1446 йил 29 жумадул аввал | 2024 йил 01 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Фотиҳа
Махмуд Халил Хусорий - Фотиҳа
00:00
/
00:00

Фотиҳа сураси

Маккада нозил бўлган, 7 оятдан иборат.

Бу суранинг бир неча номи бўлиб, улардан бири «Фотиҳа», яъни «очувчи» деганидир. Чунки Қуръони Карим ушбу сура ила очилади. Фотиҳа сураси жуда ҳам фазилатли сура бўлиб, бу ҳақда бир қанча ривоятлар келтирилган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади:

«Убай ибн Каъб Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида Фотиҳа сурасини ўқидилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаш нозил қилинмаган», – дедилар.

Фотиҳа сураси оятларининг тафсирига киришишдан олдин Қуръони Каримга оид энг машҳур икки истилоҳ – оят ва сура сўзларининг луғавий ва истилоҳий маънолари билан танишиб олсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:

1. «Мўъжиза».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Бану Исроилдан уларга қанчадан-қанча очиқ-ойдин оят(мўъжиза)ларни берганимизни сўра», – деган (211-оят).

2. «Белги-аломат».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Албатта, унинг подшоҳлигининг ояти (белгиси) – сизларга ичида Роббингиздан сакина ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолдиқ бор сандиқ келишидир», – деган (248-оят).

3. «Ибрат».

«…Токи ўзингдан кейингиларга оят (ибрат) бўлгин…» (Юнус сураси, 92-оят).

4. «Ажойиб иш».

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида: «Ибн Марямни ва унинг онасини оят (ажойиб иш) қилдик ва икковларини оқар сувли қароргоҳ тепаликка жойладик», – деган (50-оят).

5. «Бурҳон, далил».

Аллоҳ таоло Рум сурасида: «Ва осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят(бурҳон)ларидандир», – деган (22-оят).

6. «Жамоат».

Арабларда «Қавм ояти – жамоаси билан чиқди» деган гап бор.

7. Қуръон ояти.

Уламолар истилоҳида эса оят Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили сўзлар тоифасидир.

Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, бурҳон, далил, ҳарф ва сўзлар жамоаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом ўрганган. У кишидан Набий алайҳиссалом, у зотдан эса мусулмонлар ўрганганлар.

Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йа син» бўлиб, икки ҳарфдан иборатдир.

Энг узун оят эса Бақара сурасидаги «Қарз олди-бердиси» оятидир.

Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш уларнинг маъноларини яхши тушуниб етишда ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.

Қуръони Каримда «оят» сўзи кўплаб такрорланган. «Оят» сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқ англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.

«Сура» сўзи луғатда «қўрғон», «манзил» ва «шараф» деган маъноларни англатади.

Уламоларимиз истилоҳида эса сура Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган мустақил тоифасидир.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон оятларининг қўрғон ила ўралгандек бир тоифасига сура дейилади.

Қуръони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура эса Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборатдир.

ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ
АЪУУЗУ БИЛЛААҲИ МИНАШ ШАЙТОНИР РОЖИЙМ
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ
1. Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ
2. Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир.
ﭛ ﭜ ﭝ
3. У Роҳман ва Роҳиймдир.
ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ
4. Жазо-мукофот кунининг эгасидир.
ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ
5. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.
ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ
6. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.
ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ
7. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига: ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас.