Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (133-дарс). Суннатни маҳкам ушлаган адашмайди

14:20 / 21.04.2021 4644 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَوْمًا بَعْدَ صَلَاةِ الْغَدَاةِ مَوْعِظَةً بَلِيغَةً ذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ وَوَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ فَقَالَ رَجُلٌ: إِنَّ هَذِهِ مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ فَمَاذَا تَعْهَدُ إِلَيْنَا يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللهِ وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ عَبْدٌ حَبَشِيٌّ فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ يَرَ اخْتِلَافًا كَثِيرًا، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الْأُمُورِ فَإِنَّهَا ضَلَالَةٌ، فَمَنْ أَدْرَكَ ذَلِكَ مِنْكُمْ فَعَلَيْهِ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан (таъсирланиб) кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди.

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, унга менинг Суннатимни ва рошид – ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлангиз», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала эканлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Ҳадиснинг ровийлари Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳикоя қилишларича, бир куни Бомдод намозидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўта таъсирли ваъз айтганлар. Бу ваъзни эшитиб, кишилар кўзларидан ёш тўкканлар, қалблари эса ларзага келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ваъзлари одатдагидан бошқачароқ бўлган. Буни эшитувчилар ҳам пайқаганлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайриоддий ваъз қилганларини тушуниб етганлар.

«Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди».

Гапирувчи одам Расули акрамнинг бу дунё билан ва саҳобалар билан видолашаётган киши сифатида ваъз қилганларини, бу ваъз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги ваъз­ларидан бири эканлигини англаб етган эди. Шунинг учун бу фурсатни ғанимат билиб, Расулуллоҳдан ўз умматларига васият қилишларини сўради.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу видолашувчининг ваъзи эмас, демадилар. Балки, ўз сукутлари билан ҳалиги одамнинг гапини тасдиқладилар. Мавъизалари видолашувчининг мавъизаси эканлигини иқрор қилдилар. Бунинг устига, ўша одамнинг талабига биноан, ўз васиятларини бошладилар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан», дедилар.

Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганлигидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ўз васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш У Зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир. Тақводорлик маълум кийим, маълум таом, маълум макон ва маълум қўшимча ибодатлардан иборат эмас.

«Тақво» сўзининг луғавий маъноси сақланишдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Тақво (сўзи) араб тилида сертикан майдондан болдирларини очиб, ўзига тикан теккизмай ўтиб кетишни англатади», деган эканлар.

Шариатда эса тақво Аллоҳнинг айтганини қи­либ, қайтарганидан қайтишни, яъни бу дунё ҳаёти майдонидаги гуноҳ тиканларини ўзига теккизмай ўтишни англатади. Ҳамма бало-офат тақвосизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишни қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларида таъкидланган иккинчи масала бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлигидир. У зот агар ўша бошлиқ ҳабаш қул бўлса ҳам, ҳеч бошқа хаёлга бормай, унга қулоқ осиб, итоат қилишни васият қилмоқдалар. Бу Ислом таълимотидаги энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида ҳам бунга алоҳида эътибор берганлар. Бунинг маълум сабаблари бор бўлиб, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида баён қилмоқдалар:

«Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари кўп ўтмай юзага чиқди. Учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилганларидан сўнг саҳобалар ўртасида хилоф чиқди. Кейинчалик бу хилоф кучайиб, кўпгина бало-офатларга сабаб бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари ушбу ихтилофларга ишорадир.

Энди у зотнинг шундай пайтда инсон ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақидаги тавсиялари келади:

«Сизлар янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг».

Чунки бунда Китоб ва Суннатда, шариатда йўқ бўлган янги ишлар пайдо қилинади. Улар бидъатдан иборат бўлади. Ана ўшалардан сақланиш керак,

«Чунки улар залолатдир»

Залолатдан сақланиш эса ҳар бир мўминнинг бурчидир.

«Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлангиз», дедилар».

Яъни, сиздан ким ўша ихтилофлар кўп чиқадиган даврга етиб борса, ўша пайтда менинг Суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини маҳкам ушласин! Рошид халифалар деганда Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум кўзда тутилади. Баъзилар рошид халифалар қаторига улардан кейинги авлод вакили бўлган Умар ибн Абдулазизни ҳам қўшганлар. Аммо бундайлар озчиликни ташкил қилади.

Маълумки, ихтилоф чиққанда гап-сўз кўпаяди. Ҳар ким ўз ишини маъқуллашга уринади. Ҳамма ўзиникини тўғри деб ҳисоблайди. Натижада ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Бу вақтда нима қилиш керак? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаган одам адашмайди. Қолаверса, рошид (тўғри йўлда юрган), ҳидоятли (ҳидоят йўлини топган) халифаларнинг суннатини ушлаш лозим. Ушлаганда ҳам худди тиш билан тишлагандек қилиб ушлаш керак. Одатда бир нарсани авайлаб, эҳтиёт қилиб, гард юқтирмай олиб юришни «тиши билан тишлаб олиб юриш» дейилади.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатларини ҳам ана шундай қилиб ушлаш лозим экан.

Шу билан бирга, тўрт хулафои рошидинларнинг айтган насиҳатлари, тутган йўлларини ҳам суннат дейиш мумкинлигини, оғир пайтларда, ихтилофли вақтларда Суннатни маҳкам тутиш зарурлигини англаб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бомдод намозидан сўнг ваъз қилишнинг жоизлиги.

2. Ваъздан таъсирланиб, йиғлашнинг яхшилиги.

3. Гапнинг маъносига қараб, унга баҳо бериш мумкинлиги. Чунки ҳалиги саҳобий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъзлари маъносидан бу гапнинг видолашувчининг гапига ўхшашлигини тушуниб етдилар ва бу баҳони очиқ айтдилар.

4. Умри охирлаб қолганини гумон қилган кишидан васият қилишни сўраш мумкинлиги.

5. Васият қилиш сўралган кишининг васият қилиши кераклиги.

6. Аллоҳ таолога тақво қилиш ўта аҳамиятли эканлиги.

7. Бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлиги.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонлар орасидан турли ихтилофлар чиқишини олдиндан айтиб берганлари.

9. Ихтилофли пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг суннатини яна ҳам маҳкам ушлаш лозимлиги.

10. Халифаларнинг рошидлари ва норошидлари бўлиши.

11. Рошид хулафоларнинг ҳам суннати бўлиши.

12. Суннатни тиш билан тишлагандек авайлаб ушлаб юриш лозимлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Айюб алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва давоми...

2587 11:42 / 08.02.2023
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга давоми...

4233 18:30 / 23.03.2022
Икки ракат зуҳо намозининг ва ҳар ой уч кун рўза тутишнинг фазли 7тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Халилим соллаллоҳу алайҳи васаллам менга давоми...

5076 05:00 / 28.02.2017
Ислом арконлари 12тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни давоми...

12303 17:00 / 08.04.2016