Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 176 дарс Беш кунлик дунё матоҳи охиратни куйдирмасин

18:30 / 23.03.2022 4331 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ أُفْتِيَ بِغَيْرِ عِلْمٍ كَانَ إِثْمُهُ عَلَى مَنْ أَفْتَاهُ، وَمَنْ أَشَارَ عَلَى أَخِيهِ بِأَمْرٍ يَعْلَمُ أَنَّ الرُّشْدَ فِي غَيْرِهِ فَقَدْ خَانَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб, ўз биродарига бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади», деганлар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим масалани баён қилмоқдалар.

Биринчиси – илмсиз кишининг фатво бериши мумкин эмаслиги.

Иккинчиси – билиб туриб, бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат эканлиги.

Бир мусулмон одам қилмоқчи бўлган иши шариатга мувофиқ бўлишини хоҳлади, дейлик. Аммо уни қандай қилса, тўғри бўлишини билмай, бир кишидан ўша ишнинг ҳукмини сўради. Чунки ўша одам бу ҳукмни билса керак, деб ўйлади. Аслида ўша фатво сўралган одам фатво беришга қодир бўлмаса, мазкур ишнинг ҳукмини аниқ ва ишончли равишда билмаса, «Билмайман» деб айтиши керак эди. Энди савол туғилади. Фатво сўралган одам ўзича тахмин билан нотўғри жавоб берса-ю, сўраган одам соф ният билан Аллоҳ динининг ҳукми шу экан, деб, ҳалиги нотўғри ишни қилса, нима бўлади?

«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади».

Демак, нотўғри ишнинг содир бўлишига ўша илмсиз равишда фатво берган киши сабабчи бўлади. Агар у нотўғри фатво бермаганида, ҳалиги одам бошқа биладиган одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда амалга оширган бўлар эди.

Нотўғри фатвога ишониб, савоб ниятида нотўғри ишни қилган кишига эса гуноҳ бўлмайди. Аммо у киши фатвонинг нотўғри эканлигини билиши билан ўша ишни тўхтатиши, иккинчи бор ҳалиги жоҳил одамдан фатво сўрамаслиги лозим. Ўзи учун ишончли, тақводор, инсофли ва билимдон устоз топишига тўғри келади.

Яна бошқа бир киши келиб, бир одамдан маслаҳат сўради. «Фалон нарсани амалга ошири-шим учун қайси йўлни тутмоғим керак?» деди. Сўралган одам ўша нарсани амалга ошириш учун қайси йўлни тутса яхши бўлишини билади. Аммо унга ишониб, йўл сўраган одамга била туриб, бошқа, нотўғри йўлни кўрсатди. Бундай алдамчи одамни ким деб баҳолаш мумкин? Ушбу ҳадиси шарифда бундай кимсалар қуйидагича баҳоланмоқда:

«Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб, бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади».

Шу ўринда «ўз биродарига» деган иборага эътибор берайлик. Бундан ўртада биродарлик алоқаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмаса-да, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмаслиги лозим. Ислом муомала бобида барча инсонларни бир-бирларига биродар деб билади. Ислом ҳукми бўйича ҳатто ғайридийнларга ҳам ёлғон гапириб, уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.

Одатда ишончга, омонатга хиёнат қилган одам «хоин» дейилади. Бир одам иккинчисига ишониб, ундан бир ишни қандай қилай, деб сўраши омонатдир. Ўша сўралган одам ишончни оқлаб, тўғри жавоб берса, омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб, бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.

Демак, бир одам қайси бир нарсани сўраса ҳам, билиб, аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб, жавоб бериш ҳам, билиб туриб, нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир масалани аниқ билмай туриб, фатво бериш мумкин эмаслиги.

2. Бир масалани билмай туриб, фатво берган одам гуноҳкор бўлиши.

3. Унинг нотўғрилигини билмай, ихлос билан нотўғри фатвога амал қилган одам гуноҳкор бўлмаслиги.

4. Сўралган масалани билган одам тўғри жавоб бериши зарурлиги.

5. Тўғри йўлни билиб туриб, бошқа йўлни кўрсатган одам хоин ва гуноҳкор эканлиги.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳукмини ҳам бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Билимсиз равишда фатво бераётганлар қанчалар кўп. «Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан», «Ароқни ичиш эмас, маст бўлиб, кўчада тўполон қилиб юриш ҳаром экан» қабилидаги гапларни айтадиганлар ҳар қадамда учраб туради. Баъзи бир чаласаводлар эса икки-уч оғиз нарсани чала ёдлаб олиб, мусулмонларнинг ярмидан кўпини кофир ёки мушрикка, дунёдаги аксар нарсаларни ҳаромга чиқариб юборадилар. Икки томон ҳам Аллоҳдан қўрқмайди, охиратини ўйламайди.

Билиб туриб, тўғрисини айтмайдиганлар ҳам оз эмас. Дунёнинг мансабини ўйлаб, бойларга ва зўравонларга яхши кўринаман деб, шариатнинг ҳукмини эмас, ўшаларнинг хоҳишини айтаётганлар ҳам ҳаммага маълум. Бу икки ҳолат ҳам ўз эгалари ва мусулмонлар бошига кўпгина бало-офатлар ёғдириши турган гап. Бундай бало-офатлардан қутулиш учун ҳар ким ўз чегарасини билиши керак. Шаръий илмдан узоқ кимсалар инсоф қилиб, диний ишларга аралашмасликлари, фатво беришга ўтмасликлари фарз. Ким фатво бермоқчи бўлса, хато гапнинг гуноҳи ўз бўйнига тушишини ўйлаб қўймоғи лозим.

Шариат аҳкомларини биладиганлар эса Ислом таълимотларини, шариат ҳукмини тўғрилигича етказиши лозим. Агар тўғрисини айтиш жонига таҳдид соладиган бўлса, унда жим турсин, тўғри нарсани била туриб, тескарисини айтмасин. Бир оғиз сўзи билан қанчадан-қанча одамлар залолатга кетишига, гуноҳга ботишига сабабчи бўлмасин. Беш кунлик дунёнинг матоҳини деб, ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам охиратини куйдирмасин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди,. Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат давоми...

4316 14:01 / 05.08.2020
Имом Аъзам раҳматуллоҳ Кўфа шаҳрида дунёга келдилар. У вақтда Кўфа ҳадис ва фиқҳ илмлари маркази эди. Кўфада катта бўлдилар, у ернинг уламоларидан илм ҳосил давоми...

9069 21:35 / 23.02.2018
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари давоми...

2803 18:39 / 16.06.2021
Суннат Қуръони Карим билан чамбарчас боғлиқ эканини аввалроқ таъкидлаб ўтгандик. Шунингдек, Суннатнинг тарихи ҳам, Қуръони Карим ва Ислом тарихи билан бирдир. Биз давоми...

4258 17:23 / 08.01.2017