Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозда эснаш шайтондандир | Ҳадис дарслари (342-дарс)

19:00 / 20 август 2497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: التَّثَاؤُبُ فِي الصَّلَاةِ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَإِذَا تَثَاءَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَكْظِمْ مَا اسْتَطَاعَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِىُّ وَالْبُخَارِيُّ فِى بَدْءِ الْخَلْقِ، وَلَفْظُهُ: التَّثَاؤُبُ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَإِذَا تَثَاءَبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَرُدَّهُ مَا اسْتَطَاعَ، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا قَالَ هَا ضَحِكَ الشَّيْطَانُ مِنْهُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, иложи борича қайтарсин», дедилар».

Термизий ва Бухорий ривоят қилган.

Бухорий «Яратишнинг ибтидоси» бобида келтирган. Унинг лафзида:

«Эснаш шайтондандир. Бас, бирортангиз эснаса, иложи борича қайтарсин. Чунки агар у «ҳоҳ», деса, шайтон ундан кулади».

Шарҳ: Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса деб билмайдилар. Эснаш энг камида дангасаликнинг аломатидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни шайтондандир, демоқдалар. Шунинг учун эсноқни доимо, айниқса намозда қайтаришимиз керак. Бўлар-бўлмасга эснайвериб, шайтоннинг кулгисига қолмаслигимиз лозим.

عَنْ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ أَحَدُكُمْ فَأَحْسَنَ وُضُوءَهُ ثُمَّ خَرَجَ عَامِدًا إِلَى الْمَسْجِدِ فَلَا يُشَبِّكَنَّ بَيْنَ أَصَابِعِهِ فَإِنَّهُ فِي صَلَاةٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ بِسَنَدٍ مُوثَقٍ.

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра масжидни қасд қилиб чиқса, бармоқларини бир-бирига қовуштирмасин. Чунки у намоздадир», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ишончли санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Панжаларни бир-бирига криштириб, қовуштириш беҳуда иш бўлиб, ахлоқсизлик белгиси ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан қайтармоқдалар. Мусулмон киши доимо жиддий бўлиб, беҳуда, бемаъни ишларга яқинлашмаслиги, ҳатто ўшандоқ нарсанинг аломати бор бўлган ишни ҳам қилмаслиги керак.

Мусулмон киши яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан жамоат бўлиб, Аллоҳ ила учрашиб, роз айтгани кетаётган кишига бекорчи танбалларга ўхшаб, бармоқларни қовуштириш мутлақо ярашмайди. Масжидга кетаётган одам намозда тургандек ҳисобланади.

Мусулмон киши қанчалар бахтли инсон! Яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон қадам босса ҳам, худди намоз ўқиётганлар ҳисобига ўтади. Бориб, намоз ўқиганда эса унинг қанчалик даражага эришишини шундан билиб олаверинг.

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: رَأَىَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ غُلَامًا لَنَا يُقَالُ لَهُ أَفْلَحُ إِذَا سَجَدَ نَفَخَ، فَقَالَ: يَا أَفْلَحُ تَرِّبْ وَجْهَكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг Афлаҳ исмли ғуломимиз сажда қилаётиб, (ерни) пуфлаётганини кўриб:

«Эй Афлаҳ, юзингни тупроқ қилавер», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан намоз ўқиётган одамнинг саждагоҳ ёки бошқа жойлардаги чанг, тупроқ ёки шунга ўхшаш нарсаларни пуфлаши макруҳлиги келиб чиқади. Бунга ўхшаш ишларни намозни бошлашдан олдин яхшилаб ўрнига қўйиб олиш лозим. Ибодат қилаётган одам уни берилиб қилиши керак. Баъзи бир чанг ёки шунга ўхшаш нарсаларга эътибор бериши, уларни пуфлаши намозга бепарволигининг аломатидир. Намозхон намоз туфайли бу дунёда пешонасини ёки юз-қўлини чанг қилса, у дунёнинг шармандалик чанг-ғуборидан халос бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир давоми...

3472 19:00 / 07.02.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади   . .  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Вақтики, мусулмон ёки мўмин давоми...

5079 19:01 / 29.06.2022
6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билишнинг зарурлиги. Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу давоми...

7421 10:30 / 07.03.2019
. . .Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, шайтон мен давоми...

2050 19:00 / 03 апрель