Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 18 шаввол | 2025 йил 16 апрель, чоршанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Мусулмон инсон закий ва фаросатли бўлади | Ҳадис дарслари (324-дарс)

19:00 / 09 апрель 578 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозда Фотиҳа сураси овоз чиқариб ўқилганидан сўнг «Омин», дейиш ҳақида ҳамма иттифоқ қилган. Лекин «омин» жаҳрий айтиладими ёки махфий айтиладими – ижтиҳод мана шу хусусда бўлган.

Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида «Қироати махфий бўлган намозларда «омин» ҳам махфий айтилади, қироати ошкора бўлган намозларда эса «омин» ҳам ошкора айтилади», дейилган.

Имом Дора Қутний Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. «Ғойрил мағдуби алайҳим валаддооллийн» деганларида овозларини пастлатиб, «Омин» деганларини эшитдим» дейилган.

Ибн Абу Шайба Иброҳим ан-Нахаъийдан қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Имом тўрт нарсани: «аъузу биллаҳи», «бисмиллаҳ», «лиман ҳамидаҳ» ва «омин»ни махфий айтади», деганлар.

Худди шу маънодаги бошқа ривоятлар ҳам бор.

Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда:

«Умар ва Али розияллоҳу анҳулар «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ҳам, «омин»ни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган.

Ҳанафийлар ўз мазҳабларини қувватлаш учун ақлий далил ҳам келтирадилар. Улар «Ҳаммамиз «омин»ни айтишга иттифоқ қилганимиздек, унинг дуо эканлигига ҳам иттифоқ қиламиз. Биз ушбу дуони махфий қилишни ихтиёр қилдик. Чунки дуони махфий қилиш ошкора қилишдан афзал эканлигига сиз ҳам, биз ҳам иттифоқмиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг», деган», дейдилар.

Ўтган имомларимиз, уламоларимиз бу масалада соф илмий баҳс қилдилар. Ҳар бирлари ўз илмлари етганича фикр билдирдилар. Бир-бирлари билан уруш-жанжал қилмадилар, аксинча, бир-бирларини ҳурмат қилдилар.

Имом Шофеъий Имом Абу Ҳанифанинг қабрларини зиёрат қилгани келганларида Ҳанафий мазҳабида намоз ўқидилар.

Шу билан бирга, ҳамма «омин»ни айтиш мустаҳаб эканлиги ҳақида иттифоқ қилган. «Омин»ни айтиш суннат ҳам, вожиб ҳам, фарз ҳам эмас.

Бас, шундай экан, нима учун ҳозир баъзи кишилар ушбу мустаҳаб масалани деб, мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқармоқдалар? Ҳамма ўз мазҳабидагини қилиб, ўзга мазҳабларни эҳтиром этаверса бўлмайдими? Афсуски, қадимдан динимиз аҳкомларини яхши билмаслигимиз ўзимизга зарар бўлиб келган.

Шунинг учун ҳам ўтган уламоларимиз бундай масалаларни ҳатто ақийда масалаларига киритишга мажбур бўлганлар.

Мана, эътибор берайлик, 234-ҳижрий санада туғилган Имом Таҳовий ўзларининг «Ақийдатут-Таҳовийя» китобларида нима дейдилару ва уни 729-ҳижрий санада вафот этган Имом Абул Изз қандай шарҳ қиладилар.

Матн: «Биз жамоатни ҳақ ва тўғри деб, тафриқани тойилиш ва азоб деб биламиз».

Шарҳ: Яъни, саҳобалар жамоасига, тобеъинлар жамоасига ҳамда Қуръон ва суннатни ушлаган асрлар жамоасига эргашишни ҳақ ва тўғри деб биламиз. Тафриқачилик ва жамоатга хилоф қилишни йўлдан тойиш ва азобга сабаб деб эътиқод қиламиз.

Билингки, ихтилоф икки хил бўлади:

1. Бир нарсанинг турида ихтилоф.

2. Бир нарсага қарши ихтилоф.

Бир нарсанинг туридаги ихтилоф шулки, ихтилоф қилинган гап ёки ишнинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар:

Саҳобалардан иккиталари Қуръон қироатида ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида, у зот «Икковингизники ҳам тўғри», деганлар.

Бухорий ривоят қилганлар.

Шунга ўхшаш, азон ва иқоматнинг сифати, саҳв саждасининг маҳали, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд ва жаноза намозлари такбирлари кабилар шариатда бир неча турли нарсалар ҳисобланади.

Бунга ўхшаш нарсаларда хусумат қилиш ҳаромдир. Кўпинча бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, уруш-жанжал даражасига етиб боришининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, иқоматда калималарни жуфт ёки тоқ айтиш, «омин»ни овоз чиқариб ёки ичида айтиш хусусида шундай бўлади. Бу эса айни ҳаром ишдир.

Бу турдаги ихтилофларга далилларнинг сийғалари, баъзи бир номларни айтиш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ва зулм юзасидан бир гап ёки иш мақталади-ю, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки тараф орасида хусумат кучайиб, уруш-жанжалга бориб етади». (Иқтибос тугади.)

Кўриниб турибдики, ўтган уламоларимиз Ислом уммати аъзоларини мазкур ихтилофлардан четда бўлишга чақирганлар. Бугунги кунда ҳам шу чақириқ бор. Ҳар ким ўз мазҳабидаги уламолар таҳқиқидан чиққан ишни қилиб, ўзгани сўкиб ёки танқид қилиш ўрнига бошқа мазҳабларни ҳам ҳурмат қилса, ҳеч қандай хилоф ва жанжал чиқмайди.

Уруш-жанжал одатда мустаҳаб нарса устида бўлади. Маълумки, мустаҳабни қилса ҳам, қилмаса ҳам бўлаверади. Ана шундай ишни деб, ҳаром ва катта гуноҳ ишни, мусулмонларнинг орасида хилоф чиқаришни заррача ақли бор одам ўзига эп кўрмаслиги керак.

Намозда Фотиҳа сурасидан кейин «омин»ни айтиш ошкора ёки махфий бўлиши ҳақида олиб борилаётган бахслар асли мустаҳаб иш устида юзага келган ихтилофдир. Бу ихтилофда ютиб чиққан ҳеч нарса ютмайди. Шунингдек, ютқазган ҳам ҳеч нарса ютқазмайди. Аммо хилоф ва жанжал чиқарган томон катта мағлубиятга учраши аниқ ва равшан.

Агар бунинг ўрнига икки тараф бир бўлиб, бенамозларга намоз ўқишни ўргатсалар эди, уч томон ҳам улкан ютуққа эришган бўлар эдилар.

Мусулмон инсон закий ва фаросатли бўлади, ўз дини ва уммати учун нима фойда-ю, нима зарар, тўғри ажрата олади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.УЛУМ УЛҲАДИС,Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг ҳаммаслаклари Пайғамбаримиз саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилмаган. Кимни, Пайғамбаримиз давоми...

5371 16:59 / 08.04.2016
Аввало .Суннат, ўзи нима эканлигини билиб олиш лозим. Суннат ва Ҳадис бирбирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳлардир. Уларга яхшилаб диққат қилинса, Ҳадис давоми...

18432 15:31 / 16.08.2018
6. Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билишнинг зарурлиги. Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу давоми...

6362 10:30 / 07.03.2019
. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Таҳажжуд намози учун турсалар, оғизларини мисвок билан ишқалар давоми...

1029 19:00 / 04.12.2024