтилган бобда аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий ҳам худди шундай қилдилар. Ҳақиқатда бу ҳадис шу масала бўйича белгиловчи ўрин тутади. Шунинг учун уни батафсил ўрганиб олсак, иншааллоҳ, иш осон кўчса, ажаб эмас.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Саҳиҳ»ларида Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (хурмо) чанглатаётган бир қавмнинг олдидан ўтаётиб, «Агар буни қилмасангиз ҳам бўлаверади», дедилар. У (мева) ёмон чиқди. У зот яна ўшаларнинг олдиларидан ўтаётиб, «Хурмоингизга нима бўлди?» дедилар. Улар: «Шундай, шундай, деган эдингиз...» дейишди. У зот: «Сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз», дедилар». 

Бу ҳадисдан қандай хулоса чиқарсак, тўғрироқ бўлади? Одамлар дунёвий ишларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра билувчироқ эканлариними? Ёки дин аҳкомлари дунёвий ишларга аралашмаслигиними? Ўзи дин ва дунё деганда нима тушунилади? Дин дегани – калимаи шаҳодат, намоз, рўза, ҳаж, закот, никоҳ ўқитиш, жаноза ва худойи қилишдан иборатми? Ҳаётнинг бошқа соҳалари дунё ҳисобланадими? Ундоқ бўлса, юқорида санаб чиқилган «ибодатлар»дан бошқа нарсаларга Исломнинг дахли йўқми?

Баъзи бир ўзини билмаган ёхуд Қайриисломий тарбия топганлар бу саволларга осонгина «Ҳа», деб жавоб беришлари турган гап. Воқеъликда шундай бўлган ҳам. Улар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтяптилар-ку, «Сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз», деб. Биз иймон келтириб, намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилсак бўлди. Фарзанд кўрганимизда мусулмонча исм қўйиб, ўғилларимизни суннат қилдириб, оила қураётганда никоҳ ўқитиб ва ўлганда жаноза ўқилса, сўнг уларни йўқлаб, худойи қилсак, бас, мусулмони комил бўламиз-да», деб ўйлашлари мумкин. Бу худди Европада черков билан унга қарши чиққанлар ўртасидаги аёвсиз урушда ғолиб бўлган черков душманларининг гапига ўхшайди. Улар динни черков биносига қамаб қўйиб, бошқа ёқда ўз билганларини қилиш учун шундай ҳукм чиқаришган эди. Ана ўша европалик черков душманларига шогирд тушганлар уларнинг гапини Исломга ҳам жорий қилмоқчи бўладилар.

Аслида эса Исломда дин ва дунё деган айри-айри тушунча йўқ. Ҳар иккисини қўшиб, жамловчи Ислом деган тушунча бор. Ислом инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларига ўз кўрсатмасини беради. Мусулмонларнинг ҳамма нарсани Ислом тацлимотларига мослаб адо этишлари матлуб.

Унда биз ўрганаётган ҳадиси шарифдаги «дунё»ни қандай тушунишимиз керак? Бу саволга жавобни юқорида ўрганиб ўтган таълимотларимизга асосланиб, ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларидан излаб кўрамиз.

Имом Муслим Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга хурмолар устида турган қавмнинг олдидан ўтдим. Бас, у зот:

«Анавилар нима қилишмоқда?» дедилар.

«У(хурмо)ни чанглатишмоқда, эркагини урғочисига қўшса, чангланади», дедим.

«Менимча, ундоқ қилиш бирор фойда бермас, деб гумон қиламан», дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ҳалиги одамларга бунинг хабари берилди. Бас, улар у(чанглатиш)ни тарк қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилганда:

«Агар ўша нарса уларга манфаат берса, уни қилаверсинлар. Албатта, мен бир гумон қилдим, холос. Гумон ила мени тутманглар. Лекин қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар. Чунки мен зинҳор Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан ёлғон демасман», дедилар».

Имом Муслим Рофеъ ибн Худайж розияллоҳу анҳудан яна қуйидагиларни ривоят қилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар хурмони чанглатар эдилар. Бас, у зот:

«Нима қилмоқдасизлар?» дедилар.

«Буни қилиб юрар эдик», дейишди.

«Шояд, қилмасангиз ҳам яхши бўлса», дедилар. Улар тарк қилдилар. Сўнг (мева) нуқсонли бўлди. Буни у зотга зикр қилдилар. Шунда у зот:

«Албатта, мен бир башарман. Қачонки, сизларга динингиздан бўлган нарсани амр қилсам, уни олинг. Қачонки, сизга ўз раъйимдан бўлган нарсани амр қилсам... Албатта, мен бир башарман, холос», дедилар».

Бу ҳадиси шарифнинг Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятидаги:

«У зот: «Сизлар дунёингиз ишини билувчироқсиз», дедилар» иборалари ўрнига Толҳа рози­ллоҳу анҳудан қилинган ривоятда,

«Албатта, мен бир гумон қилдим, холос. Гумон ила мени тутманглар» иборалари, Рофеъ ибн Худайж розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса:

«Қачонки, сизга ўз раъйимдан бўлган нарсани амр қилсам... Албатта, мен бир башарман, холос», дедилар» иборалари келмоқда.

Демак, дунё деганда, Ислом тацлимотларида башар ўз раъйи, фикри ва тажрибасини ишлатиши учун ажратилган имкон-ихтиёр англаниши керак экан.

Диққат билан разм солсак, юқоридаги ҳадисларда «Лекин қачон сизларга Аллоҳдан гапирсам, уни олинглар» жумласи ва «Қачонки, сизларга динингиздан бўлган нарсани амр қилсам, уни олинг» жумласи бир-бирларининг ўрнига ишлатилмоқда. Шундай бўлганидан кейин Аллоҳ таолодан бўлган нарса диндир ёхуд дин Аллоҳ таолодан бўлган нарсадир, дейишимиз лозим бўлади.

Ана энди ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиққан дунё ва дин тушунчаси ҳамда бу икки нарса орасидаги нозик фарқ ҳақида сўз юритсак бўлади. Хурмочиликка диннинг алоқаси борми? Хурмочиликда дунё нима ўзи? Аввал Аллоҳ таолодан бўлган нарса диндир, дедик. Хўш, хурмочилик бўйича Аллоҳ таоло нимани таълим берган? Хурмочилик боғдорчиликнинг, қишлоқ хўжалиги ишларининг бир тури эканини ҳамма яхши билади. Шунингдек, зироатчилик, боғдорчилик ва деҳқончилик ҳақида Ислом дини таълимотлари қанчалик кўп эканини ҳам яхши биламиз. Бир дона кўчат экканга қанча савоб бўлиши, пишган мевадан одамлар, ҳатто қушлар ёки ҳашаротлар ҳам еса, савоби уни эккан одамга тегиши динимиз таълимоти эканини ҳам яхши биламиз. Мазкур ишни амалга оширишда ҳалол-пок бўлиш кераклиги, ҳаром-харишдан ҳазар қилиш лозимлиги ва ҳоказолар дин бўлмай нима?! Агар мусулмонлар дангасалик қилиб, ўз жамиятларини етарли озиқ-овқат ва мева-чева билан таъминлай олмасалар, ҳаммалари тенг гуноҳкор бўлишлари Ислом ҳукми бўлмай нима?! Демак, бу соҳа бўйича дин аҳкомлари худди бошқа соҳалардаги каби мукаммал равишда белгилаб қўйилган.

Энди хурмочиликдаги, бошқача қилиб айтсак, боғдорчиликдаги «дунё»га келадиган бўлсак, унга хурмони чанглатиш ёки чанглатмаслик, чанглатса, қачон ва қандай қилиб чанглатиш, шунингдек, янги кўчатни ерга қачон, қандай, қай тарзда экиш ва шунга ўхшаш инсон тажрибасига, тадбирига оид нарсалар киради. Динимиз ҳаётнинг ҳар бир соҳасидаги ҳалол-ҳаром, жоиз-ножоиз, савоб-гуноҳ ва марғуб-номарғуб тарафларни белгилаб берган. Мусулмонларнинг ана ўша таълимотларга амал қилишлари матлуб. Ҳар бир соҳанинг инсон тажрибасига оид томони эса мусулмонлар ихтиёрига қўйилган. Унда ким ижтиҳод қилиб, янги натижага эришса, икки савоб, эриша олмаса, бир савоб олади.

Мана шу маъноларни яхшироқ тушуниш ва гапни чўзиб юбормаслик мақсадида аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг мисолларига қайтайлик. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг иккинчи тури ҳақида сўз юрита бориб:

«Ўша нарсалар (яъни Пайғамбарликни етказиш йўлида келмаган нарсалар) жумласига тиб ҳам киради», деган эдилар.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмон ndash мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. давоми...

5585 13:50 / 28.08.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар давоми...

3235 17:00 / 21.07.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламquotАллоҳумма инний аъзу бика мин ғалабатит дайни ва ғалабатил ъадувви ва шамататил аъдаиquot. Маъноси Ё Аллоҳ Қарзга ботиб, давоми...

17495 06:36 / 02.08.2018
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарсаларнинг фақатгина шаръий ҳукмга тегишлисини Суннат деб, бошқаларини Суннат демаслик саҳобаи давоми...

5114 16:52 / 08.04.2016