Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (17-дарс). Қандай нарсалар Муҳаммад алайҳиссаломдан башарлик тақозоси ила содир бўлган? (давоми)

16:10 / 23.01.2019 6683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан тибга оид кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Ҳатто баъзи уламоларимиз турли ҳадис китобларидаги тиб боблари билан кифояланиб қолмай, «Ат-Тиббун-Набавийю» («Набавий тиб») номли китоблар ҳам таълиф қилганлар. Шу билан бирга, уламоларимиз аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийга ўхшаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларнинг тиббий тажрибага боғлиқлари диндан эмаслиги, яъни мусулмонлар учун ўша ҳадисларга амал қилишлари динимиз талаби эмаслигини таъкидлайдилар. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадиси шарифларни ўзлари яшаб турган замон ва макон ҳамда жамият тажрибасига суяниб айтганлар. Мисол учун, Ибн Можа, Ҳоким ва Абу Нуъайм каби муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиз уйқудан олдин исмид(сурма)ни лозим тутинг, у кўзни равшан қилур ва тукни ўстирур», деганлар.

Бу, ҳар бир мусулмон, агар кўзидан шикояти бўлса, ухлашдан олдин исмид номли сурмани суртиб ётиши лозим. Агар шуни қилмаса, гуноҳкор бўлади, дегани эмас, балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ўз шароит ва тажрибаларига суяниб, атрофларидаги кишиларга берилган маслаҳатдир. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари, жумладан, тиб борасида айтганлари ҳам биз учун қимматли. Ҳозирги замон тиб илми у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиб борасида айтганлари мўъжиза эканини таъкидламоқда. Лекин шундай бўлса ҳам, илмий ҳақиқатнинг ўз қоидалари бор. Ҳамма нарсани ўз номи ила аташ керак. Айниқса, диндан бўлмаган нарсани дин дейишга ҳеч ҳаққимиз йўқ. Агар ана шундай қиладиган бўлсак, ҳар бир мусулмонга сурма қўйишни мажбурий қилган бўлар эдик. Ҳолбуки, баъзи макон ва ҳолатларда сурма қўйиш фойда бермаслиги ҳам мумкин.

Аммо бу, тиб дунё иши, унга Ислом аралашмаслиги керак, дегани ҳам эмас. Исломнинг тибга оид ўзига хос таълимотлари бор. Мусулмонларнинг ўша таълимотларга амал қилишлари матлубдир.

Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Ҳоким ва Имом Ибн Ҳиббонлар Усома ибн Шарийк розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Даволанинглар, Аллоҳ қайси бир дардни берган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам бергандир», деганлар.

Имом Бухорий ва Имом Ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда эса:

«Аллоҳ қай бир дардни нозил қилган бўлса, унинг давосини ҳам нозил қилгандир», дейилган.

Бу таълимотлар ҳар бир мусулмонга ўз соғлиги учун ҳаракат қилиш вазифасини юклайди.

Имом Бухорий Ибн Масцуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизнинг шифоингизни, Ўзи сизга ҳаром қилган нарсада қилган эмас», деганлар.

Бу ҳадисга биноан, мусулмон инсонга шариатимизда ҳаром саналган нарсани даво сифатида истеъмол қилиш мумкин эмас. Мана шунга ўхшаш нарсалар диндир. Аммо тиб илми мутахассислари тажрибаларига боғлиқ – дори тайёрлаш, беморликни аниқлаш, даволашни қайси услуб ила олиб бориш, дорини қанча миқдорда ва нима воситасида юбориш каби ишлар дунёга тегишлидир. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида игна ила дори юбориш бўлмаган, ким игна билан дори қабул қилса, гуноҳкор бўлади, деган одам нотўғри гапирган бўлади.

«Мазкур нарсалар жумласига у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизлар қашқа қорабайирни лозим тутинг» деган гапларига ўхшаш боблар ҳам киради. Булар тажрибага суяниб айтилгандир», дейдилар аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий ўз сўзларининг давомида.

Бу ҳадисни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам от танлашда маслаҳат тариқасида айтганлар. Муҳаддис имомларимиз ушбу ҳадиси шарифни ўз китобларининг жиҳод бобида келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни ўз замонлари, яшаб турган шароитлари, шахсий тажрибалари ва қолаверса, ўша пайтдаги от турларига қараб айтганлар. Ҳақиқатда, бу жуда ҳам ўринли маслаҳат бўлиб, кўп фойдаларга сабаб бўлган. Лекин бу маъно дин тусини олиб, ҳамма замон ва макондаги мусулмонлар учун амал қилиш лозиму лобуд ҳукмга айланган эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга ўхшаш тажрибага асосланган, маслаҳат тариқасидаги гапларни айтган бўлсалар, бош устига, лекин бу қабилдаги гаплари билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик сифатида айтган гаплари орасида фарқ бўлади. Яна аллома Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг мисолларидан навбатдагисига мурожаат қилайлик:

«Ўша нарсалар жумласига у зотнинг ўша куннинг жузъий манфаатини қасд қилиб содир этган нарсалари, умматнинг барчасига лозим бўлмаган ишлар ҳам киради. Халифанинг лашкар тайёрлаш учун амр бериши, шиор (мужоҳидларни ажратиб турадиган белги) тайин қилишига ўхшашлар».

Ҳа, жиҳод – уруш ишларининг дунёвий қисмига – душманга қарши лашкар тайёрлаш, лашкарга зарур нарсаларни, бошқа турли чора-тадбирларни тайёрлаб, йўлга қўйишлар киради. Ҳеч ким, ҳадис китобларида келишича, Пайғамбаримиз вақтларида урушга туя миниб борилган экан, биз ҳам туя миниб боришимиз керак, дейиши мумкин эмас. Ёки урушда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, камон, найза ва қиличгина ишлатилади, бошқа қурол ишлатиш Суннатга хилоф бўлади, дея олмайди.

Бу масаланинг диний томонига келсак, уни Ислом очиқ баён этиб қўйган. Аллоҳ таоло Қурцони каримда мусулмонларни доимо душмандан эҳтиёт бўлиб, тайёр туришга чорлаб:

«Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалинг ёки тўп ҳолингизда қўзғалинг!» («Нисо» сураси, 71-оят).

Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг мусулмонларга жиҳод бобидаги амрларидан бири ҳисобланади. Динимизнинг бу ҳукмига биноан, мўминлар бепарво бўлмасдан, доимо ўта ҳушёр ҳолатда туришлари лозим бўлади.

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада мўмин бандаларига хитоб қилиб, душманга қарши ҳарбий куч-қувватни тайёрлаб қўйишни буюради:

«Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз» («Анфол» сураси, 60-оят).

Шунингдек, динимиз урушда риоя қилиниши лозим бўлган қонун-қоида ва одоб-ахлоқларни ҳам белгилаб берган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас» («Бақара» сураси, 190-оят).

Худди шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам ҳадиси шариф ворид бўлган:

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўлжага хиёнат қилманглар. Номардлик қилманглар. Ўлганларнинг аъзоларини кесманглар. Ёш болаларни қатл этманглар», деганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу мавзуда, яъни жиҳод мавзусида у зотнинг пайғамбарлик вазифасини адо этишлари юзасидан ворид бўлган бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор:

Жумладан, Имом Муслим Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингиз! Албатта, қувват отишдадир», дейдилар.

Имом Абу Довуд, Имом Насаий ва Имом Ҳокимлар Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким отишни ўрганса-ю, сўнгра унутса, неъматга ношукрлик қилган бўлади», деганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг калимаси устун бўлиши учун қитол қилса, бас, у Аллоҳнинг йўлидадир», деганлар.

Бу ҳадиси шарифларга амал қилиш мусулмонларга матлубдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ҳаётининг турли соҳаларида динимиз тацлимотлари борки, уларга амал қилиб яшаш мусулмонларнинг Аллоҳ таоло олдидаги бурчидир. Уларга ким амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. Шу билан бир вақтда, ўрганиб ўтганимиздек, инсоннинг оддий ҳаётий тақозо ва тажрибаларидан келиб чиқадиган нарсаларда ҳам ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Мазкур Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий башарлик сифатларидан келиб чиққан ва яна шунга ўхшаш, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига алоқаси бўлмаган омиллардан келиб чиқиб содир бўлган гап-сўзлар эса шаръий ҳукм даражасида қабул қилинмаган. Бу масалани уламоларимиз батафсил баён қилганлар. Биз ҳам ўша баёнлардан баъзиларини қўлимиздан келганича ўрганиб ўтдик. Аллоҳ хоҳласа, ушбу «Ҳадис ва ҳаёт» китобимизда ҳар бир мавзуни ўрни келганда янада кенгроқ тушунишга ҳаракат қиламиз, деган ниятдамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имоми дорул ҳижрат ndash ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан давоми...

5833 12:08 / 12.11.2018
.Шарт, сўзи луғатда .аломат, маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун давоми...

1295 19:00 / 27 июнь
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. Биринчиси Аллоҳ бир давоми...

3381 17:02 / 26.01.2022
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар келибкетиб давоми...

3267 19:00 / 02.09.2022