Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (15-дарс). Муҳаммад алайҳиссаломдан пайғамбарлик сифатларидан ташқари содир бўлган суннатлар

14:10 / 09.01.2019 6628 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, у зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ таолодан келаётган ваҳийни, у ваҳий хоҳ Қуръон бўлсин, хоҳ Суннат бўлсин, омонат ила етказа бошладилар. Лекин шу билан бирга, оддий инсонлик, бошқа одам болалари каби башарлик сифатлари ҳам давом этаверди. Зотан, у зот башарлар ичидан уларга Аллоҳ таолонинг тацлимотларини етказиб туриш учун Аллоҳ томонидан танлаб олинган етук инсон эдилар. Ўша инсон инсонларга Аллоҳ таолонинг исломий таълимотларини ўз шахсларида татбиқ қилиб, кўрсатиб беришлари керак эди. Бўлмаса, баъзи бир ўзини билмаганлар, Муҳаммад пайғамбар бўлганидан кейин оддий инсонлик даражасидан юқори даражага чиқиб олди. Бинобарин, унинг учун шариат таклифларига амал қилиш ҳеч қийинчилик туғдирмайди. Бизнинг эса оддий одам ўлароқ, у таклифларга амал қилишимиз мушкул, дейишлари турган гап эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий инсонлик сифатлари сақланиб қолиши муҳим эди. Шундай бўлди ҳам. Ҳатто мушриклар: «Бу қандай Расулки, таом ер ва бозорларда юрур?!» деган иғволар ҳам тарқатдилар.

Ҳа, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий инсон сифатида таом ер, ухлар, чарчар, бозорларда юрар, касб қилар, ўйланар, қўрқар, ғазабланар, фикрлар, қўйингки, ҳар бир оддий одам боласи нима қилса, шуни қилар, нимага муҳтож бўлса, шунга муҳтож бўлар эдилар. Бу ҳолатни аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий келтирган мисоллардан бирида қисман кўришимиз мумкин: «Зайд ибн Собитнинг ҳузурига бир неча кишилар кириб:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапириб бер», дедилар. Шунда у:

«Мен у зотнинг қўшниси эдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига қачон ваҳий нозил бўлса, менга одам юборар эдилар. Мен у зотга уни ёзиб берар эдим. Агар биз дунёни зикр қилсак, у зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз охиратни зикр қилсак, у зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Агар биз таомни зикр қилсак, у зот ҳам уни биз билан зикр қилар эдилар. Мана шуларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сизларга ривоят қилиб берайми?!» деди.

Кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига Аллоҳ таолодан ваҳий келса, алоҳида эҳтимом билан умматга етказганлар. Бошқа вақтларда эса ўзлари яшаб турган жамиятда оддий инсон сифатида ҳаёт кечирганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзлари билан бирга яшаётган қавмларга ўхшаб, оддий ҳаётий гапларни ҳам айтиб юрганлар. Бу ҳақиқатни яхшироқ англашимиз учун аллома Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи мисол келтирган Умму Зарънинг ҳадиси ҳақида бир-икки оғиз тўхталиб ўтайлик.

Муҳаддис уламоларимиз орасида «Умму Зарънинг ҳадиси» номи ила машҳур бу ҳадисни Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар. Унда қадим замонда ўн бир аёл бирга ўтириб қолиб, эрларимиз ҳақидаги гапни яширмасдан айтамиз, деб аҳд қиладиларда, гап бошлашади. Ўн бир аёл галма-гал эри ҳақида гапиради. Уларнинг ичида Умму Заръ номли аёлнинг гапи жуда ҳам ажойиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадис ўша аёлнинг номи билан аталиб қолган. Оиша онамиз ўша узун суҳбатни батафсил айтиб тугатадилар-да, охирида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мен сенга худди Абу Заръ Умму Заръга қандай бўлса, шундайман, дедилар», деб якун ясайдилар. Бу Исломдан олдинги қавмнинг ҳикояси бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эшитганлар ва ўз муносабатларини билдирганлар. Шунинг учун ривоят қилиниб, ҳадис китобларига битилиб қолган. Ана шунга ўхшаш суҳбатларда иштирок этиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башарлик сифатларидан келиб чиқар эди.

Умуман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башар эканларига доимо алоҳида урғу бериб турилган. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга «Каҳф» ва «Фуссилат» сураларида хитоб қилиб:

«Сен «Албатта, мен ҳам сизларга ўхшаган башарман», деб айтгин», деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам буни керагича такрорлаб турганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида:

«Албатта, мен ҳам башарман. Қачонки, сизларни динингиздан бўлган нарсага амр қилсам, бас, уни олинг. Қачонки, сизларни ўз раъйимдан бўлган нарсага амр қилсам, бас, албатта, мен ҳам башарман», деганлар.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап-сўз, иш, амаллар ичида чиндан ҳам динимиздан бўлган нарсалар бор. У нарсаларни биз сўзсиз қабул қилиб олиб, амал қилмоғимиз лозим. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган гап-сўз, иш, амаллар ичида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз раъйлари билан айтган гаплари, қилган амаллари ҳам бор. Бундай нарсаларда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оддий башар эътиборидадирлар. Яъни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик сифатлари ила содир бўлганларини дин сифатида қабул этиб, амал қилишга мусулмонлар мукаллаф эмаслар.

Аввал зикр қилинганидек, Аллоҳ таолонинг динидан бўлган амаллар қуйидагилардан иборат эди: Қуръони карим оятлари; Жаброил алайҳиссалом орқали юборилган оятлардан ўзга ваҳийлар; Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга асосий қонун-қоидалар ҳамда мақсадларни ўргатиб қўйгандан сўнг у зотнинг ваҳий ўрнига ўтадиган ижтиҳодлари.

Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз раъйлари билан иш тутган бўлсалар-у, ўша ишга диний ҳукм аралашишига Аллоҳ таолонинг иродаси кетган бўлса, дарҳол тузатиш киритилар эди.

Бадр урушида асирга тушган мушрикларга нисбатан қандай муомала қилиш ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга маслаҳат солдилар. Ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар «Уларни қатл этиш керак», дедилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бошлиқ бошқа бир гуруҳ саҳобалар эса «Улардан товон пули олиб, қўйиб юбориш керак», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи гуруҳнинг раъйига қўшилдилар. Асирлардан товон пули олиб, қўйиб юборилди. Ана шунда Аллоҳ таоло бу иш учун ўз Пайғамбарини итоб қилиб, оят нозил қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир тўп қурайш аъёнлари билан уларни Исломга киришларидан умидвор бўлиб, қизғин суҳбатлашиб турганларида, кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келиб, билмасдан, орага гап солиб, халақит берганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қовоқ уйиб, юз ўгирдилар. Ана шунда ҳам Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини итоб қилиб, «Абаса» сурасининг аввалги оятларини нозил қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нажас теккан кавушлари билан намоз ўқиётганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, кавушни ечиб қўйиш кераклиги ҳақида хабар бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туриб, кавушларини ечдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган саҳобалар ҳам кавушни ечиб қўйиб, намоз ўқиш зарурлиги ҳақида ваҳий келди шекилли, деб, намозда давом этиб турган ҳолларида кавушларини ечдилар. Намоз тамом бўлганидан сўнг Пайғамбар алайҳиссалом бор ҳақиқатни саҳобаи киромларга етказиб, пок кавуш ила намоз ўқилса жоизлигини баён қилдилар.

Баъзи вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган нарса ҳақида саҳобаи киромларда мулоҳаза пайдо бўлиб қолса-ю, ўша нарса Аллоҳ таолонинг амрими ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйлари эканини ажрата олмай қолсалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўрар эдилар. Агар мазкур нарса Аллоҳ таолонинг амри бўлса, шубҳасиз, амал қилишга ўтар эдилар. Агар мазкур нарса Пайғамбар алайҳиссаломнинг раъйларидан бўлса, саҳобаи киромлар ўз мулоҳазаларини айтар эдилар.

Бадр уруши куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни душманга яқин бир жойга тушиб, жойлашишга амр қилдилар. Шунда бу жойларнинг пасти-баландини яхши биладиган саҳобалардан Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳуда бу жойга нисбатан мулоҳаза пайдо бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу манзил сизни Аллоҳ туширган манзилу, ундан олдинга ёки орқага силжишга ҳаққимиз йўқми ёки фикр, уруш ва ҳийла учунми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу саволига:

«Йўқ. Фикр, уруш ва ҳийла учун», деб жавоб бердилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ундай бўлса, бу жой бўлмайди. Одамларни қўзғатинг. Нариги қавмга энг яқин сувга бориб, жойлашайлик. Сўнгра унинг ортидаги қудуқларни бузамиз. Ҳовуз қилиб, сув тўлдириб оламиз. Кейин анави қавм ила жанг қиламиз. Биз сув ичамиз. Улар эса ича олмайдилар», деди Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Жамуҳ розияллоҳу анҳу.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўйлаб туриб, бу фикрни маъқул кўрдилар ва мусулмонларга Ҳаббоб розияллоҳу анҳу айтган жойга кўчишни амр қилдилар. Бу тадбир, дарҳақиқат, урушда катта фойда берди.

Ҳандақ урушида мусулмонлар қамалда, ўта қийин аҳволда қолганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душман сафини заифлаштириш учун чора кўрдилар.

У зот Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авфни олдириб келиб, «Агар одамларингни олиб, бизнинг душманларимиз сафидан чиқсангиз, сизларга Мадина хурмосининг учдан бирини бераман», дедилар. Улар хурмонинг ярмини сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учдан биридан зиёда қилмасликларини айтдилар. Улар рози бўлиб, гувоҳликка ўз қавмларидан ўн кишини олиб келдилар. Қоғоз-қалам, котиб ҳам ҳозир қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан баъзиларини гувоҳликка чақирдилар. Шунда Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу:

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар Аллоҳнинг амри бўлса, қилаверинг. Аммо бошқача бўлса, уларга қиличдан бошқа берадиган нарсамиз йўқ», деб туриб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадиналик мусулмонларнинг катталари – Саъд ибн Убода ва Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳумоларни чақириб, маслаҳат қилган эдилар, улар ҳам Усайд розияллоҳу анҳунинг гапларини айтиб, туриб олишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нима учун бу ишни қилаётганларини тушунтирдилар. Аммо Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу қўлларига аҳднома матнини олиб, «Биз аввалдан буларга бир нарса берган эмасмиз, энди Сиз келганингиздан кейин берармидик?! Буларга қиличдан бошқа нарса йўқ!» деб туриб олдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мактубни йирт», дедилар. Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу мактубга бир туфуриб туриб, йиртиб ташладилар-да:

«Орамизда қилич!» дедилар.

Албатта, бунга ўхшаш ҳодисалар жуда ҳам нодир. Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий башарлик тақозоси ила содир бўлган нарсалар ҳам, шубҳасиз инсониятнинг энг етук шахсидан, инсониятга Аллоҳ таоло томонидан юборилган энг афзал Пайғамбарнинг башарлик сифати ила содир бўлган ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ақлларига етадиган ақл, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фикрларига етадиган фикр, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раъйларига етадиган раъй ва бошқа инсонга хос тасарруфлар бўлган эмас. Лекин юқорида зикр этилган воқеаларга ўхшаш ҳолатлар илоҳий ҳикмат ила бўлган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини бўлмиш Ислом динини бандаларга Қиёмат кунигача икки дунё саодатини таъминловчи таълимотлар ила мукаммал қилган.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло Исломни ақл, тафаккур, тадаббур, саъй-ҳаракат дини ҳам қилди. Яъни Аллоҳ таоло ҳаётдаги инсон ақлининг дахли йўқ масалаларни Ўзи ваҳий ила аниқлаб бериб, қолган нарсаларда мусулмонларни ақл-идрок, тафаккур ва тадаббур ишлатишга ҳамда саъй-ҳаракат қилишга амр этди. Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига етказишлари ва татбиқ қилиб, кўрсатиб беришлари керак эди.

Юқорида зикр қилинган икки ҳодиса айни ўша татбиқ мисоли эди. Агар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари шахсан кўрсатиб бермасалар, кейин қийин бўлар эди. Ана шундай ўта ҳикматли тарбиявий тадбирлар мусулмонларни очиқ фикрли бўлишга, ақлни керак жойда ишлатишга доим тайёр туришга, топқирлик ва бошқа керакли қобилият ҳамда хусусиятларни ўзларида мужассам қилишга чорлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий мусулмонларнинг таклиф ва мулоҳазаларини очиқ юз ҳамда мамнуният ила қабул қилиб, улардаги ташаббускорлик руҳини қўллаб-қувватлашлари эса жамиятда барчанинг куюнчак бўлишига, янги-янги таклиф ва мулоҳозалар билан чиқишларига омил бўлар эди. Бекорга Исломда ижтиҳод қилиб, тўғри натижага эришганга икки савоб, ижтиҳоди натижаси нотўғри чиққанга бир савоб ваъда қилинган эмас.

Ҳа, Исломда асосий қоидаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи кўрсатиб қўйиб, қолган қисмини мусулмонлар ўз ақл-идрокларини, заковот ва тадбирларини ишга солиб, топишлари йўлга қўйилган. Аллоҳ таолонинг Ўзига хос, У Зот субҳанаҳу таолодан бошқа зот аралаша олмайдиган масалалар ваҳий орқали Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳарада баён этиб берилган. Инсон ўз ақли-идроки ила топиши лозим бўлганларига эса Қуръон ва Суннат таълимотлари асосида ижтиҳод қилиш эшиги кенг очиб қўйилган.

Мусулмонларнинг дастлабки авлодлари бу улкан ҳақиқатни тўла тушуниб етганликлари учун зудлик билан мақсадга эришганлар ва бутун дунёда пешқадам бўлган эдилар. Улар хоҳ Қуръони карим бўлсин, хоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик юзасидан етказган таълимотлари бўлсин, ўта ихлос ва аниқлик билан ўз ҳаётларига татбиқ қилар эдилар. Шариатимиз инсон ижтиҳодига йўл очиб қўйган нарсаларда эса ажойиб заковат, шижоат ва матонат билан ижтиҳод қилар эдилар. Қадимги мусулмонларнинг оламшумул ютуқларининг асосий омили шу эди.

Аммо ҳозирга келиб, мусулмонлар мазкур оддий ҳақиқатни тушуниб олишга уринмаяптилар. Мусулмонлик номини олиб юрганларнинг талай қисми Қуръон нима, Суннат нима билмаймиз. У нарсалардан бир оз хабардор бўлганларимиз эса фарз, вожиб амалларни қўйиб, мустаҳаб амал устида жанжал қиламиз. Ана шундай тушунмовчиликларнинг Суннат атрофида чиқиб туриши яна ҳам ачинарли.

Келинг, ўша ачинарли ҳолатдан чиқиш учун олиб бораётган камтарона изланишимизни давом эттирайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан оддий башарликлари тақозоси ила содир бўлганлари билан, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликлари тақозоси ила содир бўлган суннатларни ажратиб олишни ўрганайлик.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз Имом Бухорий ҳазратлари энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун ҳам, кўпроқ у зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам худди шундай йўл давоми...

6694 10:35 / 24.10.2018
Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ давоми...

4692 13:08 / 26.08.2020
. . . Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган давоми...

2068 19:00 / 17 апрель
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, давоми...

1341 19:00 / 24 апрель