Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (141-дарс). Набий алайҳиссаломнинг амаллари доимий эди

18:39 / 16.06.2021 3948 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

- وَسُئِلَتْ عَائِشَةُ: هَلْ كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَخُصُّ شَيْئًا مِنَ الْأَيَّامِ؟ قَالَتْ: لَا، كَانَ عَمَلُهُ دِيمَةً وَأَيُّكُمْ يَسْتَطِيعُ مَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَسْتَطِيعُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.

«Йўқ! У зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақидаги баён келмоқда.

Саҳобаи киромлар доимий равишда Оиша онамиздан турли нарсаларни сўраб туришар эди. У киши жуда кўп нарсаларни билар эдилар. Пайғамбаримиз билан доимо бирга бўлиш, етук ақл соҳибаси бўлиш Оиша онамизга кўп нарсаларни билиб олиш имконини берган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам кўп нарсаларда, катта саҳобалар еча олмай қолган масалаларда ҳам Оиша онамизга мурожаат қилинар эди. Ана шундай пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақида ҳам сўрар эдилар. Шундай саволларнинг бирида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бор эдими?» деб сўралди.

Яъни, маълум бир куни, маълум бир ибодатни хос қилиб қўйишни одат қилган эдиларми, деб сўралди. Оиша онамиз:

«Йўқ», деб жавоб бердилар.

Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай одатлари бўлмаган. Унда қандай бўлган? Бу саволга жавоб Оиша онамизнинг жавоблари давомида келади:

«У зотнинг амаллари доимий эди».

Яъни, бир кун амал қилиб, бошқа куни ташлаб қўймас эдилар. Оз бўлса ҳам бардавом амал қилар эдилар.

«Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди», дедилар.

Яъни, қайси бирингиз ана шундай доимий равишда амал қила олар эдингиз.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Олима аёллардан илм сўраса мумкинлиги.

2. Оиша онамизнинг фазллари.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларни хос қилиб, бирор нафл ибодат учун ажратмаганликлари.

4. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилсалар, доимий равишда қилганликлари.

5. Бошқа кишилар ҳар қанча уринсалар ҳам, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражасига ета олмаслиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман,, деган .Аъроф, сураси, давоми...

5644 17:36 / 02.04.2018
. . Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин ҳамда Асрда .Вассамаи ватториқ,, .Вассамаи затил давоми...

1063 19:00 / 30 апрель
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмаган бўлади,, ndash дедилар,. Шарҳ Бу жуда давоми...

5657 05:00 / 06.03.2017
2. .Ўғрилик қилмаслигингиз...,.Яъни ҳеч нарсани ўғирламаслигингиз ҳақида аҳд беринг. Аллоҳга ширк келтирмаслик ҳақидаги аҳддан кейин бевосита ўғриликнинг зикр давоми...

5642 13:00 / 30.12.2020