Шаръий истилоҳда эса Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни, беш асосидан биридир, Қуръон ва Суннат билан собит бўлган.
Рўза ақли расо, соғлиғи яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутишмайди, кейин қолдирган кунларининг қазосини тутиб беришади. Янги ойни кўриб, рўзага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир. Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.
Рамазон кечасида туриб саҳарлик қилишнинг ўзи рўзанинг ниятига ўтади, чунки саҳарлик қилаётган одамнинг кўнглига рўза тутиш нияти ўз-ўзидан келади. Ҳанафий мазҳабида Рамазон тугагунича ҳар куни ният янгилаб турилади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, Рамазон рўзасини тутишда ҳар кунги ниятни қуёш оққунигача янгилаб олса ҳам бўлаверади, яъни киши тонгдан чошгоҳгача рўзага зид иш қилмай турса, қуёш тиккага келишидан озгина олдин ўша куннинг рўзаси учун ният қилса ҳам, рўза ҳисобига ўтади. Лекин тонгдан кейин еб-ичиб қўйган бўлса, кейин ният қилса дуруст бўлмайди.
Рўзадор кишига яна ушбулар суннатдир: нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш; фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш; мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш; Қуръон ўқиш; қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш; Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш; таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш; Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан экани ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир.
Аҳли ҳақнинг наздида рўзанинг даражаси учтадир:
Биринчи даража омманинг рўзаси бўлиб, у қорин ва фаржнинг истак-хоҳишларидан тийилишдир.
Иккинчи даража хосларнинг рўзаси бўлиб, у биринчи даражага зиёда ўлароқ кўз, қулоқ, тилни, оёқ, қўл ва бошқа аъзоларни ҳам гуноҳлардан тийишдир.
Учинчи даража хослардан ҳам хосларнинг рўзаси бўлиб, у аввалги икки даражага зиёда ўлароқ қалбни беҳуда қизиқишлардан, дунёвий фикрлардан ва Аллоҳ таолодан бошқа нарсалардан тийишдан иборатдир.
Хосларнинг рўзаси «солиҳлар рўзаси» деб ҳам номланади. Бу даражадаги рўзанинг мукаммал бўлиши қуйидаги омиллар билан рўёбга чиқади:
1. Барча ёқимсиз ва ёмон нарсалардан кўзни тийиш ҳамда қалбни Аллоҳ таолонинг зикридан тўсадиган нарсаларга машғул қилмаслик.
2. Тилни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, фаҳш-уят гаплар, жафо, хусумат, мақтанчоқликка ўхшаш нарсалардан тийиб, сукутни лозим тутиш. Уни Аллоҳ таолонинг зикри ва Қуръон тиловати билан машғул қилиш. Бу, тилнинг рўзасидир.
3. Қулоқни эшитиш макруҳ бўлган барча нарсалардан, бошқача қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳаммасидан сақлаш. Чунки гапириш мумкин бўлмаган барча нарсани эшитиш ҳам мумкин эмас.
4. Қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан сақлаш ҳамда ифтордан кейин қоринни шубҳали таомлардан сақлаш. Зотан, қоринни ҳалол нарсадан сақлаб рўза тутиб, кейин ҳалол бўлмаган нарса билан ифтор қилишнинг маъноси ҳам йўқ. Ҳаром нарсалар динни ҳалок қилувчи заҳардир. Ҳалол эса дори каби ози фойдали, кўпи зарарлидир.
5. Ифторда ҳаддан ташқари кўп еб, қоринни тўйдириб юборишдан сақланиш. Бундай қилиш билан рўзадан кўзланган мақсад амалга ошмайди. Чунки рўзадан кўзланган мақсадлардан бири очликнинг машаққатини ҳис қилишдир. Мазкур мақсадга эришиш эса, рўзадан бошқа вақтларда нонуштада тановул қиладиган таомни саҳарликда ва кечки овқатда тановул қиладиганини ифторда истеъмол қилиш билан бўлади.
Ифтордан сўнг қалб хавф ва ражо орасида бўлиши лозим, чунки рўзаси қабул бўлиб, муқарраб бандалар қаторига қўшилдими ёки қабул бўлмай, ғазабга учраганлардан бўлдими, аниқ эмас. Ҳар бир ибодатдан фориғ бўлгандан сўнг шу ҳолатда бўлиш лозим.
Рамазон тақво ойидир. Бу ойда хулқимиз янада юксалиб, ҳаром ва шубҳалардан ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тийилишимиз зарур. Шундай табаррук ойда қиз-келинларимизни миллийлигимизга ёт бўлган ҳолатда кийиниб юришдан, эркакларимизни номаҳрамларга кўз тикишдан қайтаришимиз лозим. Ваҳоланки, ҳадисда «Кўнгилнинг тақвоси ҳаромга қарамасликдир», дейилган.
Рамазон ибодатларни кўпайтириш, гуноҳларга мағфират сўраш, Қуръон билан ошно бўлиш, Аллоҳга бандаликни юксак даражага кўтариш ойидир. Шундай бўлгач, Рамазонни тақво, ҳалоллик, ҳусни хулқ ва яхшиликлар ойига айлантириш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Рўза дуруст бўлиши учун уч хил шарт топилиши лозим.
Биринчи шарт – зиммага лозим бўлиш шартлари.
Бу шартлар тўрттадир:
1. Ислом. Мусулмон бўлмаган одамга рўза фарз бўлмайди. Ундай одам рўза тутса ҳам, рўзаси ибодат ўрнига ўтмайди. Кофир одам Рамазонда Исломга кирса, ўша кундан бошлаб рўза тутади.
2. Ақл. Ақли йўқ одамга рўза фарз бўлмайди, чунки у мукаллаф эмас.
3. Балоғат. Балоғатга етмаган ёш болаларга рўза фарз бўлмайди. Рамазон ойида балоғатга етганлар ўша кундан бошлаб рўза тутишни бошлайдилар.
Иккинчи шарт – рўзани адо этиш учун лозим шартлар:
Бу шартлар иккитадир:
1) Соғлом бўлиш. Бемор кишига рўза тутиш вожиб эмас.
2) Муқим бўлиш. Мусофирга рўза тутиш фарз эмас. У сафардан қайтганда қазосини тутиб беради.
Учинчи шарт – рўзанинг тўғри бўлиши шартлари.
Бу шартлар учтадир:
1) Ният. Ниятсиз рўза дуруст бўлмайди.
2) Нифос ва ҳайздан холи бўлиш. Нифос ва ҳайзли бўлатуриб тутилган рўза дуруст бўлмайди.
Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси шаръий кундузнинг ярмидан аввал ният қилиш билан тўғри бўлади.
Маълумки, қилиниши лозим бўлган амални шариатда белгиланган вақтда қилиш «адо» дейилади. Қилиниши лозим бўлган амални белгиланган вақтидан кейин бажариш «қазо» дейилади.
Рамазон рўзасини вақтида тутиш фарз. Агар у вақтида адо қилинмаган бўлса, қазосини тутиш фарз.
Шунингдек, каффорат рўзалари ҳам вожибдир. Бировни хато, эҳтиётсизлик сабабли ўлдириб қўйган ёки аёлини зиҳор қилган одам бошқа каффоратларни бажара олмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиши вожиб бўлади.
Шаръий кундуз тонг отгандан (субҳи содиқдан) бошланиб, қуёш ботгунча давом этади. Шаръий бўлмаган кундуз эса «луғавий кундуз» деб аталади ва у қуёш чиққандан бошлаб ботгунча давом этади. Демак, рўза тутмоқчи бўлган киши тонг отгандан бошлаб кундузнинг ярмигача ният қилиб олса, рўзаси тўғри бўлади.
Рўзанинг турлари тўрттадир:
Лозим рўза.
Лозим рўза иккига: фарз ва вожибга бўлинади.
Фарз рўза. У ҳам иккига: тайин қилинган ва тайин қилинмаган фарз рўзага бўлинади.
Тайин қилинган фарз рўза – Рамазон рўзасини адо этишдир. Бу Қуръон, суннат ва уламолар ижмоъи билан собит бўлган.
Тайин қилинмаган фарз рўза – Рамазоннинг қазоси ва каффоратининг рўзасидир.
Шунингдек, ҳайз ва нифосли аёллар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам имкон топганларида Рамазоннинг қазо рўзасини тутадилар.
Вожиб рўза ҳам иккига: тайин қилинган ва тайин қилинмаган вожиб рўзага бўлинади.
Тайин қилинган вожиб рўза – муайян назр (тайинли кун) рўза ва Рамазон ойининг ҳилолини кўриб, шаҳодати қабул қилинмаган кишининг рўзасидир.
Тайин қилинмаган вожиб рўза:
а) Назр рўза (мутлақ рўза ҳам дейилади). Бу кунини тайин қилмасдан, бир кун рўза тутишни назр қилган кишининг рўзасидир. Масалан, «Фалон ишим амалга ошса, бир кун рўза тутишни назр қилдим» дейилгани каби.
б) Муайян кунда рўза тутишни назр қилиб, тута олмаган кишининг қазо рўзаси.
в) Рўза тутишга қасам ичиб, зиммасига рўзани вожиб қилиб олган кишининг рўзаси.
г) Нафл рўзани тутишни бошлаб, охирига етказмай, очиб юборган кишининг ўша кун учун тутадиган қазо рўзаси.
д) Каффорат рўзалари: зиҳор, қатл, Рамазоннинг рўзасини қасддан очиб юбориш ва қасамни бузганлигининг каффорати учун тутиладиган рўзалар.
е) Таматтуъ ва қирон учун эҳромга кириб, қурбонлик қила олмаган кишининг ўн кунлик рўзаси.
ж) Эҳромдалик чоғида, вақти кирмасидан олдин соч олдирган кишининг каффорат учун тутадиган уч кунлик рўзаси.
з) Ҳарамда ов қилишнинг жазоси учун тутиладиган рўза.
и) Эътикофини бузиб қўйган кишининг қазо рўзаси.
Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар қуйидагилардир:
1. Ийдул-фитр куни, Ийдул-азҳо куни ва ундан кейинги уч кун. Бу кунларда рўза тутиш ҳаромдир, чунки бу кунлар хурсандчилик кунларидир.
2. Шак куни, яъни Рамазон киришидан олдинги кунда рўза тутиш.
3. Рўза тутса ҳалок бўлишини била туриб рўза тутган одамнинг рўзаси.
4. Аёлларнинг ҳайз ва нифос кўрган кунлари. Бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас.
Қуйидаги кунларда рўза тутиш макруҳдир:
1. Аёл кишининг эрининг изнисиз ёки розилигини билмай туриб нафл рўза тутиши (агар эр яқинликка ожизлик қиладиган даражада бемор бўлса, ёки рўзадор бўлса, ёхуд ҳаж ё умрага эҳром боғлаган бўлса, макруҳ эмас).
2. Ашуро кунининг ёлғиз ўзида рўза тутиш.
3. Жума кунини хослаб рўза тутиш.
4. Шанба кунини улуғлаб рўза тутиш.
5. Якшанба кунини улуғлаб рўза тутиш.
6. Наврўз куни рўза тутиш.
7. Меҳржон куни рўза тутиш.
8. Узлуксиз ҳар куни рўза тутиш.
9. Гапирмасдан рўза тутиш.
10. Улаб (саҳарлик қилмай) рўза тутиш.
11. Мусофирнинг қийналиб рўза тутиши.
«Ният» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса ният деб қалбнинг бир ишни қилишга азму қарор ила, иккиланишсиз эътиқод қилишига айтилади. Демак, киши қалбида эртага Рамазоннинг кунларидан бири эканини билса ва рўза тутишни кўнглидан ўтказса, ният қилган бўлади.
Ният масаласида рўзалар иккига бўлинади:
1. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлган рўзалар. Бундай рўзалар «зиммада собит бўлган рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазоннинг қазоси, бузиб юборилган нафл рўзаларнинг қазоси, каффорат учун тутиладиган рўзалар ва мутлақ назр қилинган рўзалардир.
2. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлмаган рўзалар. Бундай рўзалар «муайян замонга боғлиқ рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазон рўзаси ва барча нафл рўзалар бўлиб, шаръий кундузнинг ярмидан олдин қилинган ният билан тўғри бўлаверади.
Рамазон рўзасини нафл нияти билан ёки мутлақ ният ёхуд бошқа вожиб рўза нияти билан адо қилса ҳам бўлади. Фақат сафарда ва беморликда бўлмайди.
Рамазон рўзаси каби нафл ва муайян назр рўзани ҳам шаръий кундузнинг ярмидан аввалги ният билан тутса бўлади. Фақат нафл ва муайян назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти билан тутиб бўлмайди, чунки рўза тутувчи ўзига вожиб бўлган нарсани ўзи бекор қила олмайди.
Қазо, каффорат ва мутлақ назр рўзалар учун уларни кечаси тайин қилиб, ният қилиш шарт қилинган, чунки бундай рўзалар учун муайян вақт тайин қилинмаган. Шунинг учун уларнинг бошланиш вақтини тайин қилиш вожиб бўлади.
Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечқурун қуёш ботаётганда Рамазоннинг ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун шак куни бўлади, чунки ўша кун шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куними деган шак, иккиланиш бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлса ҳам ой кўринмаса, шак бўлмайди.
Ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор қилиш пайтида эртанги куннинг рўзасини ният қилишдир. Рамазон ойида рўза кунлари эканини билса-да, рўза тутишни ҳам, тутмасликни ҳам ният қилмай тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро, рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолинмайди. «Иншааллоҳ, эртага рўза тутаман» дейиш билан ҳам ният дуруст бўлаверади, чунки рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфиқ, мадад умидини ифода қилади.
Бир киши ҳар куни рўза тутмоқчи бўлиб саҳарлик қилса, тили билан ҳам, дили билан ҳам рўзани ният қилмаса ҳам, саҳарлик қилгани ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик қилаётган вақтда рўза тутмасликни ният қилса ёки одати ҳар куни ўша вақтда таомланиш бўлса ёхуд ҳамма қатори саҳарликка турсаю, ўзи рўза тутмайдиган киши бўлса, унинг саҳарлик қилгани ният ўрнига ўтмайди. Саҳарлик ниятнинг ўрнига ўтиши Рамазоннинг рўзасида, тайин қилинган назрда ва нафл рўзалардадир. Бундан бошқаларда эса саҳарлик қилиш билан биргаликда қайси рўзани тутаётганини дил билан ният қилиши зарур. Кечанинг аввалида «саҳарликка тураман» деб ният қилиш рўза ниятининг ўрнига ўтмайди.
Қуёш ботиши билан эртанги куннинг рўзасини ният қилса, нияти дуруст бўлади. Масалан, бир киши шундай ният қилиб, беҳуш бўлиб қолсаю, беҳушлиги эртаси куннинг қуёши ботгунича давом этса ҳам, у ўша куни рўзадор бўлган ҳисобланади. Қуёш ботишидан аввал ёки ботаётганда эртанги куннинг рўзасини ният қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қуёш ботгандан сўнг қайта ният қилиш зарур.
Аллоҳ таолонинг ҳар бир амри ҳикматларга бойдир. «Аллоҳнинг раҳмати баҳона қидирур» деган машҳур мақол бор. Аллоҳ бу умматга раҳматини ёғдиришни ирода қилиб, Ўз Пайғамбари орқали саҳарлик ва ифторлик қилишни суннат қилди.
Мусулмон киши қорни тўқ бўлса ҳам, таомга эҳтиёжи бўлмаса ҳам саҳарликда бирорта хурмо ёки бир-икки қултум сув ичиб олса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларига эргашган бўлади. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу у зотнинг «Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор», деганларини айтган.
Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқлар Оишанинг ҳузурига кириб, «Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши яхшиликда мусобақалашишади. Бири ифтор билан (шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради», дейишди. Оиша: «Қай бири ифторни ва намозни тезлатади?», деб сўради. «Абдуллоҳ ибн Масъуд», дейишди. Оиша: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», дедилар. Ифтор ва намозни ортга сурган Абу Мусо эди».
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор».
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ифторни тез қилишар экан, кишилар яхшиликда бўлурлар», дедилар».
Қуйидаги амаллар рўзанинг мустаҳабларидир:
1. Бирор нарса билан, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш, саҳарликни кечанинг охиригача суриш.
2. Қуёш ботиши билан шом намозини ўқишдан олдин дарҳол оғизни очиш. Ширин ва ҳўл нарса билан оғиз очиш афзал.
3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар билан дуо қилиш.
4. Рўзадорларга ифтор қилиб бериш.
5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай, тонг отишидан олдин қилиб олиш.
6. Тил ҳамда аъзоларни ортиқча гап-сўз ва амаллардан тийиш.
7. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш нарсаларни тарк қилиш.
8. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш.
9. Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва салавотларни кўпайтириш.
Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади.
Биринчиси – қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар.
Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар.
Қазо ва каффорат вожиб бўладиган ҳолатлар. Каффорат Рамазоннинг ҳурматини оёқости қилингани учун вожиб бўлади. Рамазоннинг фарз рўзасини адо қилишни ният қилиб рўза тутган одам уни ўз ихтиёри билан, мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоратни адо этади. Лекин Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасддан бузса каффорат вожиб бўлмайди.
Каффорат қуйидаги ҳолатларда вожиб бўлади:
1. Ғизо ёки шу каби нарсани шаръий узрсиз ейиш. Одатда озуқа сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, сигара, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғизо тоифасига киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш ёки олтмиш кун кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоратни адо қилади.
2. Бировни ғийбат қилгани, қон олдиргани, шаҳват билан ушлагани ёки ўпгани, қучоқлашиб ётгани, мўйлабини мойлагани сабабли «рўзам очилиб кетди» деб ўй лаб, қасддан еб-ичиб юборган одам ҳам қазо тутади, ҳам каффоратни адо қилади (Лекин фақиҳ киши «рўзанг очилибди» деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади, каффорат вожиб бўлмайди).
3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади.
4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондириш. Бунда маний тўкилмаса ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади. Жумҳур уламолар: «Жимоъда қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорат беради», дейишган.
5. Аёл киши ёш боланинг ёки мажнуннинг ўзига яқинлик қилишига имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.
Қазо тутиш лозим бўладиган, каффорат лозим бўлмайдиган ҳолатлар:
1. Ғизо саналмаган ва ғизо тоифасига кирмайдиган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, рўзадорнинг хом гуруч, хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни ейиши.
2. Пишмаган мевани ейиш.
3. Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани ютиб юбориш.
4. Данак, пахта, қоғоз, тери ейиш.
5. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарсаларни ютиб юбориш.
6. Қасддан ичига исириқнинг тутуни каби тутун киритиш.
7. Эркак кишининг орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан сув ёки дори киритилиши.
8. Қулоққа мой томизилса ҳам рўза очилади. Сув томизилса очилмайди.
9. Қасддан оғзи тўлиб қайт қилса ҳам қазо тутилади. Агар беихтиёр, оғзи тўлмай қайт қилса ёки таом эмас, балғам қайт қилса, рўза очилмайди.
10. Ғизо ва доринини беморлик, сафар, мажбурлаш, адашиш, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар билан тановул қилса, рўза очилиб, қазоси тутилади.
11. Оғиз чайилаётганда беихтиёр ичига сув кетиб қолса, рўза очилади ва қазо тутилади.
12. Бошдаги ёки қориндаги жароҳатга қўйилган дори ичига ёки димоғига кетиб қолиши.
13. Ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборилса, рўзаси очилади.
14. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам рўзаси очилиб, қазосини тутади.
15. Рўзадорлигини унутган ҳолда таом еса ёки жимоъ қилса, рўзаси очилмайди. Аммо бунинг ҳукмини билмай, «бўлар иш бўлди» деб, яна таом еса ёки жимоъ қилса, қазо рўза тутиб бериш лозим бўлади.
16. Рўза тутишга кечаси эмас, кундузи ният қилиб, кейин «бу ниятим тўғри бўлмаса керак» деган шубҳа билан таом ейилса, рўза очилади ва қазо тутиш вожиб бўлади.
17. «Ҳали тонг отмаган бўлса керак» деб, еб-ичган ёки жимоъ қилган одам тонг отиб бўлганини билиб қолса, рўзасининг қазосини тутади.
18. «Қуёш ботган бўлса керак» деб, еб-ичган ёки жимоъ қилган одам қуёш ботмаганини билиб қолса, рўзасининг қазосини тутади.
19. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.
20. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли маний тўкилса, рўзанинг қазоси тутилади.
21. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл ҳам қазо тутади.
22. Рўзадор киши орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам рўзаси очилиб, қазосини тутади.
23. Рамазон рўзасидан бошқа рўзасини очиб юборган кишига фақат қазо тутиш вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди.