Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (110-дарс). Қадар масаласида чуқур кетиш, хорликка сабаб бўлади

13:00 / 11.11.2020 4412 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик йўқолса, инсон залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда шундай ишлар кўп бўлган. Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Мусулмонларга улкан зарарлар етказган. Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турганлар. Ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандай тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар.

Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг энг мўътабар китобларидан «Ақийдаи Таҳовийя» нинг матнида жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир. Бас, ким: «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».

Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин, қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган сўзлардир. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар, фойдали бўлади, деган қарорга келганлар.

«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир».

Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос.

«У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас».

Аслида муқарраб фаришта ва юборилган пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи, Аллоҳ илмини чексиз эканлигини баён қилувчи масаладир.

«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир».

Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охир-оқибат хорликка сабаб бўлади. Ўз эгасини кўп нарсадан маҳрум қилади. Охири келиб, туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар.

«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг».

Яъни қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «Нимага ундай бўлди, нимага бундай бўлди, ундай қилса, нима бўлар эди» каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, «Ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундай деса бўлмасмиди», каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, Ўз амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг!

«Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир».

Бандаларнинг ҳаммаси бир бўлиб, кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмаслар.

«Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир».

Яъни Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтарган.

Аллоҳ таоло Ўз Китобида: «У Зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», деган.

Яъни Аллоҳ таоло нима қилса, Ўзи билади. Ҳеч ким Ундан «Бу ишни нима учун қилдинг?» деб сўрай олмайди. Аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳар биридан ҳар бир ишни «Нима учун қилдинг?» деб сўрайди.

«Бас, ким «Нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур».

Яъни кимки бўлган ишни Аллоҳнинг қазои қадари экан, деб таслим бўлмай, «Аллоҳ нима учун бундай қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг «У Зот қилганидан сўралмас», деган ҳукмини рад қилган бўлади.

«Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».

Шунинг учун ҳам бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши лозимки, ҳатто қадар масаласида чуқур кетадиганларнинг яқинига ҳам йўламаслик керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

3667 21:30 / 12.05.2021
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

5990 09:26 / 06.09.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тибга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ҳатто баъзи уламоларимиз турли ҳадис китобларидаги тиб боблари билан давоми...

6686 16:10 / 23.01.2019
.Аврат, инсоннинг уят жойи маъносини билдириб, намоз ўқиганда ўша жойларни тўсиш лозим. Акс ҳолда намоз қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло .Эй Одам болалари, ҳар давоми...

768 19:00 / 28 август