Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Набий алайҳиссаломнинг шом ва хуфтон намозида қироат қилган суралар | Ҳадис дарслари (327-дарс)

19:00 / 07 май 1814 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ أُمَّ الْفَضْلِ سَمِعَتْهُ وَهُوَ يَقْرَأُ وَالْمُرْسَلَاتِ عُرْفًا، فَقَالَتْ: يَا بُنَيَّ، وَاللهِ لَقَدْ ذَكَّرْتَنِي بِقِرَاءَتِكَ هَذِهِ السُّورَةَ، إِنَّهَا لَآخِرُ مَا سَمِعْتُ مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ بِهَا فِي الْمَغْرِبِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умму Фазл у кишининг «Вал мурсалати урфа»ни қироат қилаётганини эшитиб:

«Эй, ўғлим, Аллоҳга қасамки, ушбу сурани қироат қилишинг ила, батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан охирги эшитган нарсамни эслатдинг. Уни Шом намозида ўқиган эдилар», деди».

Шарҳ: Умму Фазл – Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг оналари, ҳазрати Аббос ибн Абдулмутталибнинг хотинлари. Исмлари Лубоба бинти Ҳорис.

У киши Маймуна бинти Ҳорис онамизнинг опалари, Умму Фазл  куняларидир. Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам у кишининг ўғиллари бўлиб, Самарқанддаги Шоҳи Зинда номли мақбарага дафн этилганлар.

Ушбу ривоятга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом намозида «Вал мурсалати урфа» сурасини иккига бўлиб, биринчи ва иккинчи ракъатларда қироат қилганлар.

عَنْ جُبَيْرِ بْنِ مُطْعِمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ بِالطُّورِ فِي الْمَغْرِبِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шомда «Ват-тури»ни қироат қилганларини эшитдим».

Иккисини бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Жубайр ибн Мутъим ибн Адий ибн Навфал ал-Қураший, кунялари Абу Муҳаммад.

Бу саҳоба Қурайш қабиласининг бой-бадавлат бошлиқларидан эдилар. Жубайр ибн Мутъим аввалига Ислом душмани бўлганлар. Лекин Макка фатҳ этилган куни Исломга кирдилар.

Жубайр ҳаммаси бўлиб 60та ҳадис ривоят қилганлар.

Бу зотдан Сулаймон ибн Садр, Абдурраҳмон ибн Азҳар, икки ўғиллари Нофеъ ва Муҳаммадлар ривоят қилганлар. Жубайр ибн Мутъим ҳижратнинг 53-йили вафот этдилар.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу бўлган воқеани қуйидагича ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Бадрда асир тушганлар ҳақида у зот билан гаплашиш учун Мадинага келдим. Етиб келсам, у зот саҳобалари билан Шом намозини ўқиётган эканлар. «Инна азаба Роббика лавақеъ» («Роббингнинг азоби албатта воқеъ бўлгувчидир») деганларини эшитиб, қўрқувдан юрагим ёрилай деди. Фориғ бўлганларидан кейин у зотга асирлар ҳақида гапирдим.

У зот: 

«Агар шайх (яъни Жубайрнинг отаси Мутъим ибн Адий) келганида, улар ҳақида шафоатни қабул қилар эдим», дедилар».

Ушбу ҳадисдан Шом намозида қироат ошкора қилинишини билиб оламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом намозида «Ват-Тури»ни қироат қилганлар. Лекин уни тўлиқ ўқиганларми, икки ракъатга бўлибми ёки баъзи оятлариними, буниси маълум эмас. Чунки ҳадиснинг ушбу ривоятида ҳам, бошқа ривоятларда ҳам бу нарса очиқ баён қилинмай, ундаги баъзи оятларгина зикр қилинган.

Шунинг учун уламоларимиз «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда «Ват-Тури»га ўхшаш узун сурани Шом намозида қироат қилмас эдилар, баъзи оятларинигина қироат қилган бўлсалар керак», дейишади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ҳаддан зиёд узун ўқиган, одамларга малол келтирган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга «Сен фитначимисан, эй Муоз!» деб, икки марта танбеҳ берганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаддисларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башарлик тақозоси ила содир бўлган гапсўз, иш, амалларни ҳам ривоят қилганлар. Суннатга амал қилишда давоми...

7561 15:00 / 16.01.2019
Ихлоснинг фазли 22тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида .Эй Аллоҳнинг давоми...

7187 17:04 / 08.01.2017
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар шарҳига фиқҳий ҳукмларни ўзида жамлаган бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг давоми...

5420 17:36 / 20.06.2019
Муаллиф иймон бобидаги энг муҳим бир масала ҳақида алоҳида фасл очди. Бу масала иймоннинг зиёда ва кам бўлиши ҳақидаги масала бўлиб, уламоларимиз ўртасида кўпгина давоми...

7063 13:05 / 06.11.2019