Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (57-дарс). Киши Исломининг ҳусни беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир

14:05 / 30.10.2019 5193 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши Исломининг ҳусни беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир», дедилар».

Термизий «Зуҳд»да ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ўтган ҳадиснинг ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киши Исломининг ҳусни ҳақида, чиройли бўлиши ҳақида сўз юритмоқдалар. Шариатда «фалончининг Исломи ҳуснли, чиройли бўлди» деган ибора, фалончи Исломга ичидан ҳам, ташидан ҳам, ҳақиқий равишда кирди, деган маънони ифода қилади.

Ибн Баттоий: «Фалончининг Исломи ҳуснли бўлди» дегани «Эҳсон ҳадиси, яъни «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилишинг», деган ҳадис билан шарҳ қилинади», дейди.

Демак, кишининг Исломи ҳуснли бўлиши ҳам, ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин экан. Унинг қандай бўлиши эса Исломдаги кишининг ўзига боғлиқ. Агар инсон ўзи учун беҳуда бўлган нарсаларни тарк қилса, бу унинг Исломи ҳуснли бўлганига далил экан. Чунки бу ишни фақат ҳақиқий мусулмон одамгина амалга оширади. Чин мусулмон одам ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасига ўта жиддийлик билан қарайди. Қиёматда ана шу ҳар бир лаҳза учун ҳисоб-китоб, савол-жавоб бўлишини зин­ҳор унутмайди. Чин мусулмон одам беҳуда сарфланган вақт, молу дунё, соғлик, куч-қувват, имконият ва бошқа нарсалар учун қиёмат куни жавоб беришини тўла ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун у беҳуда нарсага умуман яқинлашмайди. Бу эса ўз навбатида унинг Исломининг ҳусни бўлади.

Чин мусулмон бўлишни ўйлаган одам беҳуда, фойдасиз ва маъносиз нарсаларга ўзини урмайди. Ундай нарсаларни эса пасткаш кишилар қиладилар. Мусулмонлик эса олий шарафдир, юқори мартаба ва юксак мақомдир. Ҳар биримиз Исломимизнинг ҳуснли бўлиши учун уринайлик, беҳуда нарсаларни тарк қилайлик.

15. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, бир кишини масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз, унинг иймони ҳақида гувоҳлик берингиз. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, намозни тўкис адо қилса ва закотни берсагина, обод қилади», деган», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Аввало у киши билан танишайлик.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳунинг исмлари Саъийд ибн Молик ибн Синон, кунялари Абу Саъийд Ансорий Худрий, кунялари исмларидан ғолиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн иккита жангда иштирок этганлар. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган беш саҳобанинг бири, Хандақ урушида аввалгилардан бўлиб иштирок этган улуғ саҳобалардан. Ёшлари ўн учга етганда оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у кишининг Уҳуд жангида иштирок этишига изн сўраганларида, ёшлари кичкина бўлгани сабабли изн бермадилар.

Абу Саъийд Худрий 1170та ҳадис тўплаб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобалар ўртасида еттинчи ўринни эгалладилар. У киши оталари Молик ибн Синон, тоғалари Қатода ибн Нуъмон, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилганлар.

Абу Саъийд Худрий тўплаган ҳадислардан Имом Бухорий 16 та, Имом Муслим эса 52 та ҳадисни ўз «Саҳиҳ» китобларига киритдилар.

Абу Саъийд Худрийдан ривоят қилган зотлар ўғиллари Абдураҳмон, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Туфайл, Абу Салама, Нофеъ, Икрима, тобеъийнлардан Саъийд ибн Мусаййиб, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба, Ториқ, Ибн Шиҳоб ва бошқалардир. Агар кишилар у зотдан эшитган ҳадисларини ёзиб беришни сўрашса, «Ҳадисни Қуръонга ўхшатиб ёзманглар, лекин буни биз сақлагандек муҳофаза этинглар», деб айтар эдилар. У зот дунёда зоҳид, ибодатгўй, олим, олган илмига амал қилувчи зотлардан эдилар.

Бир куни Абу Саъийд Худрий ўғиллари Абдураҳмоннинг қўлидан ушлаб, «Бақийъ» деган жойга олиб бориб: «Эй ўғилчам, агар вафот этсам, шу ерга кўмгин, марсия ёзиб, орқамдан йиғлама, орқамдан ўт ёқиб юрма, мен сабабли бирор кишига озор бермагин», деб васият қилдилар. Ҳижратнинг 74-йили, жумъа кунида бу фоний дунёдан дорулбақога риҳлат қилдилар ва шу куни «Бақийъ»га дафн этилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу муборак ҳадисларида масжидга доимий қатнашга, у ерда ибодат қилишга аҳд қилган, доимо ўз аҳдида турган одамнинг ҳам иймони комил бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар. Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унга доимий қатнаб, ибодат қилиш улуғ ва муборак иш. Ушбу ҳадисда масжидга бориш, қатнаш ёки шунга ўхшаш иборалар эмас, «масжидга қатнашга аҳд қилиш» ибораси ишлатилганлиги эътиборга сазовордир. Чунки масжидга турли одамлар қатнайди. Уларнинг қатнаши ҳам турлича бўлади.

Кимдир риё учун қатнайди. Унинг қатнаши риёга боғлиқ бўлади. Риё ҳосил бўлмаган ондаёқ масжидга қатнашдан тўхтайди.

Яна бири мунофиқлик юзасидан қатнайди. Яъни Ислом ривож топиб, мусулмонлар кўпайганда, ишлари юришиб, гаплари ўтиб турганида ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш учун қатнайди. Ушбу омил йўқ бўлиб, мусулмонлар синовга учраган, қийинчиликда қолган куни улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар.

Учинчилари жосуслик учун қатнайдилар ва жосуслик топшириғини адо этиб бўлганларидан сўнг улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар.

Чин қалбдан аҳд қилган одамгина холис ибодат учун доимий равишда масжидга қатнайди. Ана ўша одамнинг иймони ҳақида шоҳидлик беришга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилмоқдалар.

Сўнгра у зоти бобарокот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмга Аллоҳ таолонинг Китобидан далил келтирмоқдалар. Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар», деган оятини тиловат қилмоқдалар.

Ушбу оятдаги Аллоҳнинг масжидларини обод қилиш деганда моддий ва маънавий обод қилиш назарда тутилган. Моддий обод қилишга масжидларни қуриш, чиройли ва озода тутиш киради. Маънавий обод қилишга эса уларда намоз ўқиш, тиловат қилиш, зикр қилиш каби маънавий ишлар киради. Демак, масжидларни маънавий обод қилишга уринган одамда Аллоҳга ва охират кунига иймон бўлиши турган гаплиги оятда ҳам келган экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай одамнинг иймони ҳақида гувоҳлик беришга ишорат қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Масжидларга чин қалбдан қатнашга одатланиш.

2. Масжидларга қатнаётган кишилар ҳақиқий иймонли кишилар эканлигини билиш.

3. Айтилган фикрни тасдиқлаш учун оятдан далил келтириш.

Бу ҳадиснинг ҳикмати жуда катта. Масжидга доимий қатнашга одатланишнинг фойдалари кўп: инсон савоб олади, мусулмонлар жамоасидан хабардор бўлиб туради, иймони камолга етади. Иншааллоҳ, «Жамоат намози боби»да бу ҳақда тўхталамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ҳасан алБасрий .Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир,, дея туриб, .Аллоҳдан давоми...

2725 18:00 / 13.10.2021
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм азЗоббий анНисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиулаввал ойининг учинчи куни таваллуд давоми...

4871 21:10 / 05.06.2019
Имоми дорул ҳижрат ndash ҳижрат юрти имоми номига мушарраф бўлган Имом Моликни олайлик. У киши ўз даврининг энг йирик муҳаддиси эдилар. Мадинаи Мунаввара аҳлидан давоми...

4725 16:52 / 08.04.2016
. . . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёққа тушган сичқон ҳақида сўралди. У зот соллаллоҳу давоми...

2776 19:00 / 28.12.2022