Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (91-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (бешинчи мақола)

13:09 / 24.06.2020 5539 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:

«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, (у ҳолда) нима учун амал қиламиз? (Ўшанга) суянсак бўлмайдими?» дейишди.

«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар қилингандир», дедилар ва «‎Аммо кимки ато этса ва тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қазо ва қадар масаласига мўминларнинг қандай муносабатда бўлишлари лозимлиги ҳақидаги улкан қоида баён қилинмоқда.

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини кўтардилар ва:

«Сиздан жаннатдаги ва дўзахдаги манзили билинмаган бирор жон йўқ», дедилар».

Ўша манзилларни яккаю ягона Зот – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Агар Аллоҳ таоло буни билмаса, Аллоҳлиги қолмас эди. У Зотга нуқсон сифати нисбат берилган бўларди. Бошқа ҳеч ким мазкур нарсаларни билмайди. Баъзи бир саҳобалар бу гапни ўзларича англадилар ва Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, (у ҳолда) нима учун амал қиламиз? (Ўшанга) суянсак бўлмайдими?» дейишди».

Яъни, ҳар бир жоннинг жаннати ёки дўзахи бўлиши Аллоҳ таоло томонидан билинган бўлса, ўша илмга суяниб, ибодат ва амали солиҳ қилмай юраверса бўлмайдими? Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга энг тўғри жавобни бердилар.

«Амал қилинглар! Ҳаммага ўзи халқ қилинган нарса муяссар ‎қилингандир», дедилар ва «‎Аммо кимки ато этса ва ‎тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга ‎муяссар қиламиз» оятларини қироат қилдилар‎».

Ҳа, айнан шариатга биноан амал қилиш кимнинг кимлигини ажратишга аломат бўлгандир. Ҳар кимни Аллоҳ таоло нима учун халқ қилган бўлса, ўша бандага мазкур нарсага олиб борувчи амаллар осон кўринади ва уларга амал қилишга ўтади. Бу ҳақиқатни Қуръони Карим ҳам таъкидлаган:

«‎Аммо кимки ато этса ва тақво қилса ва гўзални тасдиқ қилса, бас, уни осонга муяссар ‎қиламиз» («Лайл» сураси, 5-7-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-дунё сарф қилса, Аллоҳ таолога тақво қилиб яшаса ва «гўзал сўз» – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни тасдиқ қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатга киришни осон қилади.

«‎Ва аммо, кимки бахиллик ва истиғно қилса ва гўзални ёлғонга чиқарса, ‎бас, уни ‎қийинга муяссар қиламиз» ‎(«Лайл» сураси, 8-10-оятлар).

Ким Аллоҳ таолонинг йўлида мол-мулк сарфламай, бахиллик қилса, тақво қилишдан истиғно қилса ва «гўзал сўз» – «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни ёлғонга чиқарса, Аллоҳ таоло унинг дўзахга киришини осон қилади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кишиларга даъват, ваъзнасиҳат, тушунтириш ишларини олиб борувчиларнинг ҳадис саҳиҳ экан, деб, тўғри келган жойда, ҳар бир учраган одамга айтавериши ҳам дуруст давоми...

7233 13:00 / 13.02.2019
.Қиёмат соати қачон бўлади, деган саволга бирданбир тўғри жавоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифда берган жавобларидир. Бу жавоб давоми...

6794 14:40 / 26.07.2019
. . Анас розияллоҳу анҳудан .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушлари билан намоз ўқирмидилар, деб сўралди. .Ҳа,, дедилар,. Бешовларидан фақат Абу давоми...

2461 19:00 / 19.09.2024
. . Али розияллоҳу анҳу .Намозда кафтни кафт устига қилиб, киндикнинг остига қўйиб туриш суннатдир,, деди. Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар. Шарҳ Ушбу давоми...

1219 19:00 / 18 март