Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади | Ҳадис дарслари (275-дарс)

19:00 / 27 март 1568 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ فَاتَتْهُ الْعَصْرُ فَكَأَنَّمَا وُتِرَ أَهْلَهُ وَمَالَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда Аср намози инсон учун худди аҳли аёли ва молу дунёси каби қимматли эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Бир вақт асрни ўқимаган одам аҳли аёлини ва молу дунёсини йўқотган одамдек қай­ғуриши лозимлиги таъкидланмоқда.

Шундай экан, умр бўйи Аср намозини ўқимаганлар нима йўқотган бўладилар?

Ўнлаб, юзлаб, минглаб  Аср намозини ўтказиб юборганлар-чи? Уларни Аср намозини доимо ўқиб юрганлар билан тенглаштириб бўлармикан?

عَنْ أَبِي الْمَلِيحِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا مَعَ بُرَيْدَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ فِي غَزْوَةٍ فِي يَوْمٍ ذِي غَيْمٍ فَقَالَ: بَكِّرُوا بِصَلَاةِ الْعَصْرِ فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَقَالَ: مَنْ تَرَكَ صَلَاةَ الْعَصْرِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Булутли кунда Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. У киши:

«Аср намозини тезроқ ўқинглар, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди».

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абул Малийҳ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абул Малийҳ куняси билан машҳур бўлган бу кишининг тўлиқ исмлари Омир ибн Усома ал-Ҳазмий бўлиб, тобеъинлардан эдилар.

Ҳадисларни оталаридан, Маъқал ибн Ясор, Нубайшатал Ҳузамий, Авф ибн Молик, Оиша онамиз, Ибн Аббос, Абу Изза ал-Хузаий, Ибн Умар, Амр ибн Осс, Жобир, Анас, Абдуллоҳ ибн Утба, Абу Суфён ва бошқа саҳобалардан ривоят қиладилар. Бу кишидан Муҳаммад, Мубашшир, ўғиллари Абдурраҳмон ва бошқалар ривоят қилганлар.

Бу зот ҳижратнинг 98-санасида вафот этганлар.

Ҳадисда номлари келган Бурайда розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан бўлиб, тўлиқ исмлари Бурайда ибн ал-Ҳусойн ал-Асламийдир.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164та ҳадис ривоят қилганлар. 62-ҳижрий санада Марвда ғозий ҳолларида вафот этганлар. Бурайда розияллоҳу анҳу Хуросонда энг охири вафот этган саҳобий ҳисобланадилар. У кишининг қабрлари ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган.

Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда Аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия этар эканлар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ушбу ҳадисини далил қилиб келтирибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деган эканлар.

Бу ҳам Аср намозининг аҳамияти улкан эканлигидан дарак беради.

Уламоларимиз Аср намозини тарк қилиш билан амал беҳуда (ҳабата) бўлиши ҳақида турли мулоҳазалар айтганлар.

«Ҳабата» сўзи аслида ёқмайдиган ўт-ўлан еб қўйиб, қорни шишган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда ўрнига зарар беради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Ким иймонни инкор қилса, унинг амали ҳабата бўлади», дея марҳамат қилган. Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, амални куфр ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди.

Мазкур уламоларнинг Аср намозини тарк қилиш амални ҳабата этиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми-йўқми эканлиги тўғрисидаги фикрларга боғлиқ.

«Намозни қасддан тарк қилса, кофир бўлади» деган уламолар бу ҳадисни «Аср намозини қасддан тарк қилса, амаллар ҳабата бўлади», деб шарҳлашган.

«Намозни қасдданми, ноқасдданми, умуман, тарк қилган одам кофир бўлади» деганлар ўз фатволарига мана шу ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар.

«Намозни қасддан эмас, дангасалик қилиб тарк қилган одам кофир эмас, осий бўлади», деганлар ҳам «Бир намозни тарк қилиш ёмонлигини, лекин Аср намозини тарк қилиш ҳаммасидан ҳам ёмонлигини билдириш учун бу ҳадисда ўта шиддатли ибора келтирилган. Аслида фақат кофирликкина амалларни ҳабата қилади», дейдилар.

Нима бўлганда ҳам, ушбу ҳадисдан Аср намозини тарк қилиш жуда ҳам катта гуноҳ эканлиги билиниб турибди. Лекин бу – Аср намозини ўқиса бўлди, бошқа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани эмас. Ҳар бир намозни ўқимаслик, улкан гуноҳдир. Лекин Аср намозини ўқимаслик яна ҳам улканроқ гуноҳ.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаддислар истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, амал, таҳрир, халқий сифат, хулқий сифат ва сийратларга, агар давоми...

5560 13:04 / 12.12.2018
Охирги вақти чиқмай туриб, бир ракъати ўқиб қолинган намоз, гарчи бир ракъатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам, вақт чиқмай туриб ўқилган намоз ҳисобига ўтади. давоми...

1894 19:00 / 15 май
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Билол розияллоҳу анҳуга азонни жуфт айтиш, иқоматни .қод қоматиссолаҳ,дан бошқасини тоқ айтиш амр давоми...

467 19:00 / 16 октябрь
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. давоми...

1063 19:00 / 22 май