Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис (169-дарс) Мусулмонлар даъватчи бўлишлари керак

17:00 / 19.01.2022 2697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: وَاللهِ لَأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِهُدَاكَ رَجُلًا وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир», дедилар.

Учовлари ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Саҳоба Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ансорийлардан, Хазраж қабиласидан эдилар. Бу кишининг аввалги исмлари Ҳузн бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саҳл деган исм билан  алмаштирдилар.

Саҳл ибн Саъд ҳаммаси бўлиб, 188та ҳадис ривоят қилганлар. Бу зотдан Абу Ҳурайра, Саъд ибн Мусаййиб аз-Зуҳрий, Абу Ҳозим, ўғиллари Аббос ибн Саҳллар ривоят қилдилар.

Бу зот ҳижратнинг 91-санасидаа 100 ёшларида Мадинада вафот этдилар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга дин аҳкомларини ўргатиш, уларни ҳидоятга бошлаш нақадар савобли ва улуғ иш эканлигини баён қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга у кишини Ҳайбарга юбораётиб айтганлар.

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай нарсага қасам ичавермайдилар. Аммо бу ҳадисда кўтарилаётган масала ўта муҳим бўлганлиги учун уни «Аллоҳга қасамки», деб бошлаганлар.

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир».

Арабларда ўша пайтда энг гўзал ва мўътабар мулк – айни етилиб, қизғиш тусга кирган туя ҳисобланган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига: «Эй Али, сенинг бир одамни ҳидоятга киришига сабаб бўлганинг энг яхши мулк бўлмиш қизил туяларни садақа қилганингдан яхшироқдир», демоқчилар.

Кишиларни ҳидоятга бошлаш, уларга илм ўргатиш Ислом динида энг улуғ ишлардан эканлиги китобнинг аввалидан айтиб келинмоқда. Бу ҳадиси шарифдан эса бир инсонга илм ўргатиб, билмаган нарсасини билдириб, хатосини тўғрилаб, уни тўғри йўлга иршод қилиб қўйиш қанчалар савобли иш эканлигини билиб олмоқдамиз.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга жуда-жуда муҳтожмиз. Чунки бугунги кунда Исломдан анча узоқлашиб кетганмиз. Дунёдаги қанчадан-қанча одамларга Ислом ҳидоятини етказиш лозим. Ҳатто ўзини мусулмон санаб юрганлар ичида ҳам ҳақиқий ҳидоят йўлига тушмаганлар қанча!

Юқоридаги ҳадиси шариф ана шундай кишиларни тўғри йўлга солишга чорламоқда. Чиндан ҳам Исломдан бехабар юрган бир кишини иршод қилиб, ҳидоят йўлига киритиш қанчалар улуғ савоб!

Мусулмонман, деб туриб, калимаи шаҳодатни айта олмай юрган одамга калимаи шаҳодатни ўргатиш, намоз ўқимай юрган бетавфиқ одамни иршод қилиб, намоз ўқишни бошлашига сабабчи бўлиш қанчалар улуғ савоб!

Динимизнинг бошқа кўрсатмаларига амал қилмай юрган бир кишини тўғри йўлга тушиб олишига сабаб бўлиш ҳар қандай хайри садақадан кўра афзалдир. Ароқ ичиб, зино қилиб, ўғрилик, қаллоблик ёхуд иғво-бўҳтон билан машғул бўлиб юрганларни бу ёмонликлардан қайтаришга сабаб бўлиш қанчалар улуғ савоб!

Булар – бир кишининг Аллоҳ ҳидоятига келишига сабабчи бўлганга ваъда қилинаётган савоблар. Бир киши эмас, ўн, юз, минг ва ундан кўп кишиларнинг ҳидоят топишига сабабчи бўлишнинг савоби қанчалар улуғ эканлигини тасаввур этаверинг!

Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис ва унинг руҳини яхши тушунган, унга амал қилган аввалги мусулмонларнинг ҳар бирлари Исломнинг даъватчиси бўлганлар. Жонкуяр мусулмон албатта салла-чопон кийиб, «мулла» деган ном олган бўлиши шарт эмас. Мусулмонларнинг ҳаммалари даъватчи бўлишлари керак. Баъзи вақтларда муллалардан кўра оддий мусулмонларнинг даъвати таъсирлироқ чиқади. Масалан, мусулмон табиб ўз тажрибаси асосида тибдаги илоҳий мўъжизаларни далил қилиб, кишиларни Исломга чақирса, қанчалар таъсирли!

Шу каби, бошқа соҳаларнинг одамлари ҳам динини, ўз соҳасини мукаммал ўрганиб, кишиларни Ислом дини ҳукмларига амал қилишга чақирмоқлари лозим. Ана ўшанда ўз бурчимизни адо этган бўламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув давоми...

2277 19:00 / 29.03.2023
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса давоми...

3266 17:00 / 23.06.2021
биринчи мақола . . . Абу Молик алАшъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Поклик иймоннинг давоми...

2980 19:00 / 20.07.2022
Ҳорис ибн Муслим Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар .Бомдод намозини ўқиб бўлганингдан кейин ҳеч давоми...

8864 23:55 / 28.03.2017