Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадис сони | 2024 йил 13 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Аср намозининг аҳамияти катта эканлиги | Ҳадис дарслари (276-дарс)

19:00 / 03 апрель 1711 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ўрта намоз» деб таржима қилганимиз араб тилида «ас-солатул вусто» дейилади.

Шаръий масдарларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда «ўрта намоз»нинг фазли ҳақида жуда кўп гаплар келган. Жумладан, ушбу фаслнинг аввалида келтирилган ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло барча намозларни муҳофаза этишни амр қила туриб, кетидан «ўрта намоз»ни муҳофаза қилишни алоҳида таъкидлаган.

Қуйида ана шу ўта фазилатли «ўрта намоз» – Аср намози эканлигини тасдиқловчи ҳадислардан учтаси келтирилмоқда.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ الْأَحْزَابِ شَغَلُونَا عَنِ الصَّلَاةِ الْوُسْطَى صَلَاةِ الْعَصْرِ، مَلَأَ اللهُ بُيُوتَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَارًا، ثُمَّ صَلَّاهَا بَيْنَ الْعِشَاءَيْنِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни:

«Бизни ўрта намоз – Аср намозидан машғул қилдилар! Аллоҳ уларнинг уйларинию қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни Шом билан Хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Аҳзоб куни» Аҳзоб уруши кунидир. Аҳзоб – ҳизбнинг жами бўлиб, Уҳуд урушидан кейин кофирларнинг турли ҳизб – тоифалари бирлашиб, мусулмонларни Ер юзидан супуриб ташлаш мақсадида уларга қарши очган урушлари тарихда «Аҳзоб куни» номи билан маш­ҳур бўлиб қолган.

Ўшанда Қурайш, Ғатафон, яҳудийлар ва уларнинг иттифоқдошларидан иборат бўлган Аҳзоблар мусулмонларга қарши уруш очганлар. Аҳзоблар уч минг кишидан иборат эди. Уларнинг жам бўлиб, йўлга чиққанлари ҳақида хабар келганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат кенгаши очдилар ва Салмон Форсий розияллоҳу ан­ҳунинг маслаҳатлари билан Мадинаи Мунавварани мудофаа қилиш учун шаҳар атрофига хандақ қазилди. Шунинг учун бу уруш Хандақ уруши деб ҳам аталади.

Аҳзоблар келиб, Мадинаи Мунавварани бир ой давомида қамал қилдилар. Икки томон ўртасида баъзи бир кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Кейин Аллоҳ таоло Аҳзоблар устига совуқ шамол юборди. У кофирларга шиддатли қўрқинч олиб келди. Улар ноумид бўлиб, қайтиб кетдилар. Ана ўша уруш кунларининг бирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уруш билан машғул бўлиб қолиб, Аср намозини вақтида ўқий олмадилар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ҳадиси шарифни айтганлар ва Аср намозини қазо қилиб, Шом ва Хуфтоннинг ўртасида ўқиб олганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аср намози ўрта намоз эканлиги.

2. Аср намозининг аҳамияти катта эканлиги.

3. Уруш туфайли Аср намози ўтиб кетса, Шомдан кейин, Хуфтондан олдин ўқиб олиш кераклиги.

4. Намозхонни намоздан машғул қилган одамнинг уйига ҳам, қабрига ҳам олов тўлиши.

Одамларнинг намоз ўқишдан тўсилишларига сабаб бўлиш шу қадар катта гуноҳ. Аҳзоблар уруш туфайли мусулмонларни намоздан тўсганликлари учун шунчалар қаттиқ дуои бадга қолдилар.

Демак, Аср намозига алоҳида эътибор бермоқ лозим. Бировни намоздан тўсадиганлардан бўлиб қолмайлик. Намоздан тўсувчиларга яхши насиҳат қилайлик.

عَنْ أَبِي بَصْرَةَ الْغِفَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْعَصْرَ بِالْمُخَمَّصِ فَقَالَ: إِنَّ هَذِهِ الصَّلَاةَ عُرِضَتْ عَلَى مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ فَضَيَّعُوهَا، فَمَنْ حَافَظَ عَلَيْهَا كَانَ لَهُ أَجْرُهُ مَرَّتَيْنِ، وَلَا صَلَاةَ بَعْدَهَا حَتَّى يَطْلُعَ الشَّاهِدُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.

Абу Басра ал-ўифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Мухаммасда Аср намозини ўқиб бердилар ва:

«Ушбу намоз сиздан олдингиларга фарз қилинган эди. Улар уни зое қилдилар. Ким уни муҳофаза қилса, унинг ажри икки баробар бўлур. Шоҳид чиқмагунича, ундан кейин намоз йўқдир», дедилар».

Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Басра ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Асл исмлари Хумайин ибн Басра ибн Ваққос, кунялари Абу Басра. Бу зот Абу Ҳурайрага йўлиқиб, ана шу кишидан ҳадисларни ривоят қилдилар. Абу Басра Ҳижозда, кейин Мисрда истиқомат қилдилар. Вафот этган йиллари маълум эмас.

«Мухаммас» — жойнинг номи.

«Шоҳид» — Қуёш ботиши билан чиқадиган юлдуз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аср намози мусулмонлардан олдин ўтган яҳудий ва насоро каби бошқа умматларга ҳам фарз қилинганлиги.

2. Ислом умматидан бошқа умматлар Аср намозини зое қилганликлари.

3. Ислом уммати ўтган умматлар каби Аср намозини зое қилмаслиги лозимлиги.

4. Ким Аср намозини муҳофаза қилса, Аллоҳнинг амрига итоат этганлики ва ўтган умматлар зое қилган нарсани муҳофаза этгани учун икки баробар ажр олиши.

5. Аср намозини ўқигандан сўнг шоҳид юлдуз чиққунича, яъни Шом намозининг вақти киргунича бошқа намоз ўқиб бўлмаслиги.

Бу ҳадисдан Аср намозининг моҳияти ва қадр-қиммати яққол маълум бўлмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси давоми...

22082 17:04 / 08.01.2017
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин давоми...

4876 18:30 / 02.06.2021
. . Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши мусулмон бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр давоми...

2797 19:00 / 21.06.2023
Садақанинг фазли 6тавсия Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Эй Каъб ибн Ужра Ҳаром мол билан давоми...

4589 17:00 / 08.04.2016