Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (81-дарс). Қадарга иймон келтириш

15:30 / 15.04.2020 4101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик», деган («Қамар» сураси, 49-оят).

Муаллиф бу ояти каримани келтириш билан қадарга иймон келтиришнинг Қуръонда зикр қилинган масала эканлигини билдирмоқчи.

«Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради. Аммо ушбу оддий тушунчанинг бузиб кўрсатилиши оқибатида қазо ва қадар ақийдасига турли нотўғ­ри тушунчалар аралашиб кетган. Замон ўтиши билан турли омиллар сабабли исломий тушунчаларга ҳар хил бузуқ фикрлар, бидъат-хурофотлар ҳам аралашиб кетганлиги маълум.

Ўша исломий тушунчалар ичида энг кўп бузилгани, ҳатто тескари маънога айланиб кетай дегани қазо ва қадар тушунчасидир десак, муболаға бўлмайди. Аслида эса бу ақийда жуда соф ва осон тушуниладиган нарсадир.

Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларни аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолонинг камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.

Ана ўша сифатларнинг бири Аллоҳнинг илми, у илмнинг чегарасизлиги, Аллоҳнинг иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир. Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани – уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатинию, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларни ҳам билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ҳам, унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар уларни билмаса, У Зотнинг камоллик сифатларига нуқсон етган бўлади. Ана ўша илоҳий илм «қазои қадар» деб аталади. Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ, балки, Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.

Уламоларимиз бу тушунчани осон фаҳмлаш учун қуйидаги мисолни келтирадилар: кайфиятингиз ёмон бўлиб турган пайтда ойнага қарадингиз. Аксингизни қовоғингиз солиқ, пешонангиз тиришган, аччиғингиз чиққан ҳолда кўрдингиз. Ана ўшанда ойнадан ўпкалашга ҳаққингиз борми? Бу ойна менга жабр қилди, мени ёмон кайфиятга туширди, дея оласизми? Албатта, йўқ. Ойна сиздаги бор нарсани ўзингизга кўрсатди, холос. Қовоғингиз солинишига, пешонангиз тиришишига ва аччиғингиз чиқишига унинг ҳеч дахли йўқ. Қазои қадар ҳам шундай! У бандаларнинг ишини Аллоҳ томонидан У Зотнинг илми азалийси ила билиши, холос.

Яна бошқа бир мисол. Устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳон саволларини ёзган пайтда фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи эса «яхши» деб айтади. Дейлик, имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирд­лар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?

Албатта, Аллоҳга ҳеч қандай ўхшаш йўқ. Лекин тушуниш учун келтирилган шу мисолдан ҳам қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ, чексиз илм соҳиби бўлган Зот азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?

Ўтган уламоларимиздан ал-Хаттобий қуйидагиларни айтадилар:

«Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни «Банданинг Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга қаҳр ила мажбур қилиниши» деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир».

Шу ерда «Илмга боғлиқ бўлса, тушунарли, аммо ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан, Унинг халқ қилиши билан бўлади-ку! У ҳолда бандага нима қолади?», деган савол пайдо бўлади.

Бу саволнинг жавоби икки қисмга бўлинади.

Биринчи қисм – дунёдаги инсоннинг дахли йўқ нарсалар. Дунёда бир хил ишлар борки, улар фақат Аллоҳ таолонинг иродаси ва қудрати билан бўлади. Бу ишларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ. Мисол учун, инсон ақлининг ўткир ёки ўтмас, гавдасининг турлича, мижозининг ҳар хил бўлиши, ҳуснининг чиройли ёки хунуклиги, туғилиш вақти ва жойи, ота-онасининг ким бўлиши, ўзининг эркак ёки аёллиги, наслдан-наслга ўтадиган баъзи сифатлари ҳамда шунга ўхшаш бир қанча ишлар борки, уларга инсоннинг ҳеч қандай дахли йўқ.

Инсон бу нарсалардан масъул ҳам эмас. Мисол учун, ҳеч ким уни «Нима учун қоматинг узун ёки қисқа бўлиб қолган?», деб сўроқ қилмайди. Шунингдек, «Нима учун фалон куни туғилдинг, фалон куни ўлдинг?» ҳам демайди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳдан. Бу турдаги қадарга иймон келтириш ҳар бир мўмин-мусулмонга вожибдир.

Иккичи қисм – инсон томонидан содир этилган иш ва амалларга боғлиқ. Буларда инсоннинг дахли бор, у бу ишларда ўз майли, ақли, хоҳиши, ихтиёри ва ҳаракати билан иштирок этади. Масаланинг нозик жойи шу ерда. Худди шу турдаги ишларни қандай баҳолаш керак? Қадимдан бу саволга турли жавоблар берилган. Юнон файласуфлари ҳам бу ҳақда кўп ихтилофлар қилишган.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Кабша алАнморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу давоми...

4479 17:00 / 04.08.2021
Ҳофизулкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

4985 13:40 / 29.05.2019
Иккинчи қисм тил амалларидан иборат бўлиб, етти шуъбага бўлинади1. Тавҳидни талаффуз қилиш.2. Қуръон тиловати.3. Илм ўрганиш.4. Илм ўргатиш.5. Дуо қилиш.6. Зикр қилиш. давоми...

4923 19:05 / 25.09.2019
...Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган давоми...

4782 16:52 / 08.04.2016