Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (220-дарс) Истинжо шаръий ҳукм экани

19:00 / 01.03.2023 2481 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اتَّبَعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَخَرَجَ لِحَاجَتِهِ، فَكَانَ لَا يَلْتَفِتُ، فَدَنَوْتُ مِنْهُ، فَقَالَ: ابْغِ لِي أَحْجَارًا أَسْتَنْفِضْ بِهَا أَوْ نَحْوَهُ، وَلَا تَأْتِنِي بِعَظْمٍ وَلَا رَوْثٍ. فَأَتَيْتُهُ بِأَحْجَارٍ فِي طَرَفِ ثِيَابِي، فَوَضَعْتُهَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَعْرَضْتُ عَنْهُ، فَلَمَّا قَضَى أَتْبَعَهُ بِهِنَّ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

195. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. Одатда у зот ортларига қарамас эдилар. У зотга яқинлашган эдим, менга:

«Тошлардан олиб кел, улар билан истинжо қиламан, (ёки шунга ўхшашроқ гап айтдилар) суяк ёки тезак олиб келма», дедилар. Кийимимнинг этагига тош солиб келтириб, ёнларига қўйдим ва ўгирилиб кетдим. У зот қазои ҳожат қилиб бўлиб, уларни ишлатдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан қазои ҳожат ва истинжога тегишли бир неча нарсаларни ўрганиб оламиз.

1. Раҳбар, устоз кишилар қазои ҳожатга қўзғалганда кичиклар ва шогирдлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга ўхшаб, ҳушёр бўлиб, ёрдамга ошиқишлари зарурлиги.

2. Ана шундай вақтда катталарнинг изнисиз ҳам ортларидан бориш мумкинлиги. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изнларисиз ортларидан бордилар.

3. Раҳбар ва устоз кишилар ўз атбоъ ва шогирдларини хизматга буюришлари жоизлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тош келтиришни амр қилдилар.

4. Истинжо шаръий ҳукм экани.

Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва бошқалар «Истинжо – вожиб», деганлар.

Имом Абу Ҳанифа эса «Суннат», деганлар.

5. Тошлар билан истинжо қилиш жоизлиги. Уламоларимиз «Тош учтадан кам бўлмаслиги керак», дейдилар.

6. Тош билан истинжо қилиш шарт эмаслиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шароитларида тош кўп бўлганлиги, уни топиш осонлиги учун Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга тош олиб келишни амр қилганлар. Бу, тошдан бошқа нарса ярамайди, дегани эмас.

Истинжо қилиб бўлмайдиган нарсалар – суяк ва тезакни номма-ном алоҳида айтганларидан истинжо учун тошдан бошқа нарса ҳам ишлатилиши мумкинлиги келиб чиқади. Тошнинг ўрнига ҳар бир қуруқ, пок, артишга ярайдиган ва эъзозсиз нарса бўлаверади.

7. Суяк ва тезак билан истинжо қилиб бўлмаслиги. Шунингдек, бу икки нарсанинг хусусиятларига эга бўлган нарсалар билан ҳам истинжо қилиб бўлмайди. Суяк – таом чиқиндиси, тезак – ҳайвон чиқиндиси ҳисобланиши эътиборидан шу гап айтилган. Баъзи уламолар «Таом, кўмир, шиша, латта, дарахт баргига ўхшаш нарсалар билан истинжо қилиш ҳам макруҳ», деганлар.

Шундай бўлгач, фойдали нарсалар билан истинжо қилинмаслиги ўз-ўзидан маълум.

Баъзи қадимги уламоларимиз «Қоғоз билан истинжо қилиш макруҳ», деганлар. Чунки уларнинг вақтида қоғоз камёб бўлган. Ҳозир ҳам фойдаланадиган қоғоз билан, хусусан, ёзуви бор қоғоз билан истинжо қилишга рухсат берилмайди. Аммо истинжо учун алоҳида тайёрланган қоғоз билан тозаланишга ҳамма уламолар рухсат берганлар. Чунки у шу мақсад учун махсус тайёрлангандир.

8. Қазои ҳожат қилаётган одамга қарамай, ундан тескари ўгирилиб туриш кераклиги. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай қилдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 4-жузи асосида тайёрланди.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз Имом Бухорий энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун кўпроқ шу зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам ҳудди шундай йўл тутишган. Аслида бу давоми...

4786 17:23 / 08.01.2017
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ алБухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13си, жума кунида Бухорода таваллуд давоми...

9338 21:10 / 03.04.2019
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, менинг давоми...

5040 13:30 / 21.10.2020
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб давоми...

4325 13:30 / 31.03.2021