Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (3-дарс). Ҳадисни текшириш

11:29 / 17.10.2018 6597 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Бу илмий иш қандай олиб борилганини яхшироқ тушуниб, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлай қолайлик.

Бунинг учун Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китоб муаллифи, ҳадисда мўминларнинг амири Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўзларининг машҳур «Жомеъус-Саҳиҳ» китобларида келтирган биринчи ҳадисни оламиз.

У киши қуйидагича баён қиладилар:

«Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яҳё ибн Сацид ал-Ансорийдан эшитган. У «Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди», деган. У эса Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган. Ал-Лайсий айтадики, у Умар ибн Ҳаттобдан эшитган экан. Ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагини эшитдим», дейди:

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани бўлади. Кимки дунё учун ҳижрат қилса, унга эришади. Хотин учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати – нима учун ҳижрат қилса, шунинг учун бўлади».

Демак, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиб, олти кишидан ўтгач, Имом Бухорийга етиб келган. Имом Бухорий ўз шайхлари Абдуллоҳ ибн Зубайр ал-Ҳумайдийдан бу ҳадисни эшитишлари биланоқ, дарҳол уни китобларига ёзиб қўяқолмайдилар.

Балки ҳадисни ҳар томонлама текширишни бошлайдилар. Аввало, ҳадисни иккига: «Санад» ва «Матн»га бўладилар.

Ҳумайдийдан бошлаб, ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳугача бўлган ровийлар силсиласи «санад» дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари эса «матн» бщлади.

«Санад» сўзи араб тилида «суянчиқ» маъносини англатади. Муҳаддислар истилоҳида эса ҳадис матнига олиб борувчи суянчиқ йўлга санад, дейилади. Ҳар бир хабарни санадга, ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятидир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарлари айтган гаплар, қилган ишлар у ёқда турсин, муқаддас китобларига ҳам ёлғон аралашиб, ҳатто ёлғон ҳақиқатдан устун бўлиб кетган.

Яна Имом Бухорий мисолида муҳаддисларнинг қилган ишлари билан танишишни давом эттирамиз. У киши ҳадис санадида келган ровийларни текширишни бошлайдилар.

Энг аввал ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёт йўллари, насл-насаблари, иймон-эътиқоди, Исломга нечоғлиқ амал қилиши, адолатлими, йўқми, зеҳн-идрок даражаси ва бошқа кўплаб сифатларини пухта ўрганиб чиқадилар.

Мазкур ровийда мавжуд бўлиши шарт қилинган нарсалардан иккитасини алоҳида кўриб чиқайлик:

I. Ровийнинг ҳадиси қабул этилиши учун у адолатли бўлиши керак. 

«Адолат» луғатда тўғрилик, мустақиймлик ва одилликни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса «Адолат инсон нафсидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакадир».

Ровийда адолат мавжуд бўлиши учун, аввало ундан қуйидаги тўртта шартга жавоб бера олиши талаб этилади:

1. Исломда бўлиши.

2. Балоғатга етган бўлиши. (Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.)

3. Ақлли, яъни ақли расо бўлиши керак. (Ақли норасо одамнинг ривояти зинҳор қабул қилинмайди.)

4. Тақводорлиги.

Ривоятда келишича, Имом Бухорий ҳазратлари бир кишида ҳадис борлигини эшитиб, узоқ йўл босиб, уни топиб борсалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимининг этагини кўтариб, ҳайвонга ем бордай қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий: «Ҳайвонни алдашга журъат этган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб, ортларига қайтган эканлар.

II. Ровийнинг ҳадиси қабул бўлиши учун у зобтли бўлиши лозим. 

«Зобт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса «Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлаши лозим» деганидир. Бу эса икки йўл билан ҳосил бўлади.

Биринчиси – хоҳлаган вақтда ҳадисни аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиши керак.

Иккинчиси – ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак.

Агар ровий бир оз эҳтиётсизликка ёхуд бепарволикка йўл қўйган бўлса ҳам, ривояти қабул қилинмайди. Ҳатто эътимодли, тузатилган аслга суяниб ривоят қилаётган бўлса ҳам, айтган гаплари бошқа ишончли ровийларнинг гапига тўғри келмаса, баъзи вақт ва маконлар хусусида бўшроқ гапирган бўлса ҳам ва ниҳоят, ўз устозидан баъзан кучли, баъзан кучсиз ривоят қилган бўлса ҳам, бундай ровийнинг ривоятлари қабул қилинмайди.

Бир нарсани ёд олиб, ўша ёд олган нарсасини маҳкам тутишда мусулмонларга тенг келадиган умматни дунё кўрмаган. Бу уммат Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни ўн беш асрдан буён бир сўзи, бир нуқтасини ҳам ўзгартирмай, ёдда сақлаб келмоқда. Ҳозиргача ўзи мусҳаф юзидан Қурцонни ўқиб, ёд олган одам қорилар ҳузурида қори ҳисобланмайди. Аксинча, устознинг оғзидан эшитиб, ёд олган ва унга ўхшатиб ўқиб берган ҳамда изн олган кишигина қори ҳисобланади.

Ҳадислар ҳам ҳозиргача ёд олиб келинмоқда. Умуман, Ислом шариатининг ҳамма асллари ёд олиниб, ёд орқали қабул қилинган. Ҳатто баъзи ёзишни биладиган кишилар ҳам ёд олиш учунгина айрим нарсаларни ёзиб олганлар. Ёд олиб бўлгач эса ўчириб ташлаганлар. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги динига ёд олишга суянган қавм ва ана шунга одатланган пайғамбарни ихтиёр қилгани ҳам бежиз эмас.

Тарих китоблари ва илмий ривоятларда муҳаддисларнинг ёд олиш қобилиятлари ҳақида нодир маълумотлар жуда ҳам кўп учрайди. Халифа Ҳишом ибн Абдулмалик имом Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилибди. Имом аз-Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилибди. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Эй ҳадис эгалари!» деб чақирибдилар. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни ёддан айтиб берибдилар. Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдулмалик Имом аз-Зуҳрийни кўриб, «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз», деганида, Имом аз-Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан ёддан ёзиб берган эканлар. Кейин бу орада ўша биринчи китоб топилиб, солиштириб кўрилганида унинг бирор ҳарфи ҳам алмашмаганига шоҳид бщлишган.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазийнинг шогирдларидан Абу Довуд ал-Хаффоф: «Исҳоқ бизларга ёддан ўн бир минг ҳадисни имло қилиб берди. Сўнгра ёзган китобидан ўқиб, солиштириб чиқиб, бирор ҳарф ортиқ ёки кам эмаслигини кўрдик», деб айтади.

Имом Бухорийнинг мирзалари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Ҳошим ибн Исмоил ва унинг шеригидан қуйидагиларни эшитдим, деб айтади: «Бухорий болалик чоғида биз билан дарсга қатнашар эди. Бир неча кунлар ўтиб кетса ҳам, ҳеч нарса ёзмас эди. Биз унга бу ҳақда гапирган эдик, у: «Икковингиз менга жуда кўп гапирдингиз. Ўзган нарсаларингизни кўрсатинг-чи», деди. Биз ёзган нарсаларимизни олиб келувдик, ўн беш мингдан ортиқ ҳадис чиқди. Ўша ҳадисларнинг ҳаммасини у бизга ёддан ўқиб берди. Ҳаттоки, баъзи хатоларимизни унинг ёдлаб олган нарсасига эътимод қилиб тузатдик. Шунда у: «Сизлар мени беҳудага келиб, кунларини зое қилмоқда, деб ўйловдингизми?» деди. Ана ўшанда биз унинг олдига биров туша олмаслигини билган эдик».

Шундай бўлса-да, муҳаддис ҳужжат учун ҳар бир ровийни яхшилаб ўрганишдан эринмайди. Имом Бухорийга қайтадиган бўлсак, у киши ҳам ўз шайхлари ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўрганиб, ишончли ровий эканига қаноат ҳосил қилганларидан кейин ал-Ҳумайдийнинг шайхи – Суфённи ўрганишга киришадилар. Суфёнда ҳам ҳадиси қабул бўлиши учун зарур ҳамма шартларни топганларидан кейин икковлари қаерда, қачон, қандай учрашганлари ҳақида ҳужжат ва далил ахтарадилар. У ҳам собит бўлганидан кейингина учинчи ровийни ўрганишга киришадилар. Шундай қилиб, ҳар бир ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса, ҳаммаси текшириб чиқилади.

Аввал ҳам айтиб ўтган эдик: муҳаддисларнинг мана шу ишлари инсоний илмларга асос бўлди. Чунки улар бу билан ҳадис ривоятига мансуб ўн минглаб одамларнинг таржимаи ҳолларини, уларнинг омонатли, ишончли, адолатли, зобтли, тақволи экани, зеҳн ҳолатлари қандай бўлгани ёки аксинча, ёлғончи, ғофил, унутувчи, фосиқ эканини ўрганиб чиқиш орқали шу илмни йўлга қўйдилар. Унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда жилд-жилд китоблар ёздилар. Ровийларнинг аҳволи ҳақидаги китобларини «Жарҳ ва таъдил» ёхуд «Ровийларнинг жароҳатлилиги ёки адолатлилиги ҳақидаги китоблар» деб номладилар. Бу бутун бошли бир илмдир. Инсоният тарихида бошқа ҳеч ким бу ишни қилган эмас, қила олмаяпти, қила олмайди ҳам.

Яна Имом Бухорийга қайтсак, у киши юқоридаги ҳадис санадида номлари ўтган олти ровийни, улар ҳадисни бир-бирларидан қандай олганларини текшириб чиққач, улардан ҳадис олса бўлади, деган хулосага келдилар. Аммо, шунда ҳам ҳадисни ёзишга шошилмас эдилар. Энди ривоят қилинган ўша ҳадиснинг ўзини, яъни матнини текшириш лозим эди. Бу ҳам алоҳида катта бир илмдир. Бу илм бўйича ҳам қанчадан-қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Биз ҳам имкониятга қараб, қисқа ишоралар қилиб ўтамиз.

Муҳаддис, аввало матннинг лафзига ва маъносига қарайди: дастлаб айнан шу лафз ва маъно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли ва у зотдан содир бўлганми, деган саволга жавоб ахтаради. Бунинг эса ўзига яраша аломатлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳаловат, гўзаллик, пурмаънолик жиҳатидан Қуръондан кейинги иккинчи ўринда туради. Ўн минглаб ҳадисларни ёд билган муҳаддис матнга назар солиши билан унинг илк лафзлариданоқ кимга тегишли эканини билиб олади. Шу билан бирга, уни Қуръони каримга ҳам солиштириб кўради. Чунки ҳадис ҳеч қачон Қуръонга зид келмайди. Ана шунга ўхшаш кўпгина аломатларидан ҳадиснинг матнида бирор нуқсон топилса, у сохта ҳисобланиб, тарк қилинади.

Шу билан бирга, муҳаддис сохталик аломати бўлмаган ҳадисни ҳам дарров қабул қилавермайди. Бошқа томонларини ҳам текшириб кўради. Очиқроқ айтсак, айнан шу ҳадисни бошқалар ривоят қилганми-йўқми, излаб кўради. Агар ривоят қилган бўлса, бир-бирига мос тушадими? Мос келмаса ва бунда бошқа ровий кучли бўлса, хилоф қилган ровийнинг ҳадиси олинмайди. Баъзан бир ривоятда иккинчисида йўқ сўзлар, ортиқча маъно бўлиши мумкин, бу ҳам текшириб чиқилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари орасига ровийнинг тушунтириш гаплари кириб қолганми, йўқми? Шунга ўхшаш кўпгина саволларга жавоб олингандан кейин ва матннинг саломат эканига ишонч ҳосил қилинганидан сўнггина муҳаддис уни қабул этишга қарор қилади.

Ривоят этилишича, Имом Бухорий ҳазратлари кўпинча ғусл қилиб, икки ракаат намоз ўқиб, сўнг уйқуга кетар эканлар. Тушларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, «ушбу ҳадис мендан» десалар, туриб, китобларига ёзар эканлар. 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрамнинг амалларига ҳам давоми...

4577 16:59 / 08.04.2016
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

5095 17:45 / 02.04.2018
. . Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга фақат амир ёки маъмур ёки риёкоргина гапиради,, давоми...

3955 18:30 / 30.03.2022
. . Умму Ҳонеъ бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, ғусл давоми...

2456 19:00 / 05.07.2023