Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намоз ўқимаганларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қалам | Ҳадис дарслари (288-дарс)

19:00 / 27.06.2024 2390 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шарт» сўзи луғатда «аломат» маъносини билдиради.

Шаръий истилоҳда эса бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятидан ташқари бўла туриб, ўша нарсанинг вужудга келиши учун лозим бўлган омилга «шарт» дейилади.

Шартлар иккига тақсимланади:

1. Вожиблик шартлари.

2. Тўғрилик шартлари.

Қуйидаги ҳадиси шарифда намознинг вожиб – фарз бўлиши учун керак бўлган шартлар ҳақида сўз боради.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: رُفِعَ الْقَلَمُ عَنْ ثَلَاثَةٍ؛ عَنِ النَّائِمِ حَتَّى يَسْتَيْقِظَ، وَعَنِ الصَّبِيِّ حَتَّى يَحْتَلِمَ، وَعَنِ الْمَجْنُونِ حَتَّى يَعْقِلَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қалам уч (тоифа)дан кўтарилган: уйқудагидан, токи уйғонгунича, ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича, жиннидан, токи ақли киргунича», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қаламдан мурод, таклиф қаламидир. Шаръий амалларни – таклифларни бажармаган кишиларнинг, жумладан, намоз ўқимаганларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қаламдир.

Ушбу қалам уч тоифа одамдан кўтарилган бўлиб, улар томонидан шариат таклифлари бажарилмаса ҳам, гуноҳ ёзилмас экан.

1. «Уйқудагидан, токи уйғонгунича».

Чунки уйқудаги одамнинг ихтиёри ўзида эмас. Унда ҳушёрлик, бир нарсани идрок қилиш етишмайди. Шунинг учун у шариат таклифларини қилмаса ҳам, гуноҳкор ҳисобланмайди.

2. «Ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича».

Балоғат ёшидан кичик ёшдаги болаларнинг ақлий ва жисмоний камолоти бўлмайди. Шунинг учун ҳам уларнинг шаръий таклифларни бажаришлари мажбурий эмас. Мабодо ўша таклифларга хилоф қилсалар, гуноҳ ёзилмайди.

3. «Жиннидан, токи ақли киргунича».

Жинни одам ҳам аҳли таклиф эмас. Шунинг учун ҳам Исломда, намознинг саҳиҳ бўлиш шартлари балоғатга етганлик ва ақлга боғлиқ, дейилади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: عَرَضَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ أُحُدٍ فِي الْقِتَالِ وَأَنَا ابْنُ أَرْبَعَ عَشْرَةَ سَنَةً فَلَمْ يُجِزْنِي، وَعَرَضَنِي يَوْمَ الْخَنْدَقِ وَأَنَا ابْنُ خَمْسَ عَشْرَةَ سَنَةً فَأَجَازَنِي. قَالَ نَافِعٌ: فَقَدِمْتُ عَلَى عُمَرَ بْنِ عَبْدِ الْعَزِيزِ وَهُوَ يَوْمَئِذٍ خَلِيفَةٌ فَحَدَّثْتُهُ بِهَذَا، فَقَالَ: إِنَّ هَذَا لَحَدٌّ بَيْنَ الصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ، فَكَتَبَ إِلَى عُمَّالِهِ أَنْ يَفْرِضُوا لِمَنْ كَانَ ابْنَ خَمْسَ عَشْرَةَ سَنَةً، وَمَنْ كَانَ دُونَ ذَلِكَ فَاجْعَلُوهُ فِي الْعِيَالِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни мени урушга олиш учун кўрикдан ўтказдилар, ўшанда ўн тўрт ёшли бола эдим. Бас, менга ижозат бермадилар. Ҳандақ куни яна кўрикдан ўтказдилар, ўшанда ўн беш ёшли бола эдим. Бас, менга ижозат бердилар».

Нофеъ айтади:

«Мен Умар ибн Абдулазизнинг олдига бориб, ушбу ҳадисни унга айтдим. У ўша вақтда халифа эди. Бас, у:

«Мана шу кичик ва каттанинг орасидаги чегарадир», деди ва омилларига ким ўн беш ёшли бўлса, (шаръий таклифни) унга фарз қилиш ҳақида мактуб юборди. «Ким ундан кичик бўлса, уни аҳли аёллар ичига қўшинг», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Уҳуд урушига тайёргарлик кўрилаётган пайтда босиб келаётган хавф-хатарни бутун вужуди билан ҳис этган ўспирин мусулмон йигитлар жиҳодда қатнашиш талабида арз қилганлар. Бу ёш мусулмон болаларнинг жасорати, фидокорлиги ва дийну диёнат олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилишларининг аломати эди. Ана шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўрикдан ўтказганлар. Кимнидир кураштириб кўриб, шерикларини йиқитса, олганлар. Кимнингдир ёшини сўраганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўн тўрт ёшида урушда иштирок қилишига ижозат бермаганлар. Келаси йили, Ҳандақ урушида эса ўн беш ёшга тўлганлиги учун ижозат берганлар.

Шундан баъзи кишилар ўғил болаларнинг балоғат ёшини ўн беш ёш деб олганлар.

Халифа Умар ибн Абудулазиз ҳам Нофеъ розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадисни эшитганидан ке­йин вилоятлардаги ўз омилларига ўн беш ёшли ўғил болаларга катта ёшдаги эркакларнинг муомаласини қилиш, у ёшдан кичикларни эса бировнинг қарамоғида деб ҳисоблаш кераклиги ҳақида мактуб ёзган эканлар.

Лекин жумҳур уламолар: «Ўғил боланинг балоғатга етгани аломати эҳтилом бўлиш — уйқуда булғанишдир», дейдилар. Бунга аввалги ҳадис далил бўлиб, Ибн Умарга қилинган муносабат эса фавқулодда ҳолатнинг ишидир.

Қиз болаларнинг балоғатга етганлари ҳайз кўриш билан бўлади. Маълум ёшгача, яъни ўғил болалар эҳтилом бўлиб, қизлар ҳайз кўрадиган ёшга етиб ҳам балоғатга етганлик аломати пайдо бўлмаса, бошқа аломатларига қаралади. Бу аломатларнинг энг машҳури ёшдир. Ҳар юрт ўз иқлими ва бошқа шароитларига қараб, балоғат ёшини белгилайди. Ана ўша ёшдан шариат таклифларига амал қилиш бошланади. Жумладан, намоз ўқиш ҳам фарз бўлади. Балоғатга етиб туриб, намоз ўқимаган шахс эса шаръий жазога лойиқ деб ҳисобланади.

Аммо бу балоғат ёшига етгунча намоз ўқиб бўлмайди, дегани эмас. Балки балоғат ёшига етганда намоз ўқишга қийналмаслик учун ёшликдан ўқиб-ўрганиб бориш зарур бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Баттол .Саҳиҳи Бухорий,нинг .Илм, китобини шарҳлар экан, имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан1 шундай нақл қилади .Аллоҳ қалбимга солиб, имом Молик ибн Анаснинг давоми...

6115 14:54 / 22.09.2017
.Аллоҳ таоло айтади.Ва сизга Исломни дийн деб рози бўлдим, .Моида, сураси, 3оят.Бу жумла Моида сурасидаги оятдан бир бўлакдир. Айни ушбу жумланинг .Диннинг давоми...

5450 15:05 / 11.12.2019
Нафс офатлари 24тавсияАбу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта .Уч кишига Аллоҳ қиёмат куни гапирмайди, назар давоми...

8538 05:00 / 28.02.2017
.Ихлос, сўзи луғатда .тозалаш,, .холис қилиш, маъноларини англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи ndash Аллоҳга ибодатни худди У зотни кўриб тургандек қилишдир. Аллоҳ давоми...

4215 17:00 / 30.06.2021