Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 198-дарс. Турли ҳайвонлар ичиб турадиган сув пок ёки нопоклиги ҳақида

19:00 / 02.09.2022 4349 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْمَاءِ يَكُونُ فِي الْفَلَاةِ وَمَا يَنُوبُهُ مِنَ الدَّوَابِّ والسِّبَاعِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا كَانَ الْمَاءُ قُلَّتَيْنِ لَمْ يَحْمِلِ الْخَبَثَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар келиб-кетиб (ичиб турадиган) сув ҳақида сўралди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Саҳобаи киромлар ўз одатлари бўйича иштибоҳли бир масала хусусида, яъни очиқ жойда қоладиган, турли ҳайвонлар ва йиртқичлар тегиб кетиши мумкин бўлган сувнинг пок ёки нопоклиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрамоқдалар.

Унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди», деб жавоб бердилар. Бу саволнинг айнан ўзига берилган эмас, балки умумий қоида бўладиган жавоб, яъни нима бўлишидан қатъи назар, сув икки қулла миқдорига етса, нажас бўлмайди, дегани эди.

«Қулла» катта сув меши бўлиб, унинг биттасига ўша даврнинг ўлчови билан бағдодий ҳажмда 250 ратл сув сиққан. Бир бағдодий ратл 408 граммга тенг бўлиб, икки қулла сув 204 литрни ташкил қилади. Ана шу миқдордаги сув очиқ жойда бўлса-ю, унга турли ҳайвон ва йиртқичлар тегиб кетса ҳам, унда таҳорат қилса бўлаверади.

Аммо сув икки қулла ёки ундан ортиқ бўлса-ю, рангими, ҳидими, таъмими, бирортаси ўзгариб қолса, поклиги йўқолади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иштибоҳли масалани биладиган одамдан сўраб олиш зарурлиги.

2. Муайян бир нарса сўралганда умумий қоида бўладиган жавоб беришнинг яхшилиги.

3. Икки қулла миқдоридаги сувга турли ҳайвон, йиртқич, нажас нарса теккани билан (агар асосий сифатларидан бири ўзгармаса) нопок бўлиб қолмаслиги.

4. Икки қулла миқдоридан оз сувга нажас нарса тегса, нопок бўлиб қолиши.

Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман. Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари шу ҳадисга амал қилиб, нажас нарса тегса, нопок бўлмайдиган сувнинг энг оз миқдори икки қулла, деб белгилашган.

Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари бошқача йўл тутганлар. Улар бу ҳадиси шарифни ҳукм учун қабул қила олмасликларига узр айтганлар.

Аввало бу ҳадис изтиробли ҳадис. Чунки бир ривоятда «икки қулла», иккинчи ривоятда «бир қулла», учинчи ривоятда эса «уч қулла» деб келган. Қайси бири ҳақиқий эканлиги номаълум.

Иккинчидан, «Қуллаларнинг ҳажми бир хил эмас. Улар доимо катта-кичик ва ҳар хил бўлади», деганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари «Нажас нарса тегиши ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган сувнинг энг оз миқдори – эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг», деганлар. Аршин деганда, ўртача одамнинг панжаси учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади. Бу 61,2 см деб олинган. Демак, эни ва бўйи 6 метру 12 смдан бўлган ҳовузнинг суви Ҳанафий мазҳаби бўйича нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланади.

Кўриниб турибдики, ҳар бир мазҳаб ўз шароитидан келиб чиққан. Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаби уламолари яшаган саҳро шароити бошқача, Ҳанафий уламолари яшаган серсув жойларнинг шароити бошқача бўлган. Шу билан бирга, ҳайвонлару йиртқичлар ва бошқа нарсалар ҳам, албатта, эътиборга олинган. Ҳозирги шароит тамоман бошқача бўлиб кетди. Бу масала ҳаётда учраши қийин, учраганда ҳам, жуда нодир бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Менинг бавосилим бор эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У давоми...

1652 19:00 / 16 июль
Муҳаддислар истилоҳида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, амал, таҳрир, халқий сифат, хулқий сифат ва сийратларга, агар давоми...

6776 13:04 / 12.12.2018
Муҳаммад алайҳисалломдан пайғамбарлик сифатлари ила содир бўлган суннатларДемак, сиз билан биз, мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ давоми...

7439 15:02 / 03.01.2019
. . Маън ибн Язийд розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда у киши айтадиларки .Отам Язийд садақа қилиб, динорларни чиқарган экан. Уларни давоми...

4394 17:00 / 14.07.2021