Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (73-дарс). Ислом ҳақиқатининг тантанаси

16:02 / 19.02.2020 4749 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا مِنَ الْيَهُودِ قَالَ لَهُ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ آيَةٌ فِي كِتَابِكُمْ تَقْرَءُونَهَا لَوْ عَلَيْنَا مَعْشَرَ الْيَهُودِ نَزَلَتْ لَاتَّخَذْنَا ذَلِكَ الْيَوْمَ عِيدًا قَالَ: أَيُّ آيَةٍ؟ قَالَ:

ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅﮆ

فَقَالَ عُمَرُ: قَدْ عَرَفْنَا ذَلِكَ الْيَوْمَ وَالْمَكَانَ الَّذِي نَزَلَتْ فِيهِ عَلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَهُوَ قَائِمٌ بِعَرَفَةَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Яҳудийлардан бир одам у кишига:

«Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар биз, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, ўша кунни байрам қилиб олар эдик», деди.

«Қайси оят?» деди.

«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», ояти», деди. Шунда Умар:

«Биз ўша оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот жумъа куни Арафотда тик турган эдилар», деди».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, бу ерда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳам, амаллари ҳам йўқ. Лекин у зотнинг мазкур ояти карима нозил бўлган пайтдаги ҳолларининг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу томонидан қилинган васфи бор. Мана шу ҳам суннат ёки ҳадис деб аталаверади. Ушбу ривоятнинг мўътабар ҳадис китобларида келганлиги бунга далил.

Бу ҳадисда ҳам диннинг фазли ҳақида, мусулмонларга бошқа дин вакиллари ҳам ҳавас билан қарашлари ҳақида сўз кетмоқда. Хусусан, мусулмонларга нисбатан ашаддий душманлиги бор бўлган яҳудийлардан бундай гапнинг чиқиши алоҳида эътиборга сазовордир.

Уламоларимизнинг аниқлашларича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида бу гапни яҳудийларнинг машҳур дин олимларидан Каъбул Аҳбор исмли киши бир гуруҳ яҳудий ичида туриб айтган. У Қуръони Каримда бир оят борлиги, агар бу оят яҳудийларга нозил бўлганида, у нозил бўлган кунни байрам қилиб олишларини айтган. Бундан, яҳудийлар ўша оятда келган хабарнинг ғоятда улкан бир башорат эканлигини, бундай башорат эълон қилинган кун эса яҳудийлардек қадим миллатга, илоҳий китоб эгаси бўлган, пайғамбарлар кўп чиққан миллат учун байрам куни бўла олишини тушуниб етган кўринадилар. Каъбул Аҳбордан бу гапни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Қайси оят?» деди.

Яъни, ўша сизга тушганида, унинг тушган кунини байрам қилиб олмоқчи бўлган оят қайси оят, дедилар. Каъбул Аҳбор:

«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», ояти», деди.

Дарҳақиқат, ушбу оятда зикр қилинган улкан башорат мусулмонлардан бошқа ҳеч кимга насиб қилмаган. Ушбу оят нозил бўлгунча Аллоҳнинг дини мукаммал бўлмаган эди. Одам Атодан бошлаб, аста-секин, бирин-кетин келаётган шариатлар аҳкомлар билан ривожланиб келаётган эдию, мукаммал бўлмаган эди. Ниҳоят, Аллоҳнинг охирги Китобидаги ушбу оятнинг Аллоҳнинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тушиши билан дин мукаммал бўлди. Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига бераётган улуғ неъмати батамом бўлди. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига қиёмат қоим бўлгунча Исломни дин деб рози бўлди.

Ушбу улкан бахтга сазовор бўлишни ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм, жумладан, яҳудийлар ҳам орзу қилар эди. Лекин улар мазкур улуғ бахтнинг мусулмонларга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига насиб этганини билиб, уларга ҳавас қилдилар. Бу ҳавасни Каъбул Аҳбор ўзининг юқоридаги гаплари билан баён қилди. Бунга жавобан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Биз ўша оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот жумъа куни Арафотда тик турган эдилар», деди».

Бу жавобда катта маъно бор. Ҳазрати Умар, сиз оят тушган кунни байрам қилмоқчи экансизлар, биз сизлар қилмоқчи бўлгандан ҳам ўтказиб юборганмиз, деган маънода гапирдилар. Яъни, яҳудийлар ўша кунни хотирадан чиқармайдиган қилиш учун байрам куни деб эълон қилишлари мумкин эди. Аммо мусулмонлар мазкур оят нозил бўлган кунни ҳам, жойни ҳам, ҳолатни ҳам абадий ёдлаб қолганлар. Хотираларидан асло чиқмайди.

Ўша оят нозил бўлган кун – жумъа куни, Арафот куни эди. Бу икки куннинг бири ҳафтанинг улуғ куни бўлса, иккинчиси йилнинг улуғ кунидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу оятни қабул қилиб олиш ҳоллари энг улуғ ҳолатдир. Арафа куни, Арафот саҳросида, ҳажнинг энг улуғ рукнини адо этиб тик турган ҳолларида бўлган эди. У зоти бобаракотнинг видолашув ҳажлари эди ўшанда. Ўша куни охирги марта Арафотда туришлари эди. Ояти карима Аср намози пайтида нозил бўлди. Эртасига Қурбон байрами бўлди. Саҳобалар дийнимиз мукаммал бўлса, ҳабибимизнинг боқий дунёга сафарлари яқинлашибди, деб йиғладилар.

Ўшандан саксон бир кун ўтиб, анбиёларнинг хотими фоний дунёни тарк этиб, боқий дунёга сафар қилдилар. Ислом динининг мукаммал бўлганини ўз кўзлари билан кўриб, хотиржам ҳолда, елкаларига юкланган буюк омонатни шараф билан адо қилиб кетдилар. У зотнинг саҳобалари тез орада Исломни дунёга таратдилар. Улар Аллоҳнинг мукаммал, батамом неъмати, рози бўлган дини – Исломдан бутун олам баҳраманд бўлиши учун қўлларидан келган барча хизматларни қилдилар.

Исломнинг қадрини билган авлодлар эса ундан ўзлари ҳам баҳраманд бўлдилар, ўзгаларни ҳам баҳраманд этдилар.

Исломнинг фазлини, Қуръони Каримдаги биргина оятнинг қадрини яҳудийлар ҳазрати Умарнинг даврида шунчалик тушуниб қадрлаган бўлсалар, бугунги кунда турли динларга мансуб одамлар Исломга кираётганлари бежиз эмас. Уларнинг Ислом туфайли икки дунё саодатини топиш мумкинлигини тушунибгина қолмай, яна ўз ичларидан чиққан уламоларнинг бу нарсани тушунтиришга киришганлари ҳам буюк Ислом ҳақиқатининг тантанасидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Алига.Сизларнинг ҳузурингизда китоб борми, дедим..Йўқ Магар Аллоҳнинг Китоби, мусулмон давоми...

3716 17:00 / 16.02.2022
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ душмандир,, давоми...

4833 17:00 / 08.12.2021
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

5095 17:45 / 02.04.2018
. . Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, мени ўз қавмимга имом қилиб қўйинг,, деди. У зот .Сен уларга давоми...

592 19:00 / 23 октябрь