Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намознинг ҳикматлари | Ҳадис дарслари (263-дарс)

19:00 / 03.01.2024 3242 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоз араб тилида «солат» деб аталиб, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади.

Шариатда эса такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган, зарур шартларга эга бўлган амал намоз дейилади.

Намоз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ, Исро кечасида фарз бўлган.

Беш вақт намознинг фарзлиги Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган.

Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун фарзи айн бўлиб, ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир.

Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.

Ушбу ибодат мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, тиббий, ижтимоий ва бошқа бир қанча фойдалари бор.

Аввало намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситаси бўлиб, унда банда Яратувчиси билан ёлғиз қолиб, Унга муножот қилади. Мана шу ибодат-ла руҳий ва маънавий лаззат олади.

Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик тилайди.

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир.

Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишонч­ли воситаси бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.

Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади. У ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

Намоз ўқийдиган инсон ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар сола бошлайди. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.

Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади.

Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб,  бу намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда, бирликда эканлигини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради.

Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омилдир. Намозда бандалар ким бўлишларидан қатъи назар, бир жойда, бир сафда турадилар, бир хил амални бажарадилар ва Аллоҳгагина банда эканликларини изҳор этадилар.

Намозда бандаларнинг жамоат шаклида имомга бўйсунишлари, бир мақсад учун интилишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози туфайли мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар. Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар.

Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи энг асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.

Қолаверса, намоз поклик рамзидир.

Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, балки бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний саломатлиги учун ниҳоятда зарур нарса эканлиги ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.

Намознинг бу ва бундан бошқа фойдаларини қатор оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.

قَالَ اللهُ تَعَالَى: ﮠ ﮡﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ

Аллоҳ таоло:

«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақти тайин фарз бўлгандир», деган (Нисо сураси, 103-оят).

Бу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг бири бўлиб, ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақти тайин қилиниб, фарз этилганлиги эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.

وَقَالَ: ﯠ ﯡﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨﯩ

Ва яна:

«Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарур», (Анкабут сураси, 45-оят).

Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга, оятда намознинг ҳикматларидан бири – ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши таъкидланмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
тўртинчи мақола Бир неча йиллар аввал ўқиган бир мақола менга қаттиқ таъсир қилган эди. Ўша мақолада мусулмонларнинг бахтсаодати фақат Исломга амал қилишда давоми...

5438 19:00 / 24.08.2022
Аллоҳ таоло .Намозларни, айниқса ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳ учун итоаткор ҳолда қоим бўлинг,, деган Бақара сураси, 238оят. Шарҳ Намозни муҳофаза давоми...

2562 19:00 / 21.03.2024
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан икковимиз ҳам жунуб ҳолимизда ғусл давоми...

4275 19:00 / 20.09.2023
. . Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда изорсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. давоми...

3999 19:00 / 03.08.2023