Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (126-дарс). Империяларнинг мусулмонлар қаршисида тиз чўкиши

14:00 / 03.03.2021 3491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتَتَّبِعُنَّ سَنَنَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ شِبْرًا بِشِبْرٍ وَذِرَاعًا بِذِرَاعٍ حَتَّى لَوْ دَخَلُوا فِي جُحْرِ ضَبٍّ لَاتَّبَعْتُمُوهُمْ، قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ آلْيَهُودُ وَالنَّصَارَى، قَالَ: فَمَنْ؟!. وَفِي رِوَايَةٍ: قِيلَ يَا رَسُولَ اللهِ كَفَارِسَ وَالرُّومِ قَالَ: وَمَنِ النَّاسُ إِلَّا أُولَئِكَ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳатто, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб, сиз ҳам кирасизлар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик.

«Бўлмаса кимга?!» дедилар.

Бошқа бир ривоятда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди.

«Ўшалардан бошқа қайси одамлар бўларди?» дедилар».

Икки ҳадисни икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мусулмонлар бир вақтлар келиб, Китоб ва Суннатга эмас, ўзларидан олдин ўтган умматлар ва ғайридин қавмларнинг суннатига эргашадиган бўлиб кетишлари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ва ундан кейинги бир неча асрларда мусулмонларнинг хаёлларига ҳам келмайдиган салбий ўзгариш бўлажагининг хабарини олдиндан бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга:

«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар», демоқдалар.

Яъни, «Эй мусулмонлар, сиз ўзингиздан олдин ўтган қавмларнинг одатларига, ишларига, қилмишларига қадам-бақадам эргашасизлар. Улар нима қилса, шуни қилишга ҳаракат қиласизлар. Бу бизга тўғри келадими-йўқми, демайсизлар», деяптилар.

«Ҳатто, улар зоббнинг уясига кирса, уларга эргашиб, сизлар ҳам кирасизлар», дедилар».

«Зобб» эчкиэмарга ўхшаш, аммо ундан кичикроқ ҳайвон бўлиб, унинг уясига одам сиғмайди. Лекин ҳадисда «Ўша ғайридинлар зоббнинг уясига кирса, уларга эргашиб сизлар ҳам кирасизлар» дейилиши «Агар улар одамга мос бўлмаган ишни қилсалар, сизлар ҳам қиласизлар» демакдир.

Ҳадис ровийси Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?!» дедик».

Яъни, «Биз қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашадиган, ҳатто зоббларнинг уясига кирсалар, ортларидан биз ҳам кирадиган қавмлар яҳудий ва насороларми?! Ўшаларга эргашамизми?», деб сўрадик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бўлмаса кимга?» дедилар.

Бу «Бошқа ким ҳам бўлар эди?», деганлари.

Бошқа бир ривоятда:

«Яҳудий ва насороларгами?» дейишнинг ўрнига

«Форс ва Румга ўхшабми?» деб сўралган ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўшалардан бошқа қайси одамлар бўлар эди», деб жавоб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари қарийб ўн уч ярим асрдан сўнг юзага чиқди. Ўша вақтда мусулмонлар ўзларидан олдин ўтган қавмларга эргашиш қандай бўлишини тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Лекин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳақиқат сифатида эшитиб, қабул қилган ва таслим бўлган эдилар.

Кейинчалик эса мусулмонлар Китоб ва Суннатни маҳкам тутиб, бутун дунёга ўрнак бўлдилар. Жуда кўп қавмларни ўзларига эргаштирдилар. Ўша пайтнинг энг катта икки давлати – Форс ва Рум империялари мусулмонлар қаршисида тиз чўкди. Бутун дунё мусулмонлар ортидан эргашди. Ислом Оврупанинг қалби бўлган Париж остоналаригача етиб борди. Оврупанинг катта бир қисмида Андалусия номли Ислом давлати қарийб саккиз аср ҳукм сурди. Мусулмонларнинг илм-фан, маданият, техника, тиб ва бошқа соҳаларда эришган ютуқларидан бутун дунё халқлари баҳраманд бўлиб турди.

Лекин минг афсуслар бўлсинким, усти бут, қорни тўқ бўлмаса ҳам, иймонлари кучли бўлган, Ислом нурини бутун дунёга ёйишга хизмат қилиш ишқида ёнган фотиҳ мусулмонларнинг набиралари боболарига муносиб бўла олмадилар. Улар Китоб ва Суннатни маҳкам тутмадилар, бу икки масдарни аста-секин қўлдан чиқара бошладилар. Қуръон ва Суннатга амал қилишдан узоқлашдилар. Устилари бут, қоринлари тўқ, лекин иймонлари заиф бўлди. Суннатга амал қилиш ўрнига ҳою-ҳавас ва айшу ишратга берилдилар.

Оқибатда мусулмонлар дунё миқёсида ўз мавқеларини аста-секин йўқотдилар. Ислом аҳли таназзулга юз тутди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин давоми...

4895 18:30 / 02.06.2021
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар .Сизнинг ҳар бирингизнинг давоми...

4952 13:00 / 27.05.2020
...Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган давоми...

4861 16:52 / 08.04.2016
. . Робийъа ибн Каъб алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга давоми...

1872 19:00 / 06 март