Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Сув топилиши билан таяммум бузилиши | Ҳадис дарслари (257-дарс)

19:00 / 22.11.2023 2844 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ الْخُزَاعِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى رَجُلًا مُعْتَزِلًا لَمْ يُصَلِّ فِي الْقَوْمِ، فَقَالَ: يَا فُلَانُ مَا مَنَعَكَ أَنْ تُصَلِّيَ فِي الْقَوْمِ؟ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَصَابَتْنِي جَنَابَةٌ وَلَا مَاءَ، قَالَ: عَلَيْكَ بِالصَّعِيدِ فَإِنَّهُ يَكْفِيكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Имрон ибн Ҳусайн ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, ажраб, четда турган бир одамни кўриб қолдилар ва:

«Эй фалончи, одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга жунублик етган эди. Сув йўқ», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сен учун пок тупроқ бор. Албатта, у сенга кифоя қилур», дедилар».

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шариатга хилоф иш қилган одамни кўрганда, ундан нима учун бундай қилганини сўраш лозимлиги. Ўзидан сўрамай туриб, унинг устидан ҳукм чиқариб юбормаслик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан намоз ўқимаган одамни кўриб, унга:

«Сен жамоат билан намоз ўқимаганинг учун фалон бўлдинг», демадилар. Балки:

«Одамлар билан намоз ўқишингдан сени нима ман қилди?» дедилар. Сўнгра унинг жавобига қараб, ҳукм чиқардилар.

2. Сув топа олмаган одам таяммум қилиши.

3. Жунубликдан ҳам таяммум қилиш мумкинлиги.

Таҳоратнинг ўрнига қилинадиган таяммум ҳам, ғуслнинг ўрнига қилинадиган таяммум ҳам бир хил бўлади.

4. Таяммум учун пок тупроқ бўлиши кераклиги.

Бу ҳам Ислом шариатининг мусулмонларга иложи борича осонлик яратишига далилдир.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الصَّعِيدَ الطَّيِّبَ وَضُوءُ الْمُسْلِمِ وَإِنْ لَمْ يَجِدِ الْماَءَ عَشَرَ سِنِينَ، فَإِذَا وَجَدَ الْمَاءَ فَلْيُمِسَّهُ بَشَرَتَهُ فَإِنَّ ذَلِكَ خَيْرٌ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, пок тупроқ, агар ўн йилгача сув топа олмаса ҳам, мусулмоннинг покланиш воситасидир. Қачон сув топса, уни баданига етказсин. Албатта, ўша хайрлидир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Покиза тупроқ сув йўқ пайтида покланиш воситаси эканлиги.

Яъни, ибодат учун таҳорат ва ғусл ўрнига ўтадиган рамзий покланиш воситасидир.

2. Таяммум учун вақт чегараланмаганлиги.

Унинг қанчагача давом этиши сувнинг бор ёки йўқ эканлигига боғлиқлиги.

3. Сув топилиши билан таяммум бузилиши.

4. Етарли сув бор жойда узрсиз таяммум қилиб бўлмаслиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан давоми...

6520 09:26 / 06.09.2017
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

10116 17:30 / 01.01.2020
иккинчи мақолаУшбу мавзуга боғлиқ биринчи мақоламизнинг давоми ўлароқ кейинчалик мусулмонлар ичида ҳам бу ҳақда турли фикрларни айтган кишилар чиққан. давоми...

5030 15:30 / 22.04.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб.Осмонни ким яратган Ерни ким яратган, дейди. У.Аллоҳ,, давоми...

6234 15:30 / 04.12.2019